Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнатдан бахт топган қишлоқ аёли
11:06 / 2023-08-01

Яқин-яқингача қишлоқ аёли ҳақида гап кетганда аввало қўллари меҳнатда қадоқ бўлган, қуёшда юзлари қорайган, эрта-ю кеч дала ишлари билан банд меҳнаткаш ва соддадил аёллар кўз ўнгимизда гавдаланар эди. Лекин, аввалги қишлоқ аёли билан бугунги қишлоқ аёли ўртасида катта фарқ бор. Кенг дунёқараш, юксак билим ва салоҳиятга эга замонавий қишлоқ аёллари бугун жамиятнинг фаол қатламига айланиб, ўзининг шахсий позициясини кўрсатмоқда. Улар шаҳарникидан асло кам бўлмаган муносиб шароитларда яшаб, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз фикри билан иштирок этмоқда.

Қорақалпоғистонлик Муқаддас Аллаберганова ҳам замон билан ҳамнафас қишлоқ аёлларидан. У Амударё тумани Қиличбой овулида истиқомат қилади. Қаҳрамонимиз овулдаги 83-умумтаълим мактабида ўзбек тили ва адабиёти ҳамда қорақалпоқ тили фанларидан дарс беради. Айни кунларда таътил вақти бўлишига қарамай, ўқувчилари билан мушоира кечаларини ўтказиб, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этмоқда.

Бундан ташқари Муқаддас опа уй юмушларидан бўш вақтида тўқиш ва бичиш ишлари билан ҳам машғул. Уни моҳир тўқувчи, деб бемалол айтса бўлади. Ҳунари ортидан яхшигина даромад ҳам топмоқда. Шунингдек, опа ёшларга ўз ҳунари сир-асрорларини ўргатиб, “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттирмоқда. 

[gallery-12973]

Биз таъриф бераётган оддий қишлоқ аёли, шунингдек, китоб ўқишдан, ўз билими ва тажрибасини оширишдан асло чарчамайди. Муқаддас опанинг шахсий кутубхонасида 2000 дан зиёд турли бадиий ва илмий адабиётлар жамланмаси мавжуд.

Ўз касбига сидқидилдан меҳр қўйиб, келажак авлоднинг нафақат билимини, балки, дунёқарашини ҳам ўстиришга, уларга касб ва ҳунар ўргатиб, истеъдодини юзага чиқаришга ҳисса қўшаётган бу аёл оилада оналик вазифасини ҳам бекаму-кўст бажариб келмоқда. Шогирдлари билан шуғулланиб бўлгач, тандирда нон ёпади, томорқа ишлари билан шуғулланади, сигир соғади. Турмуш ўртоғи билан биргаликда барпо қилган мўъжазгина боғда ёз ва куз фаслининг сархил меваларини териб қишга озуқа ғамлайди. Меҳнатдан қўллари асло чарчамайди. Ўз меҳнатинг билан топган нон дунёдаги энг тотли неъмат эканлигини билади. Асосийси, у ўзини дунёдаги энг бахтли инсон, деб билади.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА