Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат кодекси: кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил бериш мумкин
20:32 / 2022-11-10

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида қатор тарғибот-тушунтириш тадбирларини ўтказишмоқда.

Тошкент шаҳрида ўтказилган ана шундай семинарларнинг навбатдагисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов иштирок этиб, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмуни ва аҳамияти ҳақида маълумотлар берди.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева кодексда акс этган муҳим жиҳатлар юзасидан маъруза қилди:

— Мамлакатимизда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Меҳнат қонунчилигининг асосий йўналишлари белгиланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагига нисбатан 2,5 баравар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган. Унда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар ўз аксини топган. Шунингдек, ижтимоий шериклик иштирокчиларининг мажбуриятлари ва ваколатлари, уларнинг жамоавий музокаралар олиб бориш тартиби белгилаб берилди. 

Даъвогарлар орасидан малакалироқ ишчиларни танлашда иш берувчининг имкониятлари кенгайтирилди. «Қайта ишга жойлаштириш» масаласи ҳал этилди. Қолаверса, ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш харажатларини компенсация қилиниши белгиланди. Бундан ташқари, битта ташкилотда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил бериш тартиби жорий этилмоқда. Иш берувчи томонидан хизмат текширувларини ўтказиш ва ишдан четлаштириш тартибга солинмоқда.

Семинарда кодекснинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича ишларни тизимли равишда ташкил этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА