French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнат бозорида гендер тенглик таъминланса, ялпи ички маҳсулотда хотин-қизлар улуши кескин ошади
13:32 / 2023-05-23

Тошкентда “Ўзбекистонда гендер тенглик ва муносиб меҳнат йўллари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Унда халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг юздан ортиқ мутахассислари, экспертлари, Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этмоқда.  

Анжуманда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева кейинги йилларда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини қайд этди.  

– Меҳнат бозорида гендер тенгликни таъминлаш дунё миқёсидаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади, – деди Т.Норбоева. – Айни пайтда қирқ фоизга яқин хотин-қизлар иқтисодиёт тармоқларида фаолият кўрсатади. БМТ маълумотига кўра, агар иқтисодиёт барча тармоқларида гендер тенглик тўлиқ таъминланса, ялпи ички маҳсулотда хотин-қизлар улуши 28 триллион долларга етиши мумкин.  

Ўзбекистонда барча соҳаларда гендер тенгликни таъминлашга эътибор қаратилиб, хотин-қизларнинг илмли, ҳунарли бўлишига устувор аҳамият берилмоқда.  

Янгиланган Конституцияга мувофиқ ижтимоий давлат асослари мустаҳкамланиши, энг аввало, ҳар бир шахснинг эътиборда бўлиши, муносиб иш билан таъминланишини назарда тутади.  

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг кучга киргани юртимиздаги ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтирди.  

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги мазкур янги қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топди.  

Сенат раиси ҳар бир фуқаро, айниқса аёллар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун   қабул қилингани муҳим қадам бўлганини айтиб ўтди. Оилавий зўравонликнинг олдини олиш, бундай ҳолатларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Бунда кенг жамоатчилик, фуқаролик институтлари вакиллари билан бирга ҳаракат қилингани ўз самарасини берди.  

Миллат тарбиячилари бўлган хотин-қизларнинг илмли бўлиши, муносиб иш ўрнига эга бўлиши, оиласи ва юрт фаровонлиги йўлида меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.  

Бу мақсадни амалга ошириш йўлида халқаро ҳужжатлар, конвенциялар ратификация қилиниши, миллий қонунчилик мустаҳкамланиши билан бир қаторда нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА