English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат мигрантлари ҳуқуқи давлат ҳимоясида
20:09 / 2020-12-17

Пойтахтимизда 18 декабрь – Халқаро мигрантлар куни муносабати билан “Пандемия шароитида миграциянинг янги тенденциялари, миграцияни бошқариш ва мигрантларни ҳимоя қилиш” мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Халқаро миграция ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган форумда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистон бўйича координатори, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда меҳнат миграцияси соҳасини янада такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, миграцияни бошқариш ва мигрантларни ҳимоя қилиш соҳасидаги замонавий тенденциялар масаласи муҳокама қилиниб, бу борада хорижлик ҳамкорлар билан ўзаро тажриба алмашилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда дунё мигрантлари сони 272 миллионга етмоқда ва уларнинг учдан икки қисми меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Агар ички мигрантлар ҳам қўшиб ҳисобланса, сайёрамизнинг ҳар еттинчи одами мигрантдир. Жаҳон миқёсида халқаро мигрантларнинг 52 фоизини эркаклар, 48 фоизини аёллар ташкил қилади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда миграцияни тартибга солиш ва мигрантларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Япония ва БАА билан меҳнат миграцияси бўйича ҳукуматлараро битимлар тузилди, чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун алоҳида жамғарма ташкил этилди, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди ва такомиллаштирилди.

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилди, – деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов. 

– Шунга мувофиқ, меҳнат мигрантларини хорижга кетишидан олдин тайёрлаш, касбга, тилга ўқитиш, уларга муносиб иш ўрни топиб бериш, хорижга кетганидан кейин уларни моддий қўллаб-қувватлаш, қайтиб келгач эса яшаб турган жойларида бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш ва рағбатлантириш каби бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Пандемия даври бўлсада, 9 мингга яқин фуқароларимизни ташкиллаштирилган хавфсиз миграциясига юборишга муваффақ бўлдик. Шунингдек, 130 мингга яқин фуқароларимизни мамлакатимизда ишга жойладик. Мақсадимиз, хорижда ишлаётган фуқароларимиз меҳнат шароитларини яҳшилаш, уларга моддий ва бошқа ёрдамларни кўрсатишдан иборат.

Форум давомида миграциядаги глобал ва минтақавий тенденциялар, COVID-19 пандемиясининг Марказий Осиё мамлакатларидан келган мигрантларга ижтимоий-иқтисодий таъсири, меҳнат мигрантларига чет тилларини ўқитиш каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА