Россия Федерациясининг Приморск ўлкаси ҳукумати ва манфаатдор ташкилотлар вакилларидан бир гуруҳи Бухорода бўлди.
Приморск ўлкаси миграция сиёсати агентлиги бошлиғи М.Сорокин, агентлик бошлиғининг ўринбосари А.Шишко, чет эллик ишчиларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи О.Шакирова Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов, Миграция агентлиги вилоят ҳудудий вакиллиги бошлиғи Нозима Холиқова билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини янада кенгайтириш, мигрантлар учун қулай шароит яратиш ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича музокара олиб борди.

Россиялик меҳмонлар Приморск ўлкасида мавжуд ваканция, жумладан, денгиз маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва шунга оид бўш ваканциялар, шу соҳага оид ўқув дастурлари ташкил этилишига доир ташаббусни илгари сурди. Самимий мулоқотда меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқлари муҳофазаси, уларни айнан мутахассис сифатида юқори даромадли ишларга жойлаштириш масаласига жиддий эътибор қаратилди.

Шунингдек, россиялик ҳамкорлар билан меҳнат мигрантларининг рус тилини билиш сертификатига эга бўлиш имкониятларини вилоятда ташкиллаштириш, юқори даромадли касбларга ўргатиш тизимини мономарказда ўташ таклифи ҳам кўриб чиқилди.
Меҳнат танловларини ўтказиш тартиби, вақтинчалик ишга бораётган муҳожирлардан хорижда нималар, қандай ҳужжатлар талаб қилиниши, саломатлиги, судланмаганлиги, депортацияси йўқлигига доир ишончли текширишларни ҳам шу ерда, вилоятда амалга ошириш таклифи билдирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири