Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Меҳнат ортидан роҳат кўряпман”
12:02 / 2025-08-28

Давлат мукофоти совриндорлари

Ишнинг ўзини билгандан кўра, кўзини билган яхши. Буни омилкор фермерлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Одоқжонбўз маҳалласида яшовчи Шерзод Маҳматмуродовнинг суяги деҳқончиликда қотган. Томорқасида доим деҳқончилик қилиб, маҳсулот етиштириб бозорларга сотиш орқали тирикчилик қилиб келарди. Ушбу фаолиятни янада кенгайтириш мақсадида 2018 йилда яхши ният билан  “Нурманова Хуршида” сабзавотчилик фермер хўжалигини ташкил қилди ва оилавий меҳнат қила бошлади. Картошка, пиёз, сабзи, шолғом, помидор каби сабзавотлар етиштириб, ички бозорларга чиқара бошлади. Даромад кўпайиб, манфаатдорлик ошгач, фаолиятини янада такомиллаштиришни мақсад қилди.  

[gallery-25004]

Илгари йилига бир марта ҳосил олган бўлса, эндиликда йил давомида ерни бўш қўймай уч маротаба ҳосил олишнинг уддасидан чиқмоқда.  

Ташаббускор фермер ҳақида мақола ёзиш мақсадида манзилга борар эканмиз, деҳқонни даладан топдик. Иккинчи ҳосил сифатида экилган тарвузларнинг айни пишган пайти экан. Терим авжида. Қўшни вилоятлардан келган харидорлар маҳсулотларни машинага юклаш билан банд.  

“Ҳорманг” дея деҳқонни суҳбатга чорлаймиз.

– 2018 йил 18 гектар майдонда сабзавотчилик фермер хўжалигини ташкил қилган эдим. Шундан буён ажратилган ерга картошка, пиёз каби полиз экинларини экиб келдим, – дейди Шерзод Маҳматмуродов. – 2022 йилга бориб, 2 гектар майдонга экспортбоп брокколли карами экдим. Даромади яхши бўлди. Кейинги йил 10 гектар жойга экдим. Экспортимиз анчагина самарали бўлди. Бир йилда уч марта ҳосил олишга эришяпман. Ҳозирги кунда карамнинг брокколли, оқгулкарам каби турларини экишни бошладик. Ҳудудимиздаги 100 нафаргача аҳолининг мавсумий бандлигини таъминлаб келяпман. Мана шу кўриб турган тарвуз иккинчи ҳосил. Буни йиғиштириб, ўрнига брокколли карамни экишни бошлаймиз.  

Ерни боқсанг, ер сени боқади, деган нақл бежизга айтилмаган. Керакли маҳаллий ва менерал ўғитлар вақтида солиниб, экиннинг парвариши тартиб билан амалга оширилса, айтилган ҳосилни олиш мумкин эканлигини Шерзод Маҳматмуродов ўз фаолиятида кўрсатиб келмоқда. У нафақат ўзи, балки ҳудуддаги 80 та деҳқон хўжалиги эгаларини бир жойга жамлаб, кооперация ҳам тузган. Аниқ кўрсатма ва тавсиялар орқали уларнинг ҳам еридан яхшигина даромад олишига кўмаклашмоқда.

– Ҳозирги кунда 28 гектар ерим бор, – дея фикрини давом эттиради деҳқон. – Бундан ташқари атрофимдаги фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган майдонларига ҳам такрорий экин сифатида маҳсулот етиштиряпман. 80 та деҳқон хўжаликларини бирлаштириб, кооперация услубида сабзавот етиштиришни давом эттиряпмиз. Уларнинг далаларига ҳам экспортбоп карам экишни йўлга қўйганмиз. Ўтган йили брокколи карамини бир миллион доллардан зиёд қийматда экспорт қилганмиз. Бугунги кунда ушбу кўрсаткични 2 миллион долларга чиқаришни мақсад қиляпмиз.

Меҳнат қилган киши борки, албатта барака топишини ўзига дастуриламал қилиб олган деҳқон 6 гектар жойга экилган баҳорги саримсоқпиёз ва картошканинг гектаридан 35 тоннадан ҳосил олиб, ички бозорга чиқарди.  Ўрнига экилган тарвуз айни пайтда тайёр бўлган. Уни йиғиштириб олгач, ўрнига яна карам экилади. Шу тарзда ишлар босқичма-босқич давом этаверади. Бошқа майдондаги иккинчи ҳосил сифатида экилган “оқпар” навли булғор қалампирлари ҳам пиша бошлаган.  

– Қашқадарёнинг тупроғига нимаики экманг, униб ўсаверади, – дейди Шерзод ака. – Фақат чин дилдан меҳнат қилиш керак. Юқори натижаларга эришишимизнинг ортида меҳнат ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлови ётибди. Буни ўз фаолиятим мисолида кўриб турибман. Масалан, бугунги кунда яратилган имкониятлардан фойдаланиб, хорижлик ҳамкорлар билан келишган ҳолда брокколли карамини тўғридан-тўғри экспорт қиляпмиз. Яхшигина даромад кўряпмиз. Имтиёзли нархларда кредит маблағлари олиб, ишимизни битиряпмиз.  

Албатта, ҳар қандай меҳнатнинг рағбати бўлади. Камтарона меҳнатлари эътиборга олиниб, Шерзод  Маҳматмуродов давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу хушхабарни эшитар экан кўзларига хурсандчилик ёшлари қалқди. Меҳнатдан ҳориган тани қайтадан кучга тўлди. Кетмонни елкага ташлаб яна далага отланди...  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),  

ЎзА мухбирлари