Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат муҳофазаси: халқаро стандартлар миллий қонунчилигимизга жорий этилади
13:35 / 2023-01-24

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Мазкур қонун лойиҳаси қуйи палатанинг жорий йил 10 январь куни бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди, — деди депутат Нодир Тилаволдиев. — Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан келиб тушган қатор таклифлар асосида ҳужжат матнига таҳририй ўзгартишлар киритилди.  

Хусусан, қонун номидаги “ишчилар” жумласи мамлакатимизнинг бандлик соҳасидаги қонунчилигидан келиб чиқиб, “ходимлар” сўзига ўзгартирилди. Шундан келиб чиқиб, Халқаро меҳнат ташкилотининг 148-сонли Конвенциясининг ўзбек тилидаги матни ҳам Ўзбекистон Республикасининг меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқлаштирилди.  

[gallery-10353]

Мазкур Конвенцияга қўшилиш Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳамкорлигида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчилигимизга жорий этиш бўйича изчил чораларни кўришга хизмат қилади. Шунингдек, келгусида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш учун хизмат қилади.  

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди.  

 

М.Комилова,  

ЎзА