Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат кодекси тарғиботи давом этмоқда
19:46 / 2022-11-07

Бухорода янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси, ишчи гуруҳ раҳбари Эркин Гадоев, Сенат аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Назир Собиров, Эмма Аслонова, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходими Гулрух Ниязметова ва бошқаларнинг янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини ҳуқуқни қўлловчиларга тушунтириш, унинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисидаги маърузаларини тинглади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди. Соҳага институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Семинарда меҳнат кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида бир йил давомида таҳлил этилиб, маромига етказилгани қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган. Ҳужжатда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.

Янги кодексдаги нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлашида, ҳаётда самарали татбиқ этилишида меҳнат бозори иштирокчилари, ишчи-ходимлар, иш берувчилар, иш изловчилар ҳамда ваколатли ташкилот ва идоралар масъулларига Ҳужжатдаги моддаларнинг мазмун-моҳиятини содда, аниқ ва тўғри тушунтириш муҳим аҳамият касб этади.

[gallery-9475]

Меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради. Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” рақамлаштирилади.

Гендер тенглик, нейтраллик тамойиллари, имконияти чекланган шахслар, норезидентларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Иш берувчиларнинг меҳнат бозоридаги янги меҳнат турларидан фойдаланиш имконияти яратилади, меҳнат шартномаси турлари кенгайтирилади ва норасмий тармоқларда ишловчиларни легаллаштиришга эришилади.

Шунингдек, ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги “Zarhal group” кластер бошқаруви компанияси, Бухоро энергомарказ АЖ, “Бухоротехнопарк” давлат унитар корхонаси, “Bukhara Cotton Textile” корхонаси фаолияти билан танишди. Корхоналарда ходимлар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Ходимлар ўртасида Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси тарғиб қилинди.

Кодексда иш берувчи томонидан иш вақти режимининг турли хил вариантларини белгилаш механизмлари (сменали иш, иш кунини қисмларга бўлиш ва бошқалар), шунингдек иш вақтини ҳисобга олишнинг ҳар хил турларидан фойдаланиш (кундалик, ҳафталик ёки умумлаштирилган иш вақти ҳисоби) назарда тутилмоқда.Дам олиш кунини давлат байрамлари (ишланмайдиган байрам кунлари) кунларига тўғри келган тақдирда кўчириш қоидаси киритилмоқда.

Меҳнат таътилининг минимал давомийлиги календарь кунларда (15 иш куни ўрнига 21 календарь куни) белгиланмоқда.

Битта ташкилотда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил бериш тартиби жорий этилган. Иш берувчи томонидан хизмат текширувларини ўтказиш ва ишдан четлаштириш тартибга солинмоқда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг асосий тушунчалари ва механизмларига (“меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори”, “иш ҳақи таркиби”, “иш ҳақи тизимлари”, “рағбатлантириш ва компенсация тўловлари”, “туман коэффициентлари бўйича устамалар” ва бошқалар) аниқлик киритилмоқда.

Иш берувчининг иш ҳақини кечиктириш учун жавобгарлиги (кечиктирилган ҳар бир кун учун қайта молиялаш ставкасининг 10 фоизи миқдорида) белгиланмоқда.

Меҳнат ҳуқуқларининг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, индивидуал ва жамоавий меҳнат низоларини музокаралар ва ярашув тартиб-таомиллари ва воситачилик йўли билан ҳал этиш механизмлари ўрнатилмоқда.

Ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда қонуний ҳал қилишда, ишлаган ишига, иш берувчи эса киритган сармоясига муносиб тарзда эътибор ва рағбатга эга бўлишини кафолатлайдиган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА