French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат қонунчилигига ўзгаришлар киритиш зарурати бор
14:38 / 2022-02-05

Фуқароларнинг иш билан таъминланиши уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг зарурий шартларидан биридир.

 Шунинг учун ҳам иш ўрни яратиш билан бир қаторда ишлаётган ходимлар манфаатларини муҳофазалаш, уларни асоссиз ишдан бўшатмаслик ҳақидаги меъёрлар қонунчилигимизда муҳим ўринга эга.   

Меҳнат қонунчилиги ҳам давр тоқозосидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилиши керак. Шу нуқтаи назардан иқтисодий соҳадаги ўзгаришлар меҳнат қонунчилигига ҳам ўзгаришлар киритишни тақозо қилмоқда. 

Хусусан, ишдан четлаштириш механизмини бозор иқтисодиёти меҳнат шартномаси тарафларининг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурати туғилмоқда. 

Мазкур механизм турли давлатларда турлича қўлланилади ва турлича мақсадларни кўзлайди. Кўпчилик давлатлар меҳнат қонунчилигида ишдан четлаштиришга легал таъриф берилмаган. Хусусан, Россия, Қозоғистон, Тожикистон меҳнат қонунчилигида ҳам мазкур тушунчага қонуний таъриф берилмаган. 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддасида ишдан четлаштириш асослари мустаҳкамланган. Мазкур модданинг биринчи қисмига кўра ходимни ишдан четлаштиришга, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари йўл қўйилмайди. 

Мазкур қоида бизга бир нечта хулосага қилиш имконини беради. Биринчиси, бу меҳнат муносабатларида “ишдан четлаштириш” деган тушунчанинг мавжудлиги. Иккинчиси, ишдан четлаштириш учун қонуний асосларининг бўлиши ҳисобланади. Учинчиси, иш берувчи ишдан четлаштириш қонунда белгиланган асосларидан ташқари бундай чорани қўллашга ҳақли эмас ва бундай асослар меҳнат шартномасига киритилиши ходимнинг ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади. 

Мазкур модданинг иккинчи қисмига кўра, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келган ходим шу куни (сменада) ишга қўйилмайди. Ходимнинг маст ҳолда эканлиги тиббий гувоҳлантириш ҳужжатлари асосида, унинг иложи бўлмаган тақдирда эса, гувоҳлар иштирокида тузилган далолатномага кўра исботланиши мумкин. 

Мажбурий тиббий кўрикка оид қоидалар Меҳнат кодексининг 214-моддасида ўз аксини топган. Мазкур моддага асосан иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан қуйидаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт: ўн саккиз ёшга тўлмаганлар; олтмиш ёшга тўлган эркаклар, эллик беш ёшга тўлган аёллар; ногиронлар; меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар; озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар; умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.

Ушбу модданинг учинчи қисмига асосан мазкур ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмаслар. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақли. 

Кўриниб турганидек, Меҳнат кодексининг 113-моддаси ва 214-моддаси ишдан четлаштириш масаласида умумийликка эга. Ҳар икки модданинг қоидаларида тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаш ходимни ишдан четлаштириш асоси сифатида қайд этилган.

Шу ўринда меҳнат қонунчилигига, хусусан, ишдан четлаштириш асосларига оид қўшимчалар киритилганлигини таъкидлаш ўринли. 

Хусусан, 2021 йил 2 августдаги “Ўзбекистон  Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгаришлардан бири бу Меҳнат кодексининг 113-моддаси “ишдан четлаштириш” нормасига киритилган ўзгариш ва қўшимчалардир. 

Ушбу моддага киритилган қоидаларга мувофиқ, карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли. 

Бундан ташқари, бошқа қонун ҳужжатларида ҳам ишдан четлаштириш асослари келтириб ўтилган. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 255-моддасида процессуал мажбурлов чораси сифатида лавозимдан четлаштириш қўлланилиши ҳақидаги қоидалар аксини топган. Мазкур модданинг биринчи қисмига кўра, башарти айбланувчи, судланувчи ўз иш жойида қолса, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, улар лавозимидан четлаштирилиши мумкин.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, меҳнат қонунчилиги ва жиноят процессуал қонунчилигида ушбу термин икки хил қўлланилади, яъни “ишдан четлаштириш” ва “лавозимдан четлаштириш” шаклида. Ишдан четлаштириш лавозимдан четлаштиришга нисбатан кенгроқ тушунча ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан жиноят процессуал қонунчиликни ҳам ишдан четлаштириш терминидан фойдаланиши мақсадга мувофиқдир. 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, миллий меҳнат ҳуқуқида ишдан четлаштириш ва меҳнат шартномасини тўхтатиб туриш тушунчаларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд. 

Мазкур икки тушунчанинг ишлаб чиқилиши меҳнат шартномаси институтини янги қоидалар билан бойитишга сабаб бўлади. Бу ходимлар учун меҳнат муносабатларидаги салбий оқибатларнинг бартараф этилишига олиб келади. Меҳнат ҳуқуқининг превентив функцияси ўзини янада яққол намоён этади ва меҳнат шартномасининг ҳар икки тараф учун нохуш оқибатларни бартараф қилишга хизмат қилади.

Ҳусан Элмуродов, 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни 

ўрганишни оммалаштириш агентлиги бош юрисконсульти.

ЎзА