Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Пашмон маҳалласидаги Лабирод қишлоғида яшовчи Сайидали Қодиров ўз оиласи учун барқарор даромад манбаини яратиш йўлида намунали ташаббус кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу хонадонда икки оила – жами 8 нафар фуқаро истиқомат қилади.
Сайидали Қодиров давлат томонидан тақдим этилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, 66 миллион сўмлик имтиёзли кредит асосида турмуш шароитини яхшилашга киришди. Ушбу маблағ эвазига у уч сотихли замонавий иссиқхона, уч бош қорамол, шунингдек, беш бош қўй харид қилди.
Иссиқхона йилига уч мавсумда ҳосил бериб, баракали даромад келтирмоқда. Ҳар мавсумда етиштирилаётган экинлар орасида помидор ва бодринг асосий ўринни эгаллайди. Иссиқхона билан бир қаторда чорвачилик йўналиши ҳам оиланинг қўшимча даромад манбаи сифатида хизмат қилмоқда.

Сайидали Қодировнинг бу каби саъй-ҳаракатлари нафақат ўз оиласига, балки маҳалла фуқаролари учун ҳам ибрат бўлиб хизмат қилмоқда. Бу – давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва ўз кучига таянган ҳолда ҳаётни яхшилаш йўлида ташланган муҳим қадамдир.

Бугунги кунда аҳолининг даромадини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва оилавий бюджетни мустаҳкамлашда томорқадан самарали фойдаланиш катта аҳамият касб этмоқда. Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида, айниқса, қишлоқ жойларида бундай намунали оилалар кўпайиб бораётгани қувонарли. Шундай фидокор оилалардан бири Олот туманидаги “Солоқоровул” маҳалласида яшовчи Негмат Мамедов хонадонидир.

Оила 12 сотихли томорқасидан оқилона фойдаланиб, ўз ҳаёт тарзини тубдан ўзгартирган. Томорқанинг асосий қисмини, яъни 8 сотихини олма ва нок дарахтларига ажратган бўлиб, бу ерда 120 дан ортиқ мевали дарахт парвариш қилинмоқда.

Жорий йилда оиланинг меҳнати ўз самарасини берди. 1 тоннага яқин олма ва 300 килограммдан ортиқ нок етиштириб, маҳаллий бозорларда сотилди. Маҳсулот нархи олма учун 1 килограммига 5 минг сўм, нок учун эса 10 минг сўм атрофида бўлиб, бу оилага қўшимча даромад келтирди.
Ушбу оила фақат боғдорчилик билан чегараланиб қолмаган. Томорқасида 30 та асалари уялари мавжуд бўлиб, йил давомида 500 килограммдан ортиқ табиий асал олишга бел боғланган. Асал нафақат оиланинг соғлом овқатланишида, балки қўшимча даромад сифатида ҳам хизмат қилмоқда.

– Асаларичилик сабр ва парвариш талаб қилади. Бироқ меҳнат эвазига ҳар йили соф, табиий ва бозорда қадрли маҳсулот етиштирамиз. Бу эса оила бюджетига катта ҳисса қўшади. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Бугун ўзимиз етиштирган маҳсулотни истеъмол қиляпмиз, соғлиғимиз мустаҳкам. Энг асосийси, томорқа бизга даромад келтиряпти, –дейди Негмат Мамедов.
Зариф Комилов, ЎзА