ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Жиззах вилоятида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Арнасой ва Пахтакор туманларида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган қатор лойиҳалар йўлга қўйилган.
Жумладан, Арнасой туманида “Шерзод илғор агро” фермер хўжалиги ҳудудидан ёшлар учун 6 гектар ер майдони ажратилиб, брокколи карамини етиштириш ташкил этилди. Ғалла ўримидан сўнг бўшаган майдонга ўтган йил август ойида 450 минг дона брокколи карами кўчатлари экилган эди.
Қисқа муддат ичида экин тўлиқ ҳосилга кириб, айни пайтда йиғим-терим ишлари жадал давом этмоқда. Ҳозирга қадар икки марта терим амалга оширилиб, жами 13 тонна сифатли маҳсулот олишга эришилди. Бир гектар майдон учун ўртача 32 миллион сўм харажат қилинган бўлиб, гектаридан 15 тоннагача ҳосил олишга эришилаётир. Ҳосил йиғими ҳали давом этмоқда.
[gallery-27235]
– Устоз-шогирд анъанасини давом эттирган ҳолда ёшлар билан елкама-елка туриб меҳнат қилдик, - дейди “Шерзод илғор агро” фермер хўжалиги раҳбари Шукурбой Шомуродов. – Ёшлар экишдан тортиб парвариш ва йиғим-теримгача бўлган барча жараёнларда фаол иштирок этди. Айни кунда ушбу самарали меҳнатлари эвазига даромадлари ҳам ошган. Брокколи карами даромади тез, совуққа чидамли ва ҳосилдор экин бўлгани сабаб деҳқончиликка қизиқиши бор ёшларга бу фаолиятни тавсия қиляпмиз.
Шунингдек, Пахтакор туманида ҳам миришкор ёш деҳқонларнинг “Agrobank” АТБ Пахтакор филиали ташаббуси билан ижарага олинган ер майдонларида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 5 гектар ерда гулкарам етиштирилди. Ҳар бир гектардан ўртача 15-20 тоннадан ҳосил олинмоқда. Лойиҳа доирасида “Пахтакор шодаси экспорт” қишлоқ хўжалиги кооперативи масъул этиб белгиланиб, ижарачиларга малакали агроном бириктирилди. Барча агротехник тадбирлар мутахассислар тавсияси асосида амалга оширилди.
Етиштирилган гулкарам Россия ва Қозоғистон бозорларига, шунингдек, ички бозорга етказиб берилмоқда. Маҳсулотнинг 1 килограмми ўртача 6-8 минг сўмдан сотилиб, ҳар бир ижарачи 120-160 миллион сўм атрофида даромад олди. Шу билан бирга, тумандаги қатор фермер хўжаликларига қарашли қўшимча 15 гектар ер майдонларида ҳам гулкарам етиштирилиб, маҳсулот ички ва ташқи бозорга йўналтирилмоқда.
Қайд этиш жоиз, вилоятда ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 5 минг 726 нафар ёш деҳқончилик билан шуғулланиб, улар етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларда сотилиши йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳалар ёшларни қишлоқ хўжалигига кенг жалб этиш, меҳнат орқали барқарор даромад манбаларини шакллантириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА