Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан ўтказган учрашуви мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим воқеа сифатида тарихга кирди. Сабаби, мазкур учрашув фақат меҳнат соҳасидаги муаммоларни муҳокама қилиш билан чекланиб қолмади, балки давлат ва жамият муносабатларида инсон қадрини олий қадрият сифатида белгилаб, касаба уюшмаларининг бу борадаги муҳим вазифаларини белгилаб берди.

Хусусан, сўнгги саккиз йилда мамлакатимиз иқтисодиётига 130 миллиард доллар миқдорида инвестициялар жалб қилинди. Бу орқали минглаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, миллионлаб янги иш ўринлари яратилди. Бу жараёнда хусусий секторнинг улуши ва аҳамияти ортган бўлиб, фуқароларга муносиб меҳнат шароити яратилиши натижасида жон бошига тўғри келадиган даромад миқдори 3,5 минг долларни ташкил этмоқда.
Меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий асослари ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституция, Меҳнат кодекси, “Аҳоли бандлиги тўғрисида” ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниши бу соҳадаги илғор қадамлардан бири бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 25 та ҳужжатини ратификация қилиб, бу борадаги глобал стандартларга мос қадамларни ташламоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш мамлакатимиз учун йиллар давомида энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган. Бироқ, қатъий сиёсий ирода ва ислоҳотларга содиқлик туфайли бу муаммо ижобий ҳал қилинди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги тажрибаси Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан бошқа давлатларга тавсия этилмоқда. Бу инсонийлик ва адолат тамойилларига содиқ қолишнинг амалий ифодасидир.
Бугунги кунда 8 миллионга яқин аъзога эга бўлган касаба уюшмалари фуқаролик жамиятининг энг муҳим институти сифатида фаолият юритмоқда. Уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли беқиёс. Кейинги йилларда касаба уюшмалари орқали 500 мингга яқин ходимнинг ҳуқуқлари тикланган, уларнинг фойдасига 267 миллиард сўм ундириб берилган ва 13 минг ходим ишга қайта тикланган.
Касаба уюшмалари халқаро майдонда ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясига аъзо бўлди. Бу касаба уюшмаларининг нуфузи ва таъсир доираси кенгайиб бораётганининг яққол исботидир.
Учрашувда Давлат раҳбари меҳнат муносабатларидаги янги шакллар масофавий ва платформали бандлик масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Мазкур йўналишда фаолият юритаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий суғурта билан таъминлаш долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу боис, касаба уюшмалари билан ҳамкорликда ушбу йўналишда қонунчилик асосида таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, меҳнат бозорида хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳар йили гендер аудит натижаларини таҳлил қилиш, хотин-қизлар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, учрашувда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги таъкидланиб, бу борада аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Келгусида касаба уюшмалари билан ҳамкорликда маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишнинг ягона тизимини жорий этиш топширилди.
Қолаверса, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш мақсадида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонунни тезроқ қабул қилиш ва унда суғурта жамғармасини шакллантиришда иш берувчи ҳамда ходимларнинг иштирокини кафолатлаш зарурлиги айтилди.
Хулоса қилиб айтганда, касаба уюшмалари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув Янги Ўзбекистонда инсон қадри, меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат тамойилларининг устувор эканини яна бир бор намоён этди. Мулоқот давомида Давлат раҳбари томонидан меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, фуқароларни муносиб меҳнат шароити билан таъминлаш, касаба уюшмаларининг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилди.
Келгусида рақамли ва платформали бандлик, гендер тенглиги, ижтимоий суғурта, меҳнат муҳофазаси каби йўналишлардаги фаолиятни янада чуқурлаштириш ислоҳотларнинг янги босқичига йўл очади. Касаба уюшмалари эса бу жараёнда иш берувчи ва ходим ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган, жамиятда ижтимоий барқарорликни сақлашга хизмат қиладиган муҳим воситалардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
Гулнорахон Абдувоҳидова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА