Сайёҳлик иқтисодиётнинг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Бу соҳа хорижий валюталарни кенг жалб қилиш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда шу орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш, қолаверса, халқаро муносабатларни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга.
Шу боис ҳам Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, халқаро ҳамжамиятни мазкур саноатни фаол қўллаб-қувватлаш, унинг тараққиётдаги ўрнини жамоатчиликка атрофлича тушунтиришга катта эътибор қаратиб келади.
Пойтахтимизда “Меҳмондўстлик” академияси томонидан меҳмонхона эгалари (таъсисчилари) ҳамда раҳбарлари учун “Меҳмондўстлик соҳасида хизмат кўрсатиш учун замонавий талаблар” мавзусида бир кунлик семинар ташкиллаштирилди.
Қайд этилишича, “Меҳмондўстлик” академияси отельер ва рестораторларнинг ходимларини ўқитиш, танлаш ва корхоналарга жойлаштириш борасида ишончли ҳамкор саналади.
Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур семинарнинг асосий мақсади туристик мавсумга тайёргарликдан иборат бўлиб, тадбир доирасида меҳмонхона бошқарувини ташкил қилишда креатив усуллардан фойдаланиш, ходимларни бошқариш, янги сифат стандарти ва тизимларини такомиллаштириш, сотувлар ҳажмини ошириш учун креатив ёндошувлардан фойдаланиш борасидаги тақдимот ва маҳорат дарслари ташкил этилди.
Шунингдек, мутахаcсислар томонидан халқаро стандартларга мос равишда меҳмонхона ва ресторан бизнеси вакилларининг касбий ва шахсий салоҳиятини ошириш, шунингдек, кадрларни муваффақиятли тайёрлаш бўйича маърузалар ҳамда “Хизмат кўрсатиш соҳасида маҳорат ва сифат” мавзусида тақдимот қилинди. Замонавий меҳмонхона ва унинг бошқарув тизимининг аҳамияти, меҳмонлар оқимини кўпайтириш учун концепция танлаш усули ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилишича, бу каби учрашувлар соҳа ходимларининг билим даражасини юксалтиради. Уларнинг олдига янги вазифаларни қўяди. Шу билан бирга касб маҳоратини ошириш, мамлакатимиз меҳмонхона ва ресторан бизнесини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Меҳмондўстлик” академияси меҳмонхона хизмати, туризм ва бошқа истиқболли йўналишлар мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган. Халқаро стандартларга мувофиқ меҳмонхона бизнеси ва сервиси учун мутахассисларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини яратиш академиянинг асосий вазифасидир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА