Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат миграциясида Европа давлатларининг улуши ортмоқда
16:59 / 2025-08-21

Сўнгги йилларда меҳнат миграцияси оқимида Европа Иттифоқи давлатларининг улуши ортиб бормоқда. Стратегик ва узоқ муддатли ҳамкор давлатлар сафидан Германия, Англия, Япония, Италия, Швеция, Болгария, Словения ўрин олмоқда.

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 17 та давлатнинг масъул вазирлари, 22 та халқаро ташкилот вакиллари ҳамда элчилар билан икки томонлама ўтказилган учрашувлар натижасида ишчи виза квоталари сони оширилган. Ташкилий миграция йўналишида стратегик ҳамкорлик ва ойлик иш хақи ўртача 1,5 минг АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган 211 мингта янги иш ўрни аниқланиб, 129 та йирик хорижий корхоналар билан шартномалар имзоланган.

Жорий йил якунига қадар 200 минг нафар фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш режаси белгиланган бўлиб, ярим йилликда жами 86,3 минг нафар фуқаролар 17 тадан ортиқ давлатларга юқори даромадли ишларга жойлаштирилган. Марказий банк маълумотига кўра, шу йилнинг олти ойида халқаро пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга ўсган.

Хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларни ўқитиш мақсадида Германия, Япония, Корея, Болгария давлатлари ташкилотлари билан ҳамкорликда республиканинг 9 та ҳудудида халқаро ўқув марказлари ташкил этилган. Натижада йил бошидан хусусий секторни жалб этган ҳолда жами касбий таълим муассасаларида 45,3 минг нафар фуқаро касб ва чет тилларига ўқитилган.

Бу ҳақда парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ва Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди. Унда Президентимизнинг тегишли фармонларининг бажарилиши натижалари, 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ижроси, хусусан, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида миграция агентликларининг жойлардаги фаолиятини кучайтириш, ноқонуний ишга жойлашувга қарши қатъий чоралар кўриш, аёл ва ёш мигрантлар учун махсус дастурларни ишлаб чиқиш, ички миграция учун уй-жой, таълим ва соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яхшилаш, хориждаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА