Қашқадарё вилоятида аҳолини, хусусан, ёшларни бандлик билан таъминлаш, уларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Қарши шаҳрида навбатдаги “Ишга марҳамат” бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Бу галги тадбир вилоят ҳокимлиги, Касаба уюшмалари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди. Унинг асосий мақсади маҳаллалардаги ишсиз ва уюшмаган ёшлар, шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини намоён этишга ёрдам беришдан иборат бўлди.

Ярмаркада Қарши шаҳрида фаолият юритаётган 35 та корхона ва ташкилот томонидан 709 та бўш иш ўрни таклиф этилди. Тадбирда 300 нафарга яқин ишсиз фуқаро иштирок этди. 69 нафар фуқаро ишга жойлашиш учун йўлланма олган бўлса, 8 нафар аёллар ва ёшлар касб-ҳунарга ўқишга йўналтирилди. 20 нафар фуқарога меҳнат миграцияси юзасидан тушунтиришлар берилди. 45 нафар фуқарога меҳнат қонунчилиги ва имтиёзли кредитлар бўйича маслаҳатлар тақдим этилди.

– Бу каби бўш иш ўринлари ярмаркаларини тез-тез ташкил қилиб туриш тарафдориман. Сабаби мен каби иш қидириб юрган ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ярашбек Ғайратов. – Масалан, ўзим жорий йилда ЎзМУнинг тарих факультетини тугатганман. Бир-иккита жойларга иш сўраб мурожаат қилдим, лекин натижа бўлмади. Бугунги ярмарка эса айни муддао бўлди. Қарши шаҳридаги хусусий олий таълим муассасасига тарих фани ўқитувчиси сифатида ишга жойлашдим. Бундан жуда хурсанд бўлдим.

Ярмарка жараёнида ишсиз ёшлар иш берувчилар билан тўғридан-тўғри суҳбатдан ўтиш, ҳужжатларини топшириш ва ўзига муносиб иш ўрнини танлаш имкониятига эга бўлди. Бу эса меҳнат бозоридаги икки асосий қатлам иш қидираётган фуқаро ва мутахассис излаётган корхона ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилди.

Айнан шундай тадбирлар орқали кўплаб ёшлар ўз ҳаёт йўлини топмоқда, малака оширмоқда ва нафақат иш, балки истиқболга йўл очмоқда. Бундан ташқари, ярмарка доирасида кўплаб маслаҳатлар, ҳуқуқий тушунтиришлар, касб йўналишлари бўйича маълумотлар ҳам тақдим этилди. Бу эса ёшлар учун нафақат иш, балки шахсий ривожланиш учун ҳам катта имкониятдир.
Тадбир ташкилотчилари таъкидлашича, бундай меҳнат ярмаркалари доимий равишда ўтказилиб борилади. Чунки иш билан бандлик фақат иқтисодий муаммо эмас, балки ижтимоий барқарорлик ва жамият тараққиёти учун ҳам муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, ёшларнинг ишли бўлиши уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётга реал қараш билан ёндашишини таъминлайди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири