Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Medflora” МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган “70 фоизли тиббиёт этил спирти” талабга жавоб бермади
14:56 / 2026-01-21

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Постмаркетинг назорати бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида харид қилинган “Medflora” МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган “70 фоизли тиббиёт этил спирти” (ишлаб чиқарилган сана: 02.2022, яроқлилик муддати: чекланмаган, серия: 210222) дори воситаси ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижасига кўра норматив ҳужжат талабларига жавоб бермаслик ҳолати аниқланди.

Текширувлар натижасида мазкур маҳсулот белгиланган стандартларга жавоб бермаслиги, ишлаб чиқариш жараёни Яхши ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) — Ўз ДСт 2766:2018 талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатга эга эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, дори воситасини ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензия мавжуд эмаслиги ҳамда маҳсулотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси амал қилиш муддати тугагани аниқланган.

Шу сабабли юртимизда дори воситаларининг улгуржи ва чакана реализацияси билан шуғулланувчи тадбиркорлар “Medflora” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “70% тиббиёт этил спирти” (ишлаб чиқарилган сана: 02.2022, яроқлилик муддати: чекланмаган, серия: 210222) дори воситасини тиббиёт амалиётида фойдаланишни дарҳол тўхтатиш юзасидан огоҳлантирилди. Мавжуд захиралар белгиланган тартибда чақириб олиниб, йўқ қилиш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг эслатиб ўтишича, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилиш мақсадида сақлаш, ташиш тақиқланади.

Шунингдек, “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ягона низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш лицензиянинг амал қилишини тугатишга олиб келадиган лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади.

М.Қосимова тайёрлади,  

ЎзА