Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Медиа-тур: Фарғонада балиқчилик ривожланмоқда
10:51 / 2022-07-16

Халқимиз азалдан балиқни ҳалол ва пок егулик сифатида қадрлаб келган.

Етти хазинанинг бири сифатида эътироф этилувчи бу озуқанинг аҳолини юқори сифатли оқсиллар билан таъминлашдаги ўрни ҳам салмоқли. Хўш, бугунги кунда аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, балиқ маҳсулотлари нархининг барқарор сақланиши, балиқчилик тармоғини ривожлантириш, аҳолига қўшимча даромад манбаини яратиш ва ниҳоят, соҳага замонавий инновацион технологиялар, илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш борасида Фарғона вилоятида қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан ташкил этилган медиа-турда журналист ва блогерлар мазкур жараён билан яқиндан танишди. 

Ҳозирги кунда вилоятда 467 та балиқчилик хўжаликлари мавжуд. Шундан 464 та хўжалик 6 минг 300 гектар сунъий сув ҳавза майдонларида ҳамда 3 та хўжалик субъекти 3 минг 988 гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш бўйича фаолият юритиб келмоқда.

Вилоятда 2021 йилда барча хўжаликлар томонидан 40 минг 600 тонна балиқ етиштирилган ва бу кўрсаткич ўтган 2020 йилга нисбатан 135 фоиз кўп демакдир. Шунингдек, умумий қиймати 44 миллиард сўм бўлган 13 та янги балиқчилик лойиҳалари амалга оширилган. Жорий йилда вилоятдаги 3 минг 700 гектар сунъий сув ҳавзаларини интенсивлаштириш ҳисобига балиқ етиштириш ҳажмини 60 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

–Кейинги йилларда вилоятимизда балиқчиликка катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, соҳага кластер тизимини татбиқ этиш, интенсив усулда балиқ етиштириш, мавжуд табиий ва сунъий сув ҳавзаларини босқичма-босқич хатловдан ўтказиш, қайта рўйхатга олиш ва уларнинг электрон хариталарини яратиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди “Фарғона балиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти директори Умиджон Мелиев. 

– Аҳоли ва тадбиркорларнинг балиқ етиштиришга нисбатан қизиқиши йил сайин ортиб бормоқда. Галдаги вазифалар уларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш, янги маҳсулдор турларни олиб келиш, интенсив усулларни кенг жорий этиш, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришдан иборат.

“Фарғона балиқсаноат агрофирмаси” масъулияти чекланган жамияти  томонидан Ёзёвон туманида республикада биринчи бўлиб 1,2 сотих майдонда юқори интенсив усулда 100 тонна балиқ етиштириш технологияси йўлга қўйилмоқда.  Шунингдек, Олтиариқ тумани Қизилтепа чўл ҳудудида ушбу хўжалик томонидан осётр балиқларини етиштирувчи ёпиқ сув айланма тизими ишга туширилди. 

– Асосан осётр ва фарель балиқ турларини интенсив усулда етиштиришга эътибор қаратганмиз. Йилига 2 минг тонна балиқ етиштиришни мақсад қилганмиз, – дейди “Фарғона балиқсаноат агрофирмаси” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Санжарбек Тешабоев. – Балиқ чавоқларини етиштиришдан тортиб, боқиш учун омухта ем ишлаб чиқариш ва маҳсулотни қайта ишлашгача бўлган босқичлар кластер усулида қамраб олинган. Ёзёвон тумани ҳудудидаги Марказий Фарғона сув омборида садок усулида балиқ етиштириш лойиҳаси ҳам ишга тушиш арафасида. Бунинг натижасида балиқ етиштиришни йиллик 5 минг тоннага олиб чиқиш ва қўшимча 100 та янги иш ўрни яратиш имкони яратилади.

[gallery-7936]

Жорий йилда вилоятда 100 гектар сунъий сув ҳавзаларини интенсивлаштириш ишлари амалга оширилди ҳамда балиқ етиштириш ҳажми ҳар бир гектардан 8-10 тоннагача етказилди. Хусусан, Ёзёвон туманидаги “Ибрагимов Достон Файз” фермер хўжалиги томонидан интенсив усулда балиқ етиштириш технологияси ўрнатилди. 2018 йилдан буён фаолият олиб бораётган Марғилон шаҳридаги “Mr fish Farg‘ona” корхонасида эса интенсив усулни қўллаш орқали йилига 100 тонна балиқ етиштириш режалаштирилган.

Маълумки, ҳар бир соҳанинг жадал ривожланишида илмий ёндашув ва илғор тажрибаларни қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Балиқчилик бўйича малакали мутахассисларни етиштириш ҳам ҳал қилувчи омиллардан саналади.

–Ихтиология йўналишида 58 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлаш мақсадида 3 сотих майдонда 7 та бассейнлар қурилиб интенсив усулда балиқ боқиш йўлга қўйилди, – дейди Бешариқ туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактаби директори Алишер Сотволдиев. – Ҳозирда ушбу бассейнларда 6 минг дона Африка лаққаси ва сазан балиқлари боқилмокда. 

Бу йил 12 тонна пархезбоп балиқ гўшти етиштириш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, мактабимизда протеинга бой балиқ еми, автоматик равишда озуқа тарқатгичлар ва сувни кислород билан бойитадиган аэратор мосламалари ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик. Келгусида балиқ икралари учун инкубация цехини ташкиллаш ва чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаб, консерва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқдамиз.

Эътиборлиси, касб-ҳунар   мактабида соҳага илмий тажриба хулосаларини татбиқ этиш, янги турларни маҳаллийлаштириш, ҳосилдорликни юксалтириш бўйича малакали профессионал мутахассислар тайёрлаш учун барча шароит яратилган. Мактаб битирувчилари яқин келажакда фермер хўжаликлари ва тадбиркорларнинг яқин ёрдамчисига айланиши шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда, Фарғона вилоятида аҳолини соғлик учун фойдали ва парҳез балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид баъзи муаммоларни бартараф этишдаги мутасаддиларнинг саъй-ҳаракатлари эса аҳолининг балиқ истеъмоли кўламини кенгайтириш ва талабдан ошиғини экспортга йўналтириш истиқболига замин яратади.

М.Сулаймонов М. Қодиров (сурат),ЎзА