Фарғонадан қайтдик. Ҳамкасбларнинг бир ҳафталик Чимён дийдорлашув анжумани ғоятда самарали, қизиқарли ва фойдали ўтди. Қуруқ маърузабозлик бўлмади. Журналистикамизнинг бугунги аҳволига синчков назар ташланди, баҳс ва мунозараларга бой бўлди.
Аввало, форумнинг ташкилий жиҳатдан пухта ташкил этилганини алоҳида айтишим керак. Зотан, тўқсонга яқин одамни бир жойга йиғиб, ҳафта давомида турли даражадаги тренинглар ташкил этиш, бунинг устига, фурсат ғанимат уларнинг саломатлиги тўғрисида қайғуриш… Бу осон иш эмас.
Иккинчи таҳсинга лойиқ жиҳати – форумнинг «халқаро» деган мақомга ярашиқли ташкил этилгани. Унинг ишида маҳаллий журналистларимиз билан бирга олис Канададан таниқли журналист Исмат Хушев, «Озодлик» радиосидан Паҳлавон Содиқ, «Америка овози»дан Навбаҳор Имомоваларнинг иштироки, Олий Мажлис депутати, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директори Абдусаид Кўчимовларнинг кенг мушоҳадали маърузалари, марказий нашрлар бош муҳаррирлари Норқобил Жалил, Абдурасул Жумақулов, Олимжон Ўсаровларнинг баъзида кескин, баъзида кескир фикрлари жам бўлган ҳамкасблар учун яхшигина маҳорат сабоқлари бўлди, дейиш мумкин.
Дарҳақиқат, бугун журналистика ва умуман, ОАВ жиддий синовлардан ўтаётган давр. Матбуот эркинлашди, илгариги тўсиқлар йўлдан олинди. Бироқ кун тартибида бошқа бир масала пайдо бўлди: соҳанинг ўзи баъзи ўринларда мададга муҳтож бўлиб қолди. Буни қуйидаги иддаолардан холи саволлар ёрдамида ифодаласа бўлади. Хўш, ростан ҳам журналистиканинг эртанги куни қандай бўлади? Босма нашрлар яна қанча яшайди? Босма нашрларни сақлаб қолиш керакми? Уларнинг бу аҳволга келишига нималар сабаб бўлди?..
Саволларки, жавоби оғир, ечими мураккаб, ечимда бир қадар талаблар борки, ўзимизга боғлиқ эмас… Начора!
ГАЗЕТАЛАР КИМГА ХАЛАҚИТ БЕРМОҚДА?
Фарғонага борган кунимиз умумжамоанинг кайфияти хийла «тушкун»дек кўринди менга. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди, албатта. «Озодлик» радиоси бош муҳаррири, «ўзимизнинг» Паҳлавонбекнинг ўзбек матбуотидаги эркинлик, янги Президент сиёсатидаги фикр ва сўз эркинлигининг қанчалик мустаҳкамлиги борасида айтган ўта ноёб фикрларини тинглай туриб, дунё асли ўзи қанақа, деб ўйлаб қолдим.
Ахир биз «Озодлик» радиосининг бизга қанчалик хайрихоҳлигини ҳар кунги у бераётган ахборот-у, мақолалардан эшитиб, ўқиб борамиз. Мен бу «озод фикр»ни озод фикр дейишга шошилмаган бўлар эдим. Майли, бу – алоҳида мавзу!
Энг муҳими, Паҳлавоннинг олис юртдан берган баҳоси иштирокчилар томонидан «трезво» қабул қилингани, яъни бирданига ҳамма бу гапларга қарсак чалиб, қўшилиб кетмаганидан хурсанд бўлдик. Ташкилотчилар Паҳлавоннинг модераторликка «кўндирилиши» осон кечмагани, бу жараён унинг тепасидаги мутасаддилари билан келишувларни тақозо этгани ва бир неча босқичли келишувларнинг натижасидагина у бу мулоқотда иштирок этиш ҳуқуқини олганини айтиб беришди. Айни шу жараённинг ўзи бу оммавий ахборот воситасининг нечоғли «эркин фикр»га муносиб эканини «кўрсатиб турибди». Агар ҳақиқатга тўғри кўз билан қараш керак бўладиган бўлса, ҳақиқат айнан мана шундай!
Шу боис ҳам жамиятимиз озод фикрга қанчалик тайёрлиги ва ҳозирги жараёнлар Европа ва ёки ғарбнинг талабларига тўғри келиш-келмаслиги борасидаги модератор мулоҳазалари тўла қўллаб-қувватлов билан қарши олинмади. Айнан мана шу нуқта бизда ҳам биров не деса қўл кўтариб, сафига қўшилиб кетаверадиган эргашувчанлик мақомимиз ўзгарганидан далолат. Бу, албатта, қувонарли. Иштирокчиларнинг бир қадар маҳзунлигининг яна бир боиси бир кун олдинги сессияда Шерзодхон Қудратхўжанинг газеталарнинг ўрнини гаджетлар эгаллаб бораётгани, мажбурий обуна қилинган газеталарнинг ўқилмаслиги ҳақидаги фикрлари бўлган кўринади.
Очиғи, Шерзодхон бир қадар ҳақ, у газеталарни мазмунли, ўқувчига ёқадиган қилиб чиқариш кераклиги, замон ёшлари ҳозир газета ўқиб эмас, компьютерда ўтириб ахборот олиш имконига эга экани учун газета ўқимаслиги, мухтасар айтганда, «замонга мослашиш» зарурати тўғрисида сўз юритган (Илгари ҳам бир одам шунақа гапиргани эсимизда.)
Форум иштирокчиларига бу фикрнинг оҳанги ёқмаган. Ўйлаб кўринг, сиз бир маҳсулот ишлаб чиқармоқдасиз, бу ўзингизга ёқяпти, иккинчидан, сиз бу касб билан умрингизни боғлаб қўйгансиз. Ва бундан мамнунсиз. Бу – масаланинг соф инсоний тарафи. Масаланинг бизни хафа қиладиган томони, газеталарнинг саёзлиги борасида фикр бугунги газетани варақлаб ҳам кўрмаётган, бунинг устига, ўзлари бир қоғоз мақолани қойил қилиб ёза олмайдиганлар томонидан тап тортмай айтилаётганида эди, назаримда. Тўғриси, гапираётган одам олд-ортига бундай бир қараса, фойдадан холи бўлмасди! Зотан, Шерзодхон Қудратхўжа тадбиркор ёки муҳандис эмас, айнан шу «ошхона»нинг одами. Қолаверса, у газеталарда ишлаши керак бўлган бўлажак журналистларни тарбияловчи масканнинг раҳбари-ку! «Вот что обидно!».
ЖОНГА ТЕККАН ОБУНА!
МОДЕРАТОРДАН ИҚТИБОС:
«БУ ЙИЛГИ ТАШКИЛЛАШТИРИЛГАН ОБУНА, КЎЧА ТИЛИ БИЛАН АЙТГАНДА, «МАЖБУРИЙ ОБУНА» БИР ҚАТОР ГАЗЕТАЛАРНИНГ ИМИЖИГА ҲАМ, ЎҚУВЧИЛАРИ ОЛДИДАГИ ОБРЎСИГА ҲАМ САЛБИЙ ТАЪСИР ҚИЛДИ».
Газетачининг кўнглига тегадиган, дилини ўртайдиган аччиқ гап! Ўтган йили биз кўп ҳокимликларда обуна «ташкиллаштирилгани»дан хабар топдик. Мен бу борада баъзи маълумотларга эга бўлганим боис, ишонч билан айта оламанки, бу тарғибот, келинг, ана «мажбурий обуна» мавсумидан энг катта йўқотиш бош нашрларимиз гарданига тушди.
Ҳокимликлар илгариги, анъанавий ва синалган «услуб»да обуна ташкил қилишга киришишди. Оқибат ҳам илгаригидек бўлди, яъни «сводка»да бошқа рақам, амалда эса сира ҳам ҳавас қилиб бўлмайдиган адад сув юзига чиқди. Яъни, бош нашрларнинг номи сотилди, эвазига тушган пуллар эса қаерлардадир қолиб кетди. Бу жуда чигал муаммо. Кўпчилик яширмай айтадиган: «мажбурий обуна»нинг ортида илгаридан битта мақсад бўлган – бу бизнес, деган гапга баъзан одамнинг ишонгиси ҳам келади. Аслида эса, бу «кузги мавсум»лардан журналистика жуда кам фойда кўрган ва бу гал ҳам шундай бўлди, ҳисоб. Айнан шу боис ҳам газетангиз мажбурий обуна қилинади, деган жойи ҳаммамизга бирдек оғир ботадики, бу гапларни айтаётган одамлар гўё «муттаҳамлик билан кун кўраётирсизлар» дегандек ёқимсиз жаранглайди. Ҳақиқий аҳвол, қаламкашнинг туруш-турмуши эса, бундай иддаоларга мутлақо тескари. Биласизми, туманларнинг аксариятида ҳокимлар ўз нашрларининг обунаси билан мутлақо шуғулланмагани, бош муҳаррирлар 2,5 штат бирлиги билан газета чиқараётгани, тарқатаётгани, обуна ташкил қилаётгани ва ижод билан машғуллигини кўрдик. Балким, ўша газеталар жуда ўқишли эмасдир, сифат масаласи ҳам чатоқроқдир. Лекин бу журналистнинг айби эмаску! Қолаверса, бундай хато ва етишмовчилик, «қўли калталик»ни рўкач қилиб, «газетанинг умри тугади, ассалому алайкум, гаджетлар» дейишга кимда қандай маънавий асос бор?
Энди газеталарнинг эртаси ҳақида кўп башорат билдираётганларга яна бир илтимос қилсак, келинглар, охирги марта бирор мақолани қачон ўқиганингизни эслай олмасангиз, яхшиси, бундай донолик қилишдан тийилинг, минглаб заҳматкаш ҳамкасбларимиз меҳнатини ерга урманг, тупроққа қорманг!
Шахсан ўзим газеталарнинг умри оёқлашига сира ҳам ишонмайман. Нега? Чунки ижтимоий тармоқлардаги тобора бижғиётган саводсизлик қачондир жамият ҳафсаласини пир қилади. У ўзи учун нормал формат излашга барибир мажбур бўлади. Бу, шубҳасиз, газетадир! Ҳозир ҳам дунё нигоҳини ўзига қаратиб турган, жаҳон сиёсатига сезиларли таъсир ўтказаётган, миллионлаб ададда нашр этилаётган «Ёмиури симбун» (Япония), «New York Times» (АҚШ), «Жэньминь жибао» (Хитой), «Hürriyet» (Туркия), «Bild» (Германия) каби газеталарнинг фаолияти бу фикримни тўла қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман.
ҚАЛАМ ВА ҚАЛАМКАШ ҲАҚИДА СЎЗ АЙТИНГ…
Анжуманда шунчаки лалми гапларга деярли ўрин бўлмади, ҳисоб. Чунки даврадаги самимият, қолаверса, шароитнинг ўзи ютуқ-камчиликларни рўй-рост айтишни тақозо этди. Мулоҳазаларнинг аксарияти бугунги газеталаримизнинг мазмун-мундарижаси, шакл-шамойили, уларнинг электрон шаклларини бойитиш, сайт, телеграм, ютуб каналларини ишга тушириш каби бир қатор жиддий янгиланишлар борасида бўлди.
Устозларимиз – Абдусаид Кўчимов ва Хуршид Дўстмуҳаммаднинг айбни ташқаридан, бошқалардан ва ҳатто фалончи – писмадончилардан эмас, балки ўзимиздан излашимиз кераклиги борасидаги кескин фикрлари йиғилганларнинг ён дафтарларига муҳрланди. Мавзулар бўйича ажратилган бир соатлик вақт икки-уч соатларга чўзилди, лекин биров зерикмади, биров ранжимади. Очиқ, юзма-юз фикрлашилди. Тўғриси, сени юрагингга яқин одам тергаса, айбингни ёки камчилигингни асослаб, бўйнингга қўйиб айтса, қочарга жой тополмайин ҳам қоларкансан, киши…
Ана шу жойда бир ўзимизга ҳам баҳо берайлик. Бугун биз ўз ишимиз билан мақтана оладиган ҳолдамизми? Тўғрисини айтиш лозимки, баъзида яхши мақола анқонинг уруғидай гап… Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўқувчи газеталарни варақлаб, кетган пулига, кўз нури сарфига рози бўляптими? Мана, Форумдаги бизни қийнаган масала нима бўлди.
МОДЕРАТОРДАН ИҚТИБОС:
«БУГУН ШУНДАЙ БОШ МУҲАРРИРЛАР БОРКИ, БОШЛАРИ БИР ҚОЗОНДА ҚАЙНАМАЙДИ, КЕЧИРАСИЗ, БОШИ УМУМАН «ҚАЙНАМАЙДИГАН» БОШ МУҲАРРИРЛАРИМИЗ ҲАМ ЙЎҚ ЭМАС».
Бу оғир гапни айтаётган одам ўйламай гапираётир, деб ўйлайсизми? Йўқ, ўйлаганда қандоқ! Обдон ўйланиб, тобига етгач, айтилган писанда, аслида бу. Уч йилдан буён газеталарнинг обунасидан тортиб, уни тарқатиш тизимини ҳам биргаликда янгилаш, ҳамжиҳат бўлиб тизим яратиш устида неча бор фикрлашдик, аммо кўпгина муҳаррирларимиз масалага қарашда лоқайдлик чопонини мудом ечмай келаётирлар. Тизимдаги ишлар ҳамжиҳатликни, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишни тақозо этади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор: агарким аксарият газеталар адади камайиб бораверар экан, кўп тиражли газеталарнинг таннархи ошгандан ошиб бораверади. Бу – икки карра икки тўрт дегандек гап. Буни тан олиш фурсати аллақачон етган.
Шу маънода айтганда, бош муҳаррирларнинг боши бир қозонда қайнамоғи – кун талаби. Биз, ҳаттоки, мулоқотларда тарқатиш борасида вилоят ва ҳатто туман газеталари билан ҳам биргалашиб ишлашимиз зарур эканини эътироф этдик. Бу форумдаги яхши хулосалардан бири бўлди.
Форумда бир қатор газеталарнинг тақдимотларини ҳам кўрдик. Келинг, бу борада жиддий тўхталмайман, чунки пешонаси қаттиқ ҳамкасбларимнинг кўнгилларига озор бериш истагим йўқ. Биз газеталарнинг аҳволи, «афт-ангори»ни кўриб, муассисларнинг эътибори ҳақидаги саволларни беришга жазм эта олмадик ҳам. Шундай бўлса-да, баъзи маънавиятли, виждони уйғоқ ҳокимларнинг ўз нашрлари ададини 3000 нусхадан кўпайтириб қўйганларини кўрганда, беихтиёр уларга таҳсинлар айтдик.
Учрашувларда англаган яна бир нарсамиз шу бўлдики, вилоят ва туманларда нашр этилаётган кўп газеталарнинг номларини ўйлаб кўриш керак экан, биз ҳўўў отам замондаги ном қўйиш принципида юрганга ўхшаймиз. Битта муҳаррир, битта компьютерчи ва «яримта» мухбир чиқараётган, кўчама-кўча обуна қилиб, кўчама-кўча тарқатаётган газетага оҳанжама қилиб «Истиқбол тонги» деб (буни мисол учун айтяпман) ном қўйишдан мантиқ қидиришнинг ўзи бир мантиқсизлик. Газеталарнинг йўналиши, стратегияси аниқ-тиниқ белгиланмаган ҳолатлар кўп. У ижтимоий-сиёсийми, туман ҳокимлиги нашрими, тармоққа тегишлими, дабдурустдан англаш қийин. Айни нуқтаи назардан нашрларимиз ўз ўқувчилари аудиторияси билан ишлаш масаласида оқсамоқда десак, юмшоқ айтилган гап бўлади, назаримизда.
НАШРЛАР ТАННАРХИНИ ҚАНДАЙ АРЗОНЛАШТИРИШ МУМКИН?
МОДЕРАТОРДАН ИҚТИБОС:
«НАШРЛАРИМИЗ БИР ЁҚАДАН БОШ ЧИҚАРСА, ГАЗЕТАЛАРНИНГ ТАННАРХИНИ АРЗОНЛАШТИРИШ МУМКИН».
Мавзу тарқатиш масаласида! Бунинг учун, масалан, Ёзёвон, Бувайдада чиқадиган нашрлар ҳам Тошкентдаги бир бош бўлувчи тарқатиш тизимига қўшилиши лозим. Дейилмоқчики, нашрларни тарқатиш тизими янгиланиши лозим ва шарт. Биз республика почтаси ёки матбуот тарқатиш ҳамда турли МЧЖлар хизматига ишона олмайдиган даражага етиб келдик. Шу пайтгача бизнес бўлиб келган бу соҳага энди яхши менежмент лойиҳаси керак бўляпти.
Бу борада «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири билдирган фикрлар кўпчиликни сергак торттирди. Агар халқ таълими тизимидаги раҳбарлар ростдан ҳам ўқувчиларни маърифатли қилиб тарбиялашга киришганида, вазият бутунлай бошқача бўлган бўлар эди. Чунки Абдурасул Жумақуловнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистондаги ҳар бир синф битта журналга обуна бўлса, бу журналнинг йиллик обунаси 20-25 минг сўм атрофидаги суммага айланар экан, майли, муҳаррир ҳисоб-китобда икки баробар адашган бўлсин ҳам дейлик ёки беш баробар хато қилган бўлсин ҳам, шунда бир журнал обунаси 100 минг сўмга айланади, бу эса 30 кишилик синфга 3 минг 333 сўмданга тушади. Хўш, энди айтинг, мактабни маърифат маскани қилишга астойдил бел боғлайдиган валломатлар, икки гапининг бирида ватанпарвар авлод, интеллектуал ёшлар, аждодларга муносиб маънавий етук фарзандлар тарбияси ҳақида такрорлайдиган сўзамол воизларимиз қани?
ХУРШИД АКА САБОҚЛАРИ
Хуршид аканинг сабоқлари барчамизни уйқудан уйғотди. Биз ўзимизни чоғлаб юрган қир-у баландликлардан ерга эниб, йўқ, аниқроғи, қандай тушиб қолганимизни пайқамай ҳам қолдиг-ов…
Ҳозир ўқийдиган нашрларимиз талайгина. Агар ростдан ҳам қунт қилиб, ҳафталик газеталарни варақлаб кўрсангиз, дунёнинг муаммосини елкалаб олганлариниям топасиз. Аммо бундай мавзудаги мақолалар бир берилади, тамом. Кейин танаффус. Бир таҳририят кўтарган масала ўша газетанинг ададича жойга етиб боради, мутасаддиларгача эса анча йўл бор ҳали. Айниқса, оғриқли мавзуларни бир таҳририят олиб чиқса, иккинчиси уни тўлдирса, учинчиси бошқа томондан қараб таҳлил қилса, бешинчиси унинг зарари, оқибатини кўтариб шов-шув қилса бўладими? Бўлади! Нега шундай ҳамжиҳат эмасмиз?
Ҳамжиҳатлик кўр-кўрона қўллаш маъносида эмас, жамиятдаги муаммоларни бартараф этишга эришиш маъносида етишмаяпти. Мени бир нарса кўп хафа қилади, эътибор бериб юраман, кўпинча ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган шов-шувли чиқишлар муаммо, одамларнинг дарди, долзарб мавзулар қолиб, кўпроқ шахсларга, айнан фалон вилоят ҳокимига, фалон вазирга, фалон амалдорга қаратилган бўлади. Мен у амалдорларнинг биронтасини ёқлаш фикридан йироқман. Лекин бизни шахс эмас, муаммо, ўша ҳоким йўл қўйган хато ва камчиликлар, уларнинг оқибатлари қизиқтириши лозим. Журналистларда ҳартугул бир шахсга ёпишиб олиш тенденцияси мавжуд эмас. Бу қувонарли ҳол. Бироқ, бир мавзу атрофида ҳам ўша ҳамфикрлик йўқ-да!
Бир ҳафта давом этган мулоқотлар бир мақолага сиғмас, дейман. Балким, бу Форумда билдирилган фикрлар тўплам ҳолида чиқарилса ҳам фойдадан холи бўлмасди.
Фарғонада анжуманнинг якуний сессиясига хотима ясар экан, бош ташкилотчи Муҳаммаджон Обидов бироз ҳаяжонга берилди. Бу тўққизинчи бор ўтказилган Форумнинг ортидаги катта меҳнат, ундан кутилган самара ва унинг кўпчилик учун ғоятда фойдали бўлгани, яъни мақсадга эришилгани билан ва қолаверса, бугунги таҳликали бир даврда қадрдонларнинг бошини қовуштириб, бебаҳо дийдорлашувни тақдим эта олганидан қувониш кўз ёшлари бўлди, чамаси-да…
Яхши қол, Фарғона, юрт ишқида ёнаётган фидойиларинг ҳамиша омон бўлишсин! Ҳамкасбимиз ва ҳамкасбларимизнинг қадрдони Обидовга эса айтадиганимиз – Ўзингизни асранг, ака, бизга ҳали кўп кераксиз!
Ҳусан ЭРМАТОВ,
«Дўстлик» ордени соҳиби