XXI асрда инсон ҳаётидаги энг катта ўзгаришлардан бири – бу ахборот муҳити ва унинг шахсий қарорлар, саломатлик, таълим, фикрлаш ва сиёсий жараёнларга бевосита таъсир қилаётганидир. Интернет ва ижтимоий тармоқлар инсонни ахборот истеъмолчисидан ташқари, унинг тарқатувчиси ва шакллантирувчисига ҳам айлантирди. Шу шароитда медиасаводхонлик – шахсий ва жамоавий хавфсизликнинг асосий омили сифатида кўрила бошланди.
Ахборот ҳужумлари даври: инсон онгини ҳимоя қилиш воситаси
Бугунги ахборот майдонида рақобат фақат маҳсулот ёки ғоялар орасида эмас, балки инсон онги учун кечмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалувчи маълумотларнинг муайян қисми: мақсадли манипуляция, сохта тарғибот, фейк ёки ярим-фейк контент, ботлар томонидан тарқатиладиган “оммавий фикр” иллюзияси, шахсий маълумотларга таҳдид солувчи алдов схемалари кўринишида учрайди.
Медиасаводхонлик инсонга ҳар бир ахборотни танлаш, текшириш, манбани баҳолаш ва манипуляцияни тушуниш қобилиятини тақдим этади. Бу эса сиёсий, иқтисодий ва кундалик қарорларда хато қилиш эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради.
Шу маънода медиасаводхонлик – инсон онгининг иммунитетидир.
Фейкларнинг эволюцияси: оддий ёлғондан интеллектуал алдашгача
Илгариги фейклар оддий эди: нотўғри маълумот, сохта рақам, тўқима воқеа. Бугун эса уларнинг шакли анча мураккаб: фотомонтаж ва дипфейклар, сохта экспертлар чиқишлари, чуқур таҳлил каби кўрсатилган манипулятив материаллар, ботлар орқали оммавий фикр симуляцияси, эмоцияга таъсир қиладиган психологик технологиялар.
Энг хавфли жиҳати – бундай фейклар фақат кам билимли инсонни эмас, балки юқори малакали, фаол фойдаланувчиларни ҳам чалғита олишида. Медиасаводхонлик инсонни аввал эмоционал реакцияни тўхтатиб, ақлий таҳлил режимига ўтишга ўргатади.
Ижтимоий барқарорлик ва миллий хавфсизлик учун аҳамияти
Ахборот муҳити беқарор бўлган жойда сиёсий ва ижтимоий барқарорлик ҳам хавф остида бўлади. Мисоллар кўп: нотўғри талқин қилинган иқтисодий рақамлар халқ орасида ҳаддан ташқари хавотир уйғотиши, ижтимоий тармоқларда тарқалган сохта хабарлар асоссиз норозиликлар келтириб чиқариши, радикал ғоялар ва сохта тарғибот ёшларни чалғитиши, соғлиқни сақлаш бўйича фейк маълумотлар зарарли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунинг учун кўплаб мамлакатларда медиасаводхонлик миллий хавфсизлик стратегиясининг ажралмас қисмига айланган.
Онгли қарор қабул қилиш ва ҳаёт сифатини яхшилаш
Ахборот инсоннинг ҳар бир қарорини шакллантиради. Медиасаводхон фуқаро: сохта “муолажа” ва хатарли диеталарга ишонмайди, молиявий пирамидалар қурбонига айланмайди, интернет фирибгарларининг қопқонига тушмайди, иқтисодий ва сиёсий жараёнлар бўйича манипуляцияга берилмайди, реклама ва PR ортидаги мақсадни англайди.
Шу тарзда медиасаводхонлик инсоннинг кундалик ҳаётини хавфсиз, бошқариладиган ва онгли қилади.
Ёшлар ва болаларни ҳимоя қилиш: рақамли асрдаги энг катта эҳтиёж
Интернетдаги контент болалар психологиясига бевосита таъсир қилади. Уларни: кибербуллинг, агрессия ва зўравонлик видеолари, ўз жонига қасд тарғиботи, хатарли ўйинлар, диний ва сиёсий радикал контент тобора кўпроқ қуролга айланиб бормоқда. Болалар медиасавод эмас, демак уларни ҳимоя қилиш учун ота-оналар медиасаводхон бўлиши шарт. Бу ахборот муҳитини тўғри бошқаришга, хавфни олдиндан англашга ёрдам беради.
Кибергигиена ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш
Инсон интернетда қолдирган ҳар бир из – унинг рақамли портрети. Ушбу маълумотдан: фирибгарлар, хакерлар, таргет реклама тизимлари, сиёсий технологиялар, автоматлашган контент платформалари фойдаланиши мумкин.
Медиасаводхонлик: шахсий маълумот муҳофазаси, хавфли сайт ва ботларни таниш, парол маданияти, алдов схемаларини ажратиш каби кўникмаларни шакллантиради.
Ахборот маданияти: жамоат фикрида масъулият ва ҳалол мулоқот
Медиа – бу фақат хабар эмас, балки маданият ва жамоавий мулоқот майдони. Медиасавод инсон: танқидий фикрлайди, турли нуқтаи назарга ҳурмат билан ёндашади, ноаниқ маълумотни тарқатмасдан аввал текширади, ахборотнинг жамиятга таъсири ҳақида ўйлаб, масъулиятли тарзда мулоқот қилади. Бу жамиятда барқарор, холис ва соғлом ахборот муҳитини яратади.
Хулоса: Медиасаводхонлик — замонавий инсон учун ҳаётий зарурат
Медиасаводхонлик бугун: инсон онгини ҳимоя қилиш воситаси, фейклардан муҳофаза, болалар хавфсизлиги, рақамли гигиена, онгли қарор механизмлари, ижтимоий барқарорлик кафолати, демократик жараёнларда онгли иштирок сифатида ўзини намоён қилмоқда.
Ахборот тезлиги инсон идрокидан юқори бўлган бир даврда медиасаводхонлик – бу билим эмас, ҳаёт кечириш қобилияти, инсоннинг шахсий хавфсизлиги ва мустақил фикрининг асосий таянчидир.
Умиджон Қурбонов, ЎзА