English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат фахрийлари аскарлар ҳузурида
11:57 / 2024-05-10

Сурхондарё вилоятида Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ҳарбий қисмлар, таълим муассасалари ва маҳаллаларда кекса авлод вакиллари билан учрашув, давра суҳбатлари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Мудофаа вазирлигининг Хайробод гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда бўлиб ўтган учрашувда дастлаб туман ҳокими Илҳом Аброров муддатли ҳарбий хизмат бурчини шараф билан ўтаётган аскарларни Хотира ва қадрлаш куни билан табриклаб, Иккинчи жаҳон уруши ва унинг оқибатлари, мард, қўрқмас аждодларимизнинг жанг майдонларида кўрсатган жасоратлари, фронт ортидаги мардонавор меҳнатлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Уларнинг хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтириш бугунги авлод учун шарафли бурч эканини таъкидлади.  

Учрашувда меҳнат фахрийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Яззан Ҳайитқулов болалик, ёшлик даврларини ёдга олиб, бугунги тинч, тўкин ҳаёт билан қиёслади. Урушдан кейинги тикланиш йилларида кўрган-кечирганлари, очарчилик йилларидаги қийинчиликлар тўғрисида сўзлаб берди. Ўтган асрда Ватандан йироқда муддатли ҳарбий хизматни ўташдаги қийинчиликлар ва мустақиллик ёшларига йигитлик бурчини бажаришда яратилган шароитларга ҳам эътибор қаратди.  

Ўтмиш хотираларига бой бўлган учрашув якунида меҳмонлар ҳарбий қисм ҳаёти билан яқиндан танишди.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири