Аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда фуқаролар бандлигини ошириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Хонобод шаҳрида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирда шаҳар ҳокими, прокуратура, ички ишлар бўлими, солиқ инспекцияси, бандлик бўлими мутасаддилари, маҳалла еттилиги аъзолари ҳамда фуқаролар фаол иштирок этди.
Ярмаркада шаҳар ҳудудида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда касб-ҳунар йўналишлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этди. Иштирокчилар ўз мутахассисликларига мос иш ўрнини танлаш имкониятига эга бўлди.
Тадбир доирасида ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, пробация ҳисобида турган шахсларни даромадли фаолиятга йўналтириш, алимент тўловчилари ва ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу орқали аҳоли даромадини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи амалий чоралар белгиланди.
[gallery-26085]
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, бундай ярмаркалар нафақат иш қидираётган фуқаролар учун, балки маҳаллий корхона ва ташкилотлар учун ҳам малакали кадрларни топишда муҳим аҳамият касб этади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА