Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат қонунчилигига қандай риоя этилмоқда?
16:41 / 2025-12-19

Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирига меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида давлат идоралари, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини таъминлаш, адолатли ҳақ тўланиши ва меҳнат муносабатлари шаффофлигини кучайтиришга қаратилган 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.  

Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар меҳнат муносабатларини демократик ва инсонпарвар тамойиллар асосида такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 12 минг 840 давлат назорати тадбири ўтказилиб, 28 минг 801 қонун бузилиш ҳолати аниқланган.  

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида мансабдор шахсларга 5 минг 715 ёзма кўрсатма ва 150 тақдимнома киритилган. Шунингдек, норасмий бандликни қисқартириш мақсадида 15 минг 180 корхона хатловдан ўтказилиб, 69,5 минг иш ўрни расмийлаштирилган.

Сенаторлар айрим йўналишларда ҳал этилиши зарур бўлган жиддий муаммолар мавжудлигини ҳам таъкидлади. Жумладан, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари ўтган йилга нисбатан 32 фоизга камайгани соҳадаги ҳуқуқбузарликлар ошишига хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди.  

Иш жойларида техник хавфсизлик талабларига амал қилинмагани оқибатида 524 бахтсиз ҳодиса рўй бериб, 806 нафар ходим жабрланган. Улардан 139 нафари ҳалок бўлган, 417 нафари оғир, 250 нафари енгил тан жароҳати олгани ҳолатнинг жиддийлигидан дарак беради.

Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари сифатида иш берувчилар томонидан соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларининг яратилмагани, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашдаги етишмовчиликлар, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилинмагани ва ходимларнинг хавфсизлик маданиятига эътиборсизлиги келтириб ўтилди. Қонунбузарликлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 61 жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, давлат ташкилотлари томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклашга оид 261 суд қарори ўз вақтида ижро этилмагани, бу эса аҳоли норозилиги юзага келишига ва давлат бюджетидан қўшимча харажатларга сабаб бўлгани сенаторлар томонидан танқид қилинди.

Муҳокама якунида парламент сўрови натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, меҳнат қонунчилиги ижроси ва меҳнат ҳуқуқларининг кафолатланишини кучайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА