Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Медиафорум: “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик”
09:40 / 2022-03-11

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги, “Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, Навоий вилояти телерадиокомпанияси ҳамда Уюшманинг Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида Навоий вилоятида жорий йил 25-30 март кунлари илк бор “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида республика медиафоруми ўтказилади.

Мазкур Республика медиафорумида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятдан ОАВ вакиллари, хусусан, телевидение, радио, матбуот ва интернет нашри журналистлари, блогер ҳамда уюшма ҳудудий бўлим раислари, устоз журналистлар иштирок этади.

Форум доирасида иштирокчилар учун “НКМК жамғармаси” давлат муассасасига қарашли “Металлург” профилакторий-санаторийсида соғломлаштириш муолажалари амалга оширилади. Шунингдек, Кармана туманидаги тарихий қадамжоларга, айниқса, Қосимшайх Азизон, Мавлоно Ориф Деггароний, Мир Саид Баҳром, Работи Малик сингари улуғ зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларга саёҳатлар ташкил этилади.

Дунё тамаддуни ва маънавий юксалишига муносиб ҳисса қўшган Нурота туманининг “Чашма” меъморий мажмуаси ҳамда Навбаҳор туманидаги етти минг йиллик тарихга эга “Сармишсой” очиқ осмон остидаги музейга ташриф ҳар бир иштирокчида катта таъсурот қолдириши табиий.

— Навоий вилоятида илк бор ташкил этилаётган медиафорум иштирокчиларининг Навоий вилоятига келиб-кетиш харажатлари иштирокчи ёки таҳририят ҳисобидан амалга оширилади. Қолган барча сарф-харажатлар (ётоқ-жой, овқатланиш, соғломлаштириш, вилоят ҳудудида транспорт хизмати) ҳамкор ташкилотлар ҳисобидан қопланади, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов. – Дастур доирасида форум иштирокчилари ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари учун соҳа вакиллари томонидан ҳар куни маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ташкил этилади.

Медиафорум дастурида журналистлар учун Навоий вилоятидаги йирик корхоналарга, хусусан форумнинг асосий ҳамкори, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин эгаллаган “Навоий кон металлургия комбинати” АЖга қарашли Навоий машинасозлик заводи, Зарафшон шаҳридаги “Мурунтов” кони, 7-гидрометаллургия заводи ҳамда НКМК музейига саёҳат уюштириш кўзда тутилган.

Абдували Бўриев, ЎзА