Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мeҳнат қонунчилигида ҳақ тўланадиган мeҳнат таътилларини бeриш тартиби қандай?
09:25 / 2022-07-22

Меҳнат кодексининг 133-моддасида мувофиқ, барча ходимларга, жумладан, ўриндошлик бўйича ишлаётган ходимларга ҳам дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади.

Иш жойи (лавозими) сақланиши деган тушунча меҳнат таътилида бўлган вақтида ходимни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказиш мумкин эмаслигини, шунингдек у билан тузилган меҳнат шартномаси ана шу муҳлат мобайнида иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эмаслигини англатади. Ходим меҳнат таътилида бўлган даврида белгиланган тартибда ариза беришга ва ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини таътил тугагунига қадар бекор қилишга ҳақлидир. Агар муддатли меҳнат шартномасининг тугаш муддати таътил даврига тўғри келиб қолган, тарафлар эса унинг амал қилиш муддатини узайтириш хусусида келишувга эришмаган бўлсалар, бундай меҳнат шартномаси таътил вақтида бекор қилиниши мумкин.

Меҳнат шартномаси тузган ҳамда иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларни йўлга қўйган ҳар бир ходим муддати қонун ҳужжатларида белгиланган йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга. Ходимларнинг йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқи иш жойига, бажарадиган меҳнат вазифасига, корхонада амалга оширилаётган хўжалик фаолияти асосланган мулк шаклига, меҳнат шартномаси муддатига, иш вақти режимига ва шу кабиларга боғлиқ эмас.

Маълумки, илгари меҳнат таътили олиш ҳуқуқидан вақтинча ишлаётган ва мавсумий ишларда ишлаётган ходимлар фойдаланмас эдилар. Ҳозирда ушбу тартиб бекор қилиниб, уларнинг ҳам йиллик меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқлари берилган.

Йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқидан ўриндошлик асосида ишлаётганлар ҳам асосий, ҳам ўриндошлик иши бўйича, касаначилик қилаётган ходимлар, айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган шахслар, маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналарга жамоат ишларини бажариш учун белгилаб қўйилган минимал иш жойлари миқдори ҳисобидан юборилган ходимлар ҳамда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бошқа шахслар, шунингдек ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар умумий асосларда фойдаланадилар.

Меҳнат кодексининг 139-моддасида календарь бўйича ходимнинг таътильда бўлиши муддатини ҳисоблаб чиқаришнинг умумий қоидаси мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур моддага мувофиқ, таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига иш кунлари деб ҳисобланмайдиган байрам кунлари тўғри келиб қолса, таътил муддатини ҳисоблашда бу байрам кунлари ҳисобга олинмайди. Бундай тартиб ҳам беш кунлик, ҳам олти кунлик иш ҳафтаси режимида таътилларнинг бир хил муддатли бўлишини таъминлайди. Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга, шу жумладан узайтирилган таътилларга ҳам қўшиб жамланади.

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетмаслиги керак. Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил йили билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб олинади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 133-моддасида мувофиқ, барча ходимларга, шу жумладан, ўриндошлик бўйича ишлаётган ходимларга ҳам дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақлаган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Меҳнат кодексининг 134-моддасига асосан йиллик асосий таътилнинг муддати камида 15 кун иш кунидан иборат қилиб белгиланган.

Йиллик меҳнат таътили давомийлиги қонунчиликда белгиланган муддатдан кам бўлмаган ва ходимларга ҳар йили ўртача иш ҳақи ва иш жойи сақланган ҳолда узлуксиз дам олиш ҳамда иш қобилиятини тиклаш учун тақдим этиладиган муайян вақтдир.

Барча ходимларга, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишловчиларга ҳам йиллик меҳнат таътили берилади. Ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътилини олишга бўлган ҳуқуқдан мулк шаклидан ҳамда меҳнат муносабатларининг доимий, муддатли, мавсумий хусусиятидан қатъи назар бара ходимлар фойдаланишга ҳақлидирлар.
 

Дилфуза Абдуллаева, 
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси доценти в.б.,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)