Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев Сирдарё туманининг “Шоликор” маҳалласи ҳудудидаги “Меҳнат” болалар ёзги оромгоҳи негизида бунёд этилаётган мажмуа лойиҳаси билан танишди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари эвазига янгича қиёфа касб этадиган оромгоҳ 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, фойдаланишга топширилгач, йил давомида болаларнинг мириқиб ҳордиқ олишига хизмат қилади. Қарийб олти гектар майдонда барпо этилаётган мажмуанинг янги лойиҳасида замонавий тўгарак хоналари, Ахборот-ресурс маркази, маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар учун амфитеатр, тиббиёт маскани, сузиш ҳавзаси, спорт майдончалари, барча қулайликларга эга бўлган бешта ётоқхона биноси, ошхона ўрин олган.
Мазкур лойиҳа билан танишиш жараёнида вилоят раҳбари томонидан фойдаланилаётган қурилиш материалларини ҳудуд иқлим шароитига мосини танлаш, қурилиш ишларини жадаллаштириш, майдондаги мавжуд яшилликни сақлаб қолиш бўйича топшириқлар берилди.
Ш.СУЯРОВ, ЎзА