French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат инсонни улуғлайди
10:50 / 2025-09-04

Орамиздаги замондошларимиз

Инсон қайси соҳада бўлмасин, ҳурмат қозониши, ўз касбининг моҳир эгаси бўлиши тинимсиз меҳнат ва шу танлаган ишига бўлган меҳрга боғлиқ. Ўз касбини севган, ишини яхши кўрган ва ҳаётининг бир қисмига айлантира олган инсонларгина эл ичида обрўга эга бўлади, жамоасида ҳурматга сазовор бўлган ҳолда намунали ходим сифатида эътироф этилади. “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалида ҳам ана шундай жонкуяр ходимлар кўп. Улардан бири Ахтам Розиқовдир.  

А.Розиқов мана ўттиз йилдирки, газ таъминоти тизимида меҳнат қилиб келмоқда. Айни пайтда у “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалида меҳнатни муҳофаза қилиш, экологик ва саноат хавфсизлиги бўлими етакчи муҳандиси лавозимида фаолият олиб бормоқда. Уни доим қизғин иш жараёни устида учратасиз.  

А. Розиқовдаги масъулият, жонкуярлик, тиниб-тинчимаслик бугун тизимнинг кўплаб ёш ходимлари учун намуна бўла олади. Бу ютуққа йиллар давомида газ соҳасида машаққатли меҳнат қилиш эвазига эришган.  

– Газ таъминоти тизими жуда қизиқ ва ўта масъулиятли соҳа, – дейди А. Розиқов. – Аввало, газ ўзи нима, у қандай пайдо бўлади, истеъмолчига қандай етказилади? Мана шу каби илк бошланғич маълумотларни ҳар бир янги ёш кадр яхши билиши, ўз устида тинмай ишлаши керак. Газ хўжалиги хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, меҳнат ва саноат хавфсизлиги – муҳим масала. Иш фаолиятим давомида бу нарсага алоҳида эътибор қаратаман. Биргина эътиборсизлик ёки бепарволик оқибатида кўнгилсиз ҳолатлар юз бериши мумкин. Ҳозир йиллар давомида устозларимдан ўрганганларимни шогирдларимга ўргатиб келмоқдаман. Ишимиз жуда машаққатли, аммо бу касб ҳаётимнинг мазмунига айланган.  

А.Розиқов оилада бир ўғил ва бир қизнинг отаси. “От изини той босар”, деганларидек, ўғли ҳам ота изидан бориб, газ таъминоти соҳасида ишламоқда.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири