25 майдан бошланган 64-Халқаро “Гуллар фестивали” муносабати билан Наманган эртакнамо шаҳарга айланган десак, муболаға бўлмайди.
Фестиваль доирасида “Namangan-Tech Summit” IT форуми ташкил этилди ва унда IT соҳасидаги муваффақиятли стартаплар, соҳа мутахассислари, дастурчилар, экспортга йўналтирилган корхоналар, таълим резидентлари фаолиятига доир тақдимотлар ҳам ўтказилди.


Шу билан бирга “IT-JOBS” меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Ярмаркада ўндан ортиқ тизим ташкилотлар, IT экспорт билан шуғулланувчи компаниялар, IT таълим резидентлари 100 дан зиёд бўш ўринлари билан иштирок этди. Меҳнат ярмаркасида ёшлар, битирувчи талабалар фаол қатнашиб, ўзларига муносиб иш ўринлари билан танишди.


Форум доирасида IT-Парк Наманган вилояти филиали ҳамда Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида “Ideathon-2025” мусобақаси ўтказилди. Унда 32 та жамоадан сараланган 20 та стартап лойиҳалар тақдим этилди.
Ғолиб деб топилган учта жамоа қимматбаҳо совғалар, ташаккурнома ва “Coursera” платформасида бепул ўрганиш имкониятини берувчи ваучерлар билан тақдирланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА.