Қашқадарё вилоятида аҳолини замонавий касбларга ўқитиш, ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларга тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тобора самарали натижалар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 октябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази негизида Қарши шаҳри касбий кўникмалар маркази ташкил этилди.
Марказ 123 квадрат метрни ташкил этади. Йиллик ўқув қуввати 2 минг 400 нафар тингловчига мўлжалланган. Ўқув хоналари ва устахоналар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Жаҳон банки маблағлари ҳисобига замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
Марказда 2025 йил давомида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 32 йўналиш бўйича касбга тайёрлаш, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва тадбиркорлик асосларини ўргатиш курслари ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 1 минг 985 нафар фуқаро ўқув курсларига жалб қилинди. Улардан 1 минг 371 нафари йўлланма асосида, 67 нафари ваучер орқали, 547 нафари эса тўлов шартномаси асосида таълим олмоқда.
– Электромонтажёрлик касбини ўрганяпман, – дейди касбилик Ўткир Турсунов. – Ёшим 34 да. Икки ойдан буён тажрибали усталардан касб сирларини ўрганяпман. Бугунги кунда ушбу йўналишда фаолият юритадиган касб эгаларига талаб юқори. Насиб этса ўқишни тамомлагач, саноат корхоналарида ишлашни мақсад қилганман.
Айни пайтда 216 нафар тингловчи марказда ва унинг Косон филиалида ўқимоқда. Улар “Замонавий парда тикиш”, “Пайвандловчи”, “Компьютер техникаси монтажчиси”, “Аёллар сартароши”, “Автомобиль таъмирловчи чилангар” ҳамда “Компьютер графикаси мутахассиси” каби касбларни эгалламоқда.
– Марказ фаолияти бошланганидан буён 1 минг 709 нафар фуқаро касбга тайёрлов курсларини якунлади. Улардан 1 минг 500 нафари ёки 87,7 фоизи бандлиги таъминланган, – дейди марказ раҳбари Нилуфар Назарова. – Шуларнинг 390 нафари корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилган, 498 нафари ўзини-ўзи банд қилган, 490 нафари эса якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият бошлаган. Марказда ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ҳам барча шароитлар яратилган. 2025 йил 11 ноябрь ҳолатига 95 нафар ногиронлиги бўлган шахс касбга ўқитишга жалб этилган. Улардан 87 нафари курсларни муваффақиятли якунлаб, меҳнат бозорида ўз ўрнини топмоқда.
Қайд этиш лозимки, марказ ўқув жараёнини ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштириш мақсадида 272 та корхона ва ташкилот билан ҳамкорлик шартномаларини тузган. Бу тингловчиларга ҳақиқий иш муҳитида амалиёт ўташ, малака ва тажриба орттириш имконини бермоқда.
Масъулларнинг таъкидлашича, жорий йилда вилоятда амалга оширилаётган 13 та йирик инвестиция лойиҳаси ва 145 та маҳаллий иш берувчи билан ҳамкорликда янги иш ўринларига мос касбларга ўқитиш ташкил этилган. Ҳозирга қадар 12 та иш берувчи корхонадан жами 776 нафар фуқарони ўқитиш бўйича буюртмалар қабул қилинган. Ушбу буюртмалар асосида 461 нафар ишсиз фуқаро касбга тайёрланди. Улар орасида 220 нафари тикувчи, 85 нафари ошпаз, 97 нафари қандолатчи касбини ўзлаштирган.
Марказнинг 12 нафар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари Worldskills стандартлари бўйича малака оширган. Улардан бири автосервис хизмати устаси Шоҳрух Мўминов Хитойнинг Нанчан шаҳрида “Электромобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш” бўйича малакасини оширди.
[gallery-26224]
Президентимизнинг 2025 йил 17 январдаги қарорига асосан марказда “Электромобилларга хизмат кўрсатиш”, “Лифтларга хизмат кўрсатувчи”, “Қуёш панелларини ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш”, “Компьютер графикаси оператори” каби замонавий касблар бўйича курслар йўлга қўйилди.
2025 йилда “Автотюнинг механиги”, “Интерьер дизайнер” ва “Алюмин ҳамда пластик профиллар билан ишлаш устаси” каби янги йўналишларда курслар ташкил этиш режалаштирилган. Бу меҳнат бозорида замонавий касб эгаларига бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қарши шаҳри касбий кўникмалар маркази фаолияти натижасида вилоятда ишсизлик даражаси пасайиб, аҳолининг касбий малакаси ошмоқда. Янги йўналишлар, халқаро ҳамкорлик ва иш берувчилар билан узвий алоқалар марказнинг нуфузини янада мустаҳкамламоқда. Бу эса меҳнат бозорида рақобатбардош, билимли ва малакали мутахассислар тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари