– Ватанимиз тараққиётининг асосий омили
Қадимдан бошлаб инсон ҳаётининг мазмуни тирикчилик ташвишлари билан боғлиқ бўлади. Инсон тирикчилигининг қандай ўтиши уни касб-ҳунарига, уддабуронлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳозирги замон тили билан айтганда, аҳоли бандлиги деярли барча давлатлар сиёсатининг асосий масаласидир. Сунъий интеллект ижтимоий ҳаётга кенг кириб келиши муносабати билан унинг инсон иш ўринларини эгаллаши ҳақида ташвишли башоратлар пайдо бўлмоқда. Баъзи мамлакатларда тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ҳам ишсизлик муаммосини юмшатиш. Ўз мамлакати истиқболи ҳақида қайғурадиган давлат меҳнат ресурсларини рақобатбардошлигини ошириш чораларини кўриши шарт.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага алоҳида урғу берилди ва жорий йил дастурининг тўртинчи устувор йўналиши сифатида белгиланди. Ҳақиқатдан ҳам бутун дунёда меҳнат бозори сўнгги даврларда шиддатли ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Илгари ҳамманинг назарида, эътиборида бўлган баъзи касб-корларга бугунги кунда зарурат йўқолди. Масалан, ишхоналарда кассирлар, котиба машинисткаларга зарурат қолмади. Илм, техниканинг ривожланиши натижасида янгидан янги касблар, ҳунарлар пайдо бўлмоқда ёки мавжуд касбларни кўникмалари, технологиялари ўзгаришларга дучор бўлмоқда. Кўп касб-ҳунарларга ёшлар олий маълумот талаб қилмаган ҳолда, бир-икки йиллик таълим орқали етарли малакага эга бўлиши мумкин. Шуни чуқур таассуф билан қайд этиш лозимки, ўтмишда малакали касб-ҳунар, таълим тизими масаласига эътибор қаратилмади. Натижада чет элга борган меҳнат мигрантлари пешонасига қора меҳнат ёзилгандек бўлиб туюлди. Бугунги кунда аҳвол ижобий томонга ўзгармоқда. Президентимиз касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш вазифасини қўйди. Мурожаатномада бунинг моҳияти ва зарурияти чуқур, аниқ ва равшан таҳлил қилиб берилди. Ҳозирги дунёда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида ўринлари миқдори, шакли-шамойили ва мазмуни сифат жиҳатдан кескин ўзгармоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, яқин беш йилда мавжуд касбларнинг тўлиқ ўттиз фоизи автоматлаштирилади, эллик фоизи бўйича янги малакалар талаб қилинади. Демак, шунга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаши лозим. Саноатда автоматлашган линиялар, қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш, лазер текислаш, кўчат бўйича озиқлантирувчи ақлли технологиялар, транспортда дастурий таъминот механизмига асосланган технологиялар кенг қўлланилмоқда. Шу сабабли ҳам Мурожаатномада энди мамлакатимизда меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида: касб – малака- технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида яратилиши зарур, деб белгиланди.
Эндиликда, касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича техникумлар фаолият юритади. Уларга замонавий қиёфа, янгича муҳит олиб кириш бўйича бешта мақсадли дастурлар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. “Менинг ниятим ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатбардош бўлсин, керак бўлса бошқалардан бир поғона устун турсин”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Мурожаатномада ушбу мақсадни амалга ошириш учун назарда тутилган асосий тадбирлар, уларнинг йўналишлари, моддий-техник таъминоти бўйича батафсил тўхталиб ўтилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш меҳнат бозорида, бандликни таъминлаш соҳасида нафақат ички, балки халқаро миқёсда хам мамлакатимизни энг олдинги марраларга олиб чиқади. Юқори малакали ишчи кучи мамлакатимизнинг иқтисодиётида, балки ижтимоий соҳаларда ҳам меҳнат унумдорлиги юқори даражада бўлиши, Ватанимиз тараққиётининг юксалишини беқиёс даражада тезлаштиради дейиш мумкин. Аҳолининг ташқи меҳнат миграцияси ҳам сифат жиҳатдан янгича манзара кашф этишини қатъий ишонч билан таъкидлаш ўринли. Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат архитектурасини яратиш аҳолини доимий, барқарор даромад манбалари билан таъминлашга хизмат қилади.
Ҳасан Окюлов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси.