Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига мувофиқ, ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилишдан бош тортиш, уларни ишдан бўшатиш ёки иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 408-моддасида ҳам ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш мумкин эмаслиги аниқ белгиланган.
Шу муносабат билан, Сайхунобод туманида яшовчи фуқаро Д.Бакирова вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилиб, ҳомиладорлиги ҳақида иш берувчига маълум бўлгани ҳолга қарамасдан, ишдан бўшатилганини билдириб, амалий ёрдам сўради.
– Мурожаат юзасидан вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилган текширув давомида, фуқаронинг ишдан бўшатилиши қонун талабларига зид равишда амалга оширилгани аниқланди, – дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шуъбаси бош маслаҳатчиси Бунёд Абдухалилов. – Энг муҳими, текширув натижалари асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилинди ва ходимни ишга тиклаш чоралари кўриш юзасидан Сайхунобод туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига тақдимнома киритилди.
Кўрилган чоралар натижасида Д.Бакирова туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимида бош мутахассис лавозимига қайта ишга тикланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири