Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Медиа-тур иштирокчилари қаҳрамон даласида
17:46 / 2019-10-25

Фарғона вилоятига ташриф буюрган марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижодкорлар опанинг дала шийпонида бўлишиб, юксак мукофот билан табриклашди.


Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами арафасида Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муротова Президентимизнинг фармони билан “Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвони билан тақдирланди. Фарғона вилоятига ташриф буюрган марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижодкорлар опанинг дала шийпонида бўлишиб, юксак мукофот билан табриклашди.

Шу ерда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев меҳмонлар билан суҳбатлашди, уларга ўзининг самимий тилакларини билдирди.

Жорий йилда фарғоналик пахтакорлар мамлакатимизда биринчи бўлиб пахта тайёрлаш режасини бажарди. Хусусан, Лола опа Муротова бошчилигидаги фермер хўжалигида ҳам мўл ҳосил етиштирилиб, шартнома режаси ортиғи билан уддаланди.

photo5303185146633104173.jpg

– Фермер хўжалигимиз тасарруфида 500 гектар ер майдони бўлиб, унинг 126 гектарига пахта эккан эдик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова. – Барча агротехник тадбирларни маромида бажардик. Мана, ўйлаганимиздан ҳам кўп ҳосил олдик.
Лола Муротова бутун фаолияти давомида мамлакатимиз деҳқончилиги ривожига самарали ҳисса қўшиб, фермерликда ҳавас қилса арзийдиган натижаларга эришди. У Марказий Фарғонанинг чўл-дашт, қумлоқ ерларида иш бошлаганида кўпчилик “аёл бошинг билан нима қиласан, қумлоқ жойлардан ер олиб, манаман деган эркаклар ҳам бу ерларни олишга ботина олмади. Кўрасан, бу қумлоқ ерлар сени ютиб юборади” дейишган эди. Лекин меҳнатда тобланган Лола опа бу гапларга қулоқ тутмай, енг шимариб, астойдил ишга киришишни афзал билди. Гектаридан базўр 7-8 центнер ҳосил берадиган ерни эпақага келтириш учун ҳузур-ҳаловатидан кечди. Меҳнатлари бесамар кетмади. Опа бугун мана шу чўл ҳудуддаги ердан ғалладан 70-80 центнер, пахтадан 40-45 центнер ҳосил олиш мумкинлигини исботлади. Шийпондаги мўъжазгина боғ, шинам айвонлар, ошхона, ҳаммом, хуллас, замон талабига мос барча шароитлар ишчилар ихтиёрида. Улар эришаётган муваффақиятдан руҳланиб, янада шижоат билан меҳнат қилмоқда.

Ҳа, бугун Лола Муротованинг ютуқлари ҳар қандай инсоннинг ҳавасини келтиради.

Дала шийпонида бўлиб ўтган мулоқотда қаҳрамон опанинг фидокорона меҳнати яна бир бор эътироф этилди.