Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат қилган элда азиз...
10:55 / 2022-11-17

Томорқадан фойдаланиб, мўл даромад олишни мақсад қилган инсонлар иссиқхона қуриб, самарали меҳнат билан бир йилда тўрт маротаба ҳосил олмоқда. Хусусан, шўрчилик 74 ёшли отахон Йўлдош Жўраев Шўрчи туманининг «Жойилма» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Унинг 9 сотих иссиқхонасидаги 100 туп лимон ҳосилга кирган.

– Бир йилда лимоннинг ўзидан 40-45 миллион сўмгача даромад оламиз, – дейди Йўлдош ота.– Фарзандларим, набираларим билан биргаликда иссиқхонада меҳнат қиламиз. Оилавий даромадимиз ошиб борганига қизиқиб, томорқамизнинг яна 4 сотихига иссиқхона қурдик. Меҳнат қилганни ер қуруқ қўймайди. Ўн икки ойда 4 маротаба ҳосил олиш тажрибасини амалиётда синаб кўрдик ва йиллик даромадимизга янги машина олишни ният қилдик. 20 нафарга яқин шогирдим бор, улар ҳам менинг тажрибамни ўрганиб, лимончилик билан шуғулланмоқда.

Дарҳақиқат, томорқа маданиятига эътибор фаровонлик демакдир. Маҳалла аҳлини томорқадан самарали фойдаланиб, яхшигина даромад олишга ундаётган Йўлдош ота Жўраев янги иссиқхонасига лавлаги уруғларини қадаганига эндигина уч кун бўлди. Оила вакиллари ҳам бўш қолдик дегунча, меҳнат қилишни, иссиқхонага экилган маҳсулотларни парвариш қилишни хуш кўришади.

– Бўш ерлардан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича амалга оширилган тарғибот ишларимиз ўз самарасини бераётир, – дейди «Жойилма» маҳалласи раиси Мўмин Саломов. – Маҳалламиздаги ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона бор. Йилнинг тўрт фаслида барча сабзавотлар муҳайё. Ер билан тиллашиб, кетмон билан ошно бўлган +асан Менгноровнинг тажрибаси маҳалламиз аҳолиси учун қўл келмоқда. Даставвал 5 сотих томорқасида иссиқхона қуриб, помидор, бодринг кўчатларини парвариш қилган Х.Менгноров яқинда яна 4 сотих томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, гул карам кўчатларини экиб чиқди. Ушбу гулкарамлар февраль ойида бозор расталаридан ўрин олади.

Албатта, меҳнат қилган – элда азиз. Бугун ушбу меҳнаткаш инсонлар томорқадан мўл ва сифатли ҳосил олиш, рўзғори учун фойда келтириш борасида туман аҳлига намуна бўлмоқда.



Нигина ШОЕВА, 

журналист