Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат қонунчилигини бузган 21 нафар мансабдор шахсга маъмурий жарима тайинланди
15:23 / 2022-10-13

Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бош Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулруҳ Ниязметова иштирокида брифинг ўтказилди. 
 
Мутахассиснинг маълум қилишича, жорий йилда пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан қатъий назоратни таъминлаш мақсадида республика бўйлаб 350 дан ортиқ меҳнат инспекторлари ўз ҳудудида, шу билан бирга, республика даражасида 50 нафар меҳнат инспекторларидан иборат Ишчи-гуруҳлар ташкил этилиб, барча ҳудудларда умумий назорат олиб бормоқда. 
 
Жорий йилда 20 нафар мустақил кузатувчиларга пахта йиғим терими мавсумида меҳнат қонунчилигига риоя этилишини эркин мониторинг қилиш имконияти яратилди. 
  
Бугунги кун ҳолатига 1 миллион 527,2 минг нафар фуқаро меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида пахта йиғим-теримда кўнгилли равишда иштирок этмоқда, шунингдек пахта йиғим теримида иштирок этиш истагида бўлган фуқароларни электрон рўйхатга олиш мақсадида terim.mehnat.uz сайти ишлаб келмоқда. 
 
Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида 7 минг 942 та тарғибот тадбирлари, шундан, фермер хўжаликлари ва кластерларда 3051 та, таълим муассасаларида 1 минг 341 та, соғлиқни сақлаш тизимида 554 та, маҳаллаларда 1 минг 880 та ҳамда бошқа ташкилотлар ва аҳоли ўртасида 1 минг 116та тушунтириш ишлари олиб борилиб, унда 512 минг 400 нафар фуқаролар иштирок этди. 
 
Вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси тажрибали ходимларидан ташкил топган Ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудларда бугунги кунга қадар 10 минг 735 та мониторинг тадбирлари ўтказилди. Шу билан бирга, Давлат меҳнат инспекциясига пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 64 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, калл-марказ орқали 40 та, ижтимоий тармоқлар орқали — 23 та ҳамда 1 та ёзма мурожаатлар келиб тушган. 
 
Ўтказилган мониторинглар ва мурожаатларни ўрганиш натижасида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 21 нафар мансабдор шахсга маъмурий жарима тайинланди. 4 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 13 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмагани, 4 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. 
 
Шунингдек, аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан 65 та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатмалар киритилди. 


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА