Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳмонхона бошқарувига малайзиялик мутахассис таклиф этилади
18:33 / 2025-12-11

Самарқанд вилоят ҳокими Адиз Бобоев Малайзиянинг “Nasrul Qur’an” нашриёти раҳбари Хожа Моҳд Ашяхарим бин Абдуллатиф бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мазкур нашриёт Малайзиядаги йирик ноширлардан бири ҳисобланиб, у томонидан нашр этилаётган Қуръон, ҳадислар ва муқаддас ислом таълимотига оид бошқа асарлар бутун дунё бўйлаб тарқалади. Шунингдек, нашриёт ўзининг таълим, меҳмонхона хизмати ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш бўйича тармоқларига ҳам эга. Кейинги йилларда бу йўналишларда ҳам нашриётнинг халқаро салоҳияти ошиб бормоқда.

Суҳбат аввалида А. Бобоев Самарқанднинг бой тарихи, азалдан илм-фан, маданият ва маънавият маркази бўлиб келгани ҳақида гапириб, бу ердан кўплаб улуғ мутафаккирлар, олиму уламолар етишиб чиққанлигини таъкидлади. Уларнинг меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.

Хожа Моҳд Ашяхарим бин Абдуллатиф Самарқандга ташрифи доирасида дастлаб буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилганини айтиб, у ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини ҳайрат билан томоша қилганини айтди. Ўз навбатида, мажмуани ривожлантириш лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш ва унинг янада обод бўлишига ҳисса қўшиш ниятида эканлигини билдирди.  

Учрашувда томонлар зиёрат туризми борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Самарқанд вилояти билан Малайзия ҳудудлари ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқаларни кенг кўламда давом эттириш юзасидан фикр алмашдилар.

Самарқанд вилояти ҳокими бугунги кунда Индонезия ва Малайзиядан келаётган сайёҳлар ва зиёратчилар сони ортиб бораётганини таъкидлаб, ушбу давлатлар миллий таомлари ва туризм хизматларига эҳтиёж ошаётганини таъкидлади. Шу боис Имом Бухорий мажмуаси атрофида қурилаётган меҳмонхоналардан бирининг бошқарувини малайзиялик мутахассисларга бериш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди. Малайзия делегацияси бу таклифни катта мамнуният билан қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, меҳмонлар Самарқандда гўштни қайта ишлаш заводи очишга қизиқиш билдириб, вилоятни ушбу йўналишда инвестициялар учун истиқболли ҳудуд сифатида кўраётганини қайд этдилар.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири