Қарор ва ижро
Бухоро вилояти Жондор туманидаги 1-умумтаълим мактаби нафақат туманда балки вилоятдаги катта қамровга эга таълим масканларидан бири ҳисобланиб, ҳозирда ушбу муассасада 1645 нафар ўқувчи ёшлар таҳсил олмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги “Сифатли таълимни таъминлашда ижобий натижалар кўрсатаётган умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарияти ҳамда ўқитувчиларига устама бериш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Республика миқёсидаги умумий ўрта таълим мактаблари орасида 2024-2025 ўқув йили якунларига кўра, эришилган натижалар учун 160 кишилик жамоа бугун 30 фоизли устамага лойиқ деб топилди.
– Ҳар бир мамлакатнинг иқтисоди, келажаги, ривожланишининг фундаменти таълим. Шунинг учун шу давлатдаги ўқитувчи, педагог Ватанни, мамлакатни келажаги бўлган ёш авлодга чуқур таълим тарбия берса уни баркамол қилиб, билимли, салоҳиятли қилиб етказса, албатта, бу мамлакат ривожланади. Давлатимиз раҳбари томонидан биз устоз ва мураббийлар учун кўплаб имкониятлар яратиб берилди. Мен раҳбарлик қилаётган мактабда ҳам фарзандларимизнинг билимга бўлган чанқоқлигини сезаман. Мактабимиз янги баҳолаш тизимига ўтганига кўп бўлгани йўқ. Қўшимча таълим сифатини яхшилаш бўйича жамоамиз меҳнат қилиб, жипслашиб ўтган ўқув йилида 10 фоизли қўшимча устамага эришган бўлсак, бу йил эса 30-40 фоизга етди, – дейди мактаб директори Илҳом Рўзиев.
– Ҳозирда менда халқаро сертификат бор, – дейди ўқувчи Моҳигул Қаҳҳорова. – Ундан ташқари кўплаб фан олимпиадаларида қатнашиб юқори ўринларни қўлга киритганман. Инглиз тилини ўрганишдан мақсадим бу фақатгина сертификат учун эмас, балки ўзимни фикрлашимни ошириш учун чет элликлар билан мулоқотда бўлиш учун менга анчагина қўл келади. Айни кунда хорижда дўстларим кўп. Улар менга хорижни кўришга янада ўзимни ривожлантиришга, келажагим учун ўқишга таклиф қилишмоқда.
[gallery-25731]
Мамлакатимизда ўқитувчиларга берилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ишларининг самараси ушбу мактабда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар ҳаётида яққол сезилмоқда. Мактабнинг 64 нафар педагоглари миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритган. Бунинг натижаси ва бошқа имтиёз ҳамда устамалар ҳисобида мактабда 30 нафарга яқин ўқитувчилар айни вақтда 1000 АҚШ долларидан юқори маош олмоқда.
Жамоада шаклланган бирдамлик, нафақат таълим сифати, балки тарбия, интизом ва ижтимоий фаолликда ҳам ўз аксини топган. Ҳар бир кичик ютуқ ортида бутун жамоанинг фидокорона меҳнати туради.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.