Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Медиация - низони ҳал қилишнинг прогрессив усули
11:03 / 2021-06-09

Медиация (лотинча «mediare», инглизча «mediation» - воситачилик) юзага келган низони томонларнинг ихтиёри ва розилиги асосида, бетараф, холис, манфаатдор бўлмаган учинчи шахс, яъни медиатор кўмагида ҳал қилишнинг альтернатив усулидир.

Медиаторлар хулқининг Европа кодексида«Медиация - бу икки ёки ундан ортиқ томон ушбу томонларга низони суд қарорисиз келишув тартибида ҳал этишга ёрдам бериш учун учинчи томон - воситачини жалб қилишга розилик бериш орқали ўтадиган исталган жараён», дея таъриф берилган.  

 Медиация ҳаётдаги турли хил низоларни тинчлик, музокара ва муроса йўли билан ҳал этишнинг прогрессив техникаси сифатида инсоннинг шахсий ва ижтимоий ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ҳодиса. Медиация замонавий билим соҳаси сифатида низоларни ҳал қилишнинг энг қулай усулларидан бири саналади.  

 Медиатор (воситачи) холис, бетараф шахс бўлиб, томонларга юзага келган низоларнинг ўзаро манфаатли ечимини топишга кўмаклашади. Бу жараёнда низолашаётган томонлар учун зарур шарт-шароитлар таъминланган ҳолатда ўзаро муносабатларни (оилавий, касбий, ижтимоий) сақлаб қолишга ва ҳамкорлик қилишга имконият яратилади.  

 Низо – одамлар, ғоялар ёки манфаатлар ўртасидаги муносабатларда дисгармония (уйғунликнинг, мувозанатнинг бузилиши), келишмовчилик ҳолати, қарама-қаршиликлар тўқнашуви. Низо мақсад-муддаоси, фикрлари бир - бирига мос тушмайдиган томонлар (одамлар, гуруҳлар) ўртасидаги муносабат, манфаатлар тўқнашуви, муаммоларни ҳал этишнинг энг радикал (кескин) усули бўлиб, ушбу жараёнда ҳар бир томон фақат ўзининг манфаатини кўзлайди. Тадқиқотчи Н. Гришинанинг таъкидлашича, низолар ўз даврининг миллий, маданий, ижтимоий, мафкуравий муаммолари, қадриятлари ва хурофотларини ўзида акс эттиради.[2]  

 Низо шахслар ёки ижтимоий кучлар тўқнашуви, камида икки томоннинг манфаатлари, қарашлари, позициялари қарама-қаршилиги кўринишида юз берадиган ўзаро таъсир жараёнидир.  

 Низонинг асосий таркибий элементларига қуйидагилар киради:  

 низо томонлари;  

низо предмети;  

низоли вазиятнинг тасвири;  

низо сабаблари;  

низоли томонларнинг позициялари.  

Низо қуйидаги кўринишларда юз бериши мумкин:  

 муайян масала бўйича келишувнинг йўқлиги;  

турли жамоалар манфаатларининг қарама-қаршилиги;  

ахлоқий ва ҳуқуқий нормалар ўртасидаги зиддиятлар;  

маданий, этник можаролар;  

бирор масалада рақобат.  

Медиация ижтимоий ҳаётнинг турли аспектларига оид турли низоларда қўлланилиши мумкин. Медиация ўтказишнинг имконияти йўқлигини билдирувчи номедиабеллик ҳолатлари бундан мустасно ҳисобланади (Масалан, маданий хусусиятлар, суд прецедентининг мавжудлиги, жисмоний зўрлик, низонинг кўп субъектли эканлиги, учинчи шахс манфаатларининг ифодаси, руҳий касалликлар мавжудлиги ва ҳ.).  

 Медиация ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларига татбиқ этилиши мумкин:  

 бизнес-коммерция муносабатлари;  

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлари;  

оилавий муносабатлар;  

таълим муносабатлари;  

ижтимоий-меҳнат муносабатлари.  

Оила медиацияси. Оиладаги шахслараро низолар ечимига ҳамда фарзандлар, оила аъзолари билан нормал муносабатларни сақлаб қолишга қаратилган.  

 Бизнес-коммерция медиацияси. Хўжалик субъектлари ўртасида, бизнес соҳасидаги низоларни ечимига қаратилган.  

 Ижтимоий-меҳнат низоларига оид медиация. Меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган иш берувчи ва ходимнинг ўртасидаги меҳнат низоларининг ечимига қаратилган.  

 Суд медиацияси. Судланувчи ва жабрланувчи, даъвогар ўртасидаги суд низоларининг ечимига қаратилган. Дунё амалиёти ушбу медиациянинг 85% муваффақиятли якун топишини кўрсатади.  

 Томонларнинг бевосита муносабатга киришиши, киришмаслигидан келиб чиқиб медиация очиқ, ёпиқ ва аралаш турга бўлинади.  

 Ко-медиация. Икки ёки ундан ортиқ медиаторлар иштирокида бўлиб ўтиши мумкин.  

 Онлайн-медиация. Томонлар ўртасидаги низони уларнинг шахсий иштирокисиз онлайн ҳал қилиш мумкин бўлган жараён.[3] Учрашувлар виртуал тарзда, видео, телеконференциялар, Zoom (АҚШда жойлашган масофавий конференц-алоқа шакли) орқали ўтказилади. Интернет орқали кириш мумкин бўлган шифрланган булутли платформалар жараённи осонлаштирилади.  

 Онлайн медиация орқали низоларни ҳал қилиш «ҳақиқий» воситачиликнинг аналогидир. Томонлар умумий сессияни танлаши мумкин, сўнгра медиатор иштирокчиларни мунозара хонасига таклиф қилади.  

 Интернетда низоларни ҳал қилиш АҚШда энг кенг тарқалган. 2003 йил ҳолатига кўра ушбу хизматларни кўрсатувчи ташкилотларнинг 76 веб-сайтидан 43 таси АҚШда, 4 таси Канадада, 20 таси Европада, 5 таси Австралияда жойлашган.  

 

  

Моҳира Холиқова,  

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги 

«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи, фалсафа доктори, доцент