Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Меҳнат мигрантлари учун кредит ажратиш масаласи давом эттирилади» — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари
18:15 / 2021-06-01

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш бугуннинг долзарб масалалардан. Бу борада Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бир қатор тегишли ишларни амалга оширмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари Азизбек Юнусов хориждан қайтганларни меҳнат ва касбий реинтеграция қилиш масалалари юзасидан ЎзА мухбири саволларига жавоб берди.

— Меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар билан ишлаш, яъни уларнинг маиший ва ижтимоий муаммоларини ўрганиш, уларга давлат органлари томонидан ёрдам кўрсатиш масалаларининг аҳамияти нималарда кўринади ва умуман олганда, ушбу тадбирларни ташкиллаштиришдан қандай мақсадлар кўзланган?

— Ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини яхлит бир тизим сифатида кўрсак: ушбу тизимнинг биринчи бўлаги – меҳнат мигрантларининг кетишдан олдинги тайёрлови ва ташкиллаштирилган ҳолда юбориш масалалари, иккинчи бўлаги – айни пайтда хорижда юрган меҳнат мигрантлари билан фаол мулоқотга киришиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар ва учинчи бўлаги – хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириб қайтиб келган фуқароларни жамиятга қўшилишини таъминлаш масалаларини қамраб олади.

Ўтган йили пандемия шароитида 500 мингга яқин фуқароларимиз хорижда ишлаш учун режалаштирган иш жойларига кета олмади. Шунингдек, яна 508 мингдан зиёд меҳнат мигранти чет элдаги эпедимиологик вазият тақозоси билан Ватанга қайтариб олиб келинди. Бир сўз билан айтганда – 1 миллиондан зиёд меҳнат мигранти Ўзбекистонда ички меҳнат бозорига қўшимча равишда «кириб келди».

Пандемия бўлмаган, аввалги йилларда ҳам, ўртача 800 минг – 1 млн. нафар атрофида меҳнат мигрантларининг хориждан қайтиши кузатилар эди. Уларнинг 15-20 фоизи эса ташқи меҳнат миграциясидаги иштирокини тўлиқ якунлаб, келгусидаги фаолиятини шу ерда давом эттириш истагида бўлган фуқароларни ташкил этарди.

Умуман олганда, ҳар йили мамлакатимизда 600-700 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Йилига иқтисодиётда 500 минггача иш ўринлари яратилади. Табиий-ки, 200 мингтагача (ички меҳнат бозорида ортиқча) меҳнат ресурсларини ташқи меҳнат миграцияси орқали бандлигини таъминлаш лозим бўлади.

Демак, кўриниб турибди-ки, хорижда узоқ йиллар давомида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар сони ҳар йили 200 мингтагача ортиши билан бирга, маълум даражада, айтайлик, бир йил давомида Ватанга қайтиб келган меҳнат мигрантларининг 15-20 фоизи миқдорида камайиб ҳам боради. Яъни, ҳар йили – узоқ муддат давомида хорижда ишлаб, ташқи меҳнат миграциясидаги фаолиятини тўлиқ якунлаб, қайтиб келган фуқаролар Ўзбекистон ички меҳнат бозорига кириб келади. Бу эса ўз навбатида, ушбу тоифадаги фуқароларни ички меҳнат бозорига қайтадан мослаштириш (реинтеграция қилиш), бандлигини таъминлаш каби кенг қамровли тадбирларни тизимли равишда ташкиллаштиришни тақозо этади.

Шу мақсадда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу тоифадаги фуқароларни бандлигини таъминлаш, жумладан, уларга ўз бизнесини йўлга қўйишида кўмаклашиш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, хорижий тилларни ўргатиш орқали ташқи меҳнат миграциясига қайта тайёрлаш масалалари ҳал этилмоқда.

— Меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни жамиятга қўшилишини таъминлаш юзасидан ташкиллаштириладиган кенг қамровли чора-тадбирлар нималардан иборат? Айтайлик, меҳнат мигранти хориждаги иш фаолиятини тўлиқ якунлаб, қайтиб келди ёки қайтиб келмоқчи бўлиб турибди. Ушбу фуқароимизга давлат органлари томонидан қандай ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади ва умуман олганда бу тизим қандай ишлайди?

— Айтиб ўтиш жоизки, авваллари жамиятда меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларнинг алоҳида тоифасини ажратиб олиб, уларга давлат органлари томонидан ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий ҳимоя қилишни назарда тутувчи дастурларни амалга ошириш тизими мавжуд бўлмаган.

Хабарингиз бор, 2020 йил 15 сентябрь куни хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилишга қаратилган4829-сонли Президент қарори қабул қилинди. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришнинг янги тизими яратилди.

Аввало, тегишли давлат ташкилотлари тузилмаларида шу соҳа ва йўналишда фаолият олиб борувчи органлар ташкил этилиб, уларга тегишли вазифалар юклатилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаментида «хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини реинтеграция қилиш ва ишга жойлаштириш масалалари бўйича бош мутахассиси», Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида «Ташқи меҳнат миграцияси ва қайтган меҳнат мигрантларнинг реинтеграция дастурлари бошқармаси», Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида «Хориждан қайтганларни меҳнат ва касбий реинтеграция қилиш бошқармаси» қолаверса ҳар бир туман (шаҳар)лардаги бандлик идораларида миграция ва реинтеграция масалалари бўйича инспекторлар фаолияти йўлга қўйилди.

«Маҳалла – меҳнат органлари – сектор – Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиали» тизими асосида, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан уйма-уй юриш тамойилига кўра индивидуал ишлаш тартиби жорий этилди. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан маҳаллалар кесимида «йўл харита»лари ишлаб чиқиш ва ҳар ойда камида бир марта туман (шаҳар)лардаги сектор раҳбарлари ҳузурида мазкур «йўл харита»лари ижросини муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилди.

Бугунги кунда ушбу янги тизим асосида қуйидаги тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хориждан қайтган фуқароларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, туман (шаҳар) ва маҳаллалардаги тегишли масъулларга юборилади. Ҳудудларда маҳалла ва меҳнат органлари ўзаро ҳамкорликда рўйхатда тақдим этилган фуқароларни анкета-саволнома шаклида уйма-уй юриб ўрганади. Бу масалада, меҳнат органлари тузилмасида республикамизнинг ҳар бир маҳалласида (9 минг нафардан ортиқ) ташкил этилган меҳнат инспекторига «жамоатчи ёрдамчи»ларга қўшимча вазифалар юклатилган.

Ўрганишлар натижасида, фуқароларнинг айни пайтдаги бандлик ҳолати, доимий даромад манбаи билан таъминланганлигини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда, аниқланган дастлабки маълумотларга кўра, айни пайтда вақтинча ишсиз ва даромад манбаисиз бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг алоҳида гуруҳлари ажратиб олинади ва йўналишлар бўйича тегишли тадбирлар режалаштирилади.

Булар қуйидаги гуруҳлардир.

1-гуруҳ. Ўз мутахассислиги ва эгаллаган касби бўйича яшаш ҳудудига яқин бўлган жойларда ишга жойлашиш истагида бўлган фуқаролар гуруҳи. Ушбу гуруҳдаги фуқароларни туман (шаҳар)даги мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлаштириш чоралари кўрилади. Иш берувчилар томонидан қўйилган талаблар, иш шароитлари тушунтирилади. Икки томонлама келишув асосида, фуқароларни ишга жойлаштиришга йўлланмалар тақдим этилади. 2021 йилда 23639 нафар фуқаро меҳнат органларининг бевосита ёрдами билан бўш иш ўринларига жойлаштирилди.

Сўнгги пайтларда, юқори маош тўловчи, иш берувчи ташкилотларнинг талабидан келиб чиқиб хориждан қайтиб келган фуқаролар томонидан ишга жойлашиш мақсадида касб-ҳунарга ўқиш ва малака ошириш бўйича ўқув курсларида иштирок этишга бўлган қизиқишлари ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилда бу тоифадаги фуқароларнинг 10252 нафари ҳудудлардаги ўқув муассасаларида қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилиб, уларга махсус сертификатлар топширилди.

Шу ўринда яна бир муҳим нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман. Яъни, фуқарога иш топиб беришдан кўра муҳимроқ бўлган бошқа вазифа бор. Бу – психологик адаптация масаласи!

Апрель ойида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 183-сонли қарори билан бу масала бўйича ҳам тегишли механизм яратилди. Яъни, чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантлари билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали ижтимоий, психологик ва бошқа синаб кўриш усулларидан фойдаланган ҳолда ҳар бир шахснинг соғлиғини, касбий қизиқиши, қобилияти, шахсий хусусиятларини ўрганиш, касб-ҳунарга мойиллигини аниқлаш, иш берувчи билан суҳбатга тайёрлаш, меҳнат жамоасида ишлаш кўникмаларига ўргатиш, меҳнат фаоллигини оширишга рағбатлантириш мақсадида аутсорсинг шартларида, ҳар бир туман (шаҳар)да психолог мутахассисларни жалб этиш белгиланди. Психологларни штат бирлиги ойлик маоши ҳал этиб берилди.

2-гуруҳ. Хорижда ишлаб, юртимизга юқори малака билан қайтган, ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган фуқаролар гуруҳи. Ўтказилган ўрганишлар натижасида, айни пайтда республика бўйича 2251 нафардан ортиқ, меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганлиги, шунингдек, яна 380 нафар фуқаро ташқи меҳнат миграциясидаги фаолиятини якунлаб, ўз бизнес режасини тузиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни режа қилганликлари аниқланган.

Ҳукуматнинг тегишли қарор ва бошқа меъёрий ҳужжатлари билан айни пайтда, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларининг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган имтиёзлар яратиб берилмоқда. Жумладан, 2021 йил 1 январдан бошлаб, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган, хориждан қайтиб келган фуқаролар учун қуйидаги йўналишлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидия маблағлари ажратилмоқда.

Булар:

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жойининг ижара тўловлари учун (дастлабки 3 ой);

тадбиркорликни бошлаш ва молиявий саводхонликка ўқиш харажатлари учун;

кредит олишда таъминот сифатида тақдим этиладиган суғурта полиси бўйича тўловларни амалга ошириш учун тўловлардир.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган кредитлар бўйича кредит фоизи ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган (лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган) қисмини давлат томонидан компенсация қилиб бериш инструменти жорий этилди.

Шу мақсадда, жорий йилда минг нафардан ортиқ фуқаро тадбиркорликка ўқитилди, 209 нафарига ўз тадбиркорлигини бошлаши учун субсидия маблағлари ажратилди. Ҳозирда ушбу йўналишда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирилиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари ва Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

3-гуруҳ. Ўзини ўзи банд қилиш меҳнат турлари билан шуғулланишни режа қилган фуқаролар гуруҳи. Ҳозирда 70 га яқин фаолият турлари бўйича фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш мақомини олиши мумкин. Бу ўринда меҳнат органларининг кўмаги билан шахсий томорқадан фойдаланишни ривожлантириш мақсадида енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, кўчат ва уруғлик сотиб олиш, суғориш воситалари сотиб олиш харажатлари учун субсидия маблағлари ажратиш назарда тутилган. Мисол учун, 2021 йилнинг ўтган даврида 2021 нафар фуқароларга субсидия ажратиш орқали бандлиги таъминланган.

Умуман олганда, субсидиялар ажратиш орқали меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш масаласи ҳақида гап кетганда, бугунги кунда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан хориждан қайтиб келган, ишсиз фуқаролар учун яратилган бошқа турдаги имтиёзларни ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Жумладан:

- тадбиркорлик қилишни хоҳловчи, ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун харажатларни базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида;

- ижтимоий эҳтиёжманд шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга - ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;

- ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари устав фондига (жамғармасига) улуш сифатида киритиш учун - ҳар бир аъзога (оилага) базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидия ажратиш амалиёти меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар учун ҳам татбиқ этилмоқда.

— Келгусида ушбу йўналишда қандай режаларингиз бор?

— 2021 йилда ишларни янада жадаллаштириб, қайтиб келган меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тадбирларини тизимли равишда давом эттирамиз.

Фуқароларимиз учун моддий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган янги лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишда тегишли ҳамкор вазирликлар билан бирга халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб қилиш чоралари кўрилмоқда.

Тижорат банклари билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича ишлаяпмиз. Янги кредит линияларини ташкил этиш, бунда нафақат меҳнат миграциясидан қайтиб келганлар, балки айни пайтда хорижда ишлаб юрган фуқаролар учун ҳам махсус кредитларни бериш амалиётини жорий этиш масалаларини кўриб чиқяпмиз.

Умуман олганда, 2021 йилда 160 минг нафар хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини бандлигини таъминлаш бўйича ҳар бир ҳудуд, туман (шаҳар), маҳаллалар кесимида тасдиқланган прогнозлар бўйича ишлаяпмиз.

Жумладан, 100 минг нафар фуқароларни доимий ва вақтинчалик иш билан таъминлаш, 20 минг нафарини касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш, 30 минг нафарини тадбиркорликка жалб қилиш ва субсидиялар ажратиш, 10 минг нафарига микрокредитлар ажратиш орқали ўзини ўзи банд қилишини таъминлаш кўзда тутилган.

ЎзА мухбири
Достон УМАРОВ суҳбатлашди.