Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат ярмаркаларда янги таклифлар билдирилмоқда
15:28 / 2025-07-16

Оққўрғон туманида жойлашган “Ишга марҳамат” касбий кўникмалар марказида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Судьялар Олий кенгаши ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган тадбирда туман-шаҳарлардаги 200 га яқин корхоналар ўзларидаги 4 минг 42 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Ярмарка давомида иштирокчилар ишсиз ёшлар, банд бўлмаган аёлларнинг 700 нафари ишга жойлашиш бўйича йўлланмаларга эга бўлди. Шу билан бирга, мутахассислар томонидан аҳолига меҳнат муносабатлари, амалдаги қонунчиликка оид янгиликлар ва касбий йўналишлар бўйича маслаҳатлар ҳам берилди. “Ишга марҳамат” марказида касбий тайёргарлик курслари ҳамда корхоналарга турлар ташкил этилди. 

– Очиғи, иш топишга ишонмагандим, – дейди Юқори Чирчиқ туманида яшовчи Б.Раҳимқулов. – Кичик бизнес ва савдо соҳаларига қизиқаман. Шу сабабли Чиноз туманидаги салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхонага ишга жойлашдим. Мутахассислар иш жараёнлари ва қулайликлар, ойлик маош масалаларини тушунтирди. Ўзим ҳам шу соҳани ўрганиб, келгусида ўз тадбиркорлигимни ташкил қилмоқчиман. 

Таҳлилларга кўра, ҳозир вилоят миқёсида жами корхона ва ташкилотларнинг 35 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари мавжуд. Бироқ 50 минг нафарга яқин турли тоифадаги ишсиз аҳоли борлиги аниқланган. Шу туфайли уларнинг истак ва таклифлари ўрганилмоқда. Жорий йил бошидан бери ҳудудларда ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 3 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. 

– Муаммолардан бири, корхоналардаги мавжуд мутахассисликларга ишчиларнинг малака ва тажрибаси тўғри келмайди. Меҳнат ярмаркаларида айнан шу жиҳатларга эътибор қаратган ҳолда икки томонга ҳам самарали бўлишига ҳаракат қилинмоқда. Ўз навбатида жойлардаги касбга ўқитиш марказлари масъуллари ҳам бу ярмаркаларда корхоналар вакиллари билан гаплашиб, қайси йўналишда малакали ходимларни тайёрлаш борасида келишиб олмоқда, – дейди Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдашов. 

А.Мусаев,ЎзА.