Сурхондарё вилоятида хорижда меҳнат қилаётган воҳадошларнинг фарзандлари учун қизиқарли тадбир ташкил этилиб, ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шўрчи туманида ўтказилган “Хориждаги ватандошларимизнинг оилалари доимий эътиборда” мавзуидаги тадбир ҳам меҳнат миграциясида бўлиб турган инсонларнинг фарзандлари учун бир олам қувонч улашди.

Туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда болажонлар учун турли қизиқарли ўйинлар уюштирилди. Улар ўзлари ёқтирган шеърларни ёддан ўқиди. Истеъдодларини намойиш этди.

Тадбир доирасида болажонлар учун тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Тажрибали шифокорлар уларнинг соғлигини текшириб, тегишли тавсияларни берди. Эсдалик совғалари улашилди.

Вилоятнинг Музработ, Бойсун, Денов каби туманларида бўлиб ўтган тадбирларда ҳам хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг оила аъзолари ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиб, ғамхўрлик кўрсатилаётгани кенг намоён бўлди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири