Серқуёш заминимиз ҳақида “унумдор тупроғига чўп қадасанг ҳам кўкаради” дейилиши бежиз эмас. Табиатнинг мусаффолиги, тупроқ ва сувининг баракаси боис юртимизда етиштирилаётган ҳар қандай маҳсулотнинг мазаси ҳам, сифатининг шуҳрати ҳам ўзгача.
Қашқадарё вилоятининг тоғ олди ҳудудларидан бири – Китоб тумани ҳам ана шундай имкониятларга эга. Бу ерда, айниқса, боғдорчилик ривожланган. Туманда етиштирилган узум, олма, анор ва бошқа меваларнинг таъми нафақат мамлакатимиз бозорларида, балки хорижда ҳам катта талабга эга.
Айниқса, узумчиликка алоҳида эътибор қаратиш мумкин. Айни кунларда туманнинг унумдор ерларида етиштирилган узумлар ғарқ пишиб, ҳосил мавсуми авжига чиққан. Ҳар қайси узумзорнинг ёнидан ўтсангиз, қўлида қайчи, елкасида челак билан ҳосил теришга машғул бўлган ҳашарчиларга дуч келасиз.
Тумандаги Искана қишлоғи эса узумчилик билан танилган ҳудудлардан. Бу ернинг деҳқонлари томонидан етиштирилган тоифи навли узумлар бир неча йилдан бери хориж бозорларини забт этиб келмоқда. Ҳатто ҳосил ҳали тайёр бўлмасиданоқ харидорлар келиб, шартнома тузиб кетади.
[gallery-25459]
Шундай тажрибали боғбонлардан бири – Бурхон Муродов. Унинг айтишича, 1995 йилдан бери шу токзорда оилавий меҳнат қилиб келмоқда.
– Илгари бу ердаги токлар ерга ётқизиб парваришланарди. Кейин бетон устунлар қўйиб, сим тортдик. Бу усул ҳосилдорликни оширишга катта ёрдам берди. Ҳозир 75 сотих токзоримиздан 15-16 тонна атрофида узум оламиз. Даромад ҳам ёмон эмас, 70-80 миллион сўмга яқин, – дейди боғбон.
Бурхон ака асосан тоифи навини экишини айтади. Шу билан бирга, ҳусайни, қорагўзал, султони каби машҳур навлар ҳам бор. Кейинги йилларда эса замонавий, экспортбоп навларни олиб келиш ва улар ҳисобига узумзорни янгилаш ниятида. Бу борада у Самарқанд ва водий вилоятлари боғбонлари билан тажриба алмашиб турибди.
Узумзордаги ишлар оилавий меҳнат асосида олиб борилади.
– 30 йилдан бери турмуш ўртоғим билан елкадош бўлиб меҳнат қиламиз, – дейди боғбоннинг аёли Комила Мўминова. – Биз аёллар токларни хомток қилиш, новдаларини симбағазга боғлаш ва ҳосилни йиғиш ишларини амалга оширамиз. Меҳнатимиздан ҳеч нолимаймиз. Чунки меҳнат қилсанг, баракаси ҳам бўлади. Шу боис фарзандларимизни ўқитяпмиз, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Қатор ораларига картошка, пиёз, сабзи ҳам экиб, оила эҳтиёжини қондиряпмиз.
Дарҳақиқат, астойдил меҳнат қилинса, унинг самараси ҳам баракали бўлади. Китоб туманида Бурхон ака каби ўз меҳнати орқали турмушини фаровон қилган боғбонлар талайгина. Улар билан суҳбатлашсангиз, маҳсулотларининг экспорт қилинаётгани, оиласида фаровонлик ортиб бораётгани ҳақида фахр билан сўзлаб беради. Бу эса қишлоқда меҳнатнинг қадри ва баракасини янада юксалтирмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NPR4eWJPARc" title="Mehnat qilsang, barakasi ham bo‘ladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА