Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 28 октябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонуни асосида тасдиқланган янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Бу борада Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан корхона, ташкилотларда, кичик бизнес субъектларида давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар ташкил этиляпти. Хусусан, Олий Мажлис Сенати аъзолари Носирбек Абдуллахонов ва Бахтиёр Умаров иштирокида Давлатобод туманидаги "Орзу" кичик саноат зонасида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказилган мулоқотларда ишчи-ходимларга янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан яқиндан таништирилиб, унинг қабул қилиниши, жамиятдаги аҳамияти ҳақида тушунчалар берилди.

Таъкидланганидек, Меҳнат кодекси давлатимиз раҳбарининг “2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 135-бандига асосан ишлаб чиқилган. Меҳнатга оид ушбу қонунлар тўпламини қабул қилишда 10 дан ортиқ халқаро ва нодавлат ташкилотлар қатнашган бўлиб, Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенциялари ва бир қатор ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилган.

Сенаторлар, шунингдек, янги кодексни ишлаб чиқишда халқаро ташкилотлар мутахассислари, иш берувчилари, касаба уюшмалари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқаролар томонидан муҳокама қилинганлиги, бунинг натижасида кўплаб таклифлар берилгани ҳақида сўз юритди. Шунингдек, кодексда ижтимoий вa ҳуқуқий ҳимoяга муҳтoж ишчилaр aйрим тoифaлaри – aёллaр вa oилaвий мaжбуриятлaрни бaжaриш билaн шуғуллaнaдигaн шaxслaр, 18 ёшгa тўлмaгaн ишчилaр, нoгирoнлaр, ўриндошлик асосида ишловчилар, яккa тaртибдaги тaдбиркoрлaр мeҳнaтини тaртибгa сoлишнинг ўзигa xoс жиҳатлари изоҳлаб берилди.

Наманган шаҳрида янги олий таълим муассасаларидан бири – “Турон" халқаро университетида талаба-ёшлар билан бўлиб ўтган давра суҳбатида меҳнат кодексининг мақсад-вазифалари, унинг алоҳида жиҳатлари тўғрисида тўхталиб ўтилди. Мулоқотда сўз олган O'zLiDeP сиёсий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Актам Хаитов янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг моҳияти ҳақида тушунча бераркан, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимиздаги меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга, юртимизда “Инсон қадри учун” бош тамойили инсон қадрини улуғлашга, меҳнатини қадрлаш ва фуқароларнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилишини қайд этди.

Бундан ташқари бандлик, якка тартибдаги меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, низоларни кўриб чиқиш каби нормалар ўз ифодасини топганлигига эътибор қаратилди.
Талабалар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.Тадбир якунида партия етакчиси Актам Хаитов университет ахборот кутубхона марказига “Тараққиёт стратегияси” номли китоблар жамланмасини эсдалик совғаси сифатида тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.