French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мебелчиликка ихтисослашган йирик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси қурилмоқда
18:55 / 2022-02-10

Фарғона вилояти Бувайда туманининг «Қўнғирот» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида эски боғлар ўрнида жами 22 гектар майдонда мебелчиликка ихтисослашган йирик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш режалаштирилмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қурилишнинг бошланиш жараёни билан танишиб, лойиҳани такомиллаштиришни масъуллар билан муҳокама қилди.

Вилоят раҳбари 2021 йил декабрь ойида тумандаги ўрганишлар чоғида Чўмбоғиш маҳалласига борганида мебель ва эшик ромлар ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар ва тадбиркорлар билан учрашган эди. Маҳалла аҳли маҳсулотларни йўл бўйида очиқ ҳудудда сотишларини айтиб, ёпиқ савдо мажмуаси қуриб берилишида ёрдам сўраган.

Чўмбоғишда 500 га яқин ҳунарманд ва тадбиркор оила қўл меҳнати ҳамда кичик саноат усулида эшик ва ромлар, уй ва ошхона мебеллари, юмшоқ мебеллар, дарвоза ва сўрилар, шунингдек, турли ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Янги барпо этиладиган мажмуадаги ишлаб чиқариш ва савдо майдонлари тайёр ҳолатда кредит асосида ушбу оилаларга берилади.

Вилоят ҳокими шунингдек, туманнинг яна бир ҳунармандлар қишлоғи – «Янгиқишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди. Бу ерда 125 та дурадгорлик ҳамда 300 дан зиёд темирчилик фаолияти билан шуғулланувчи ҳунарманд бўлиб, ҳар бири камида 3-4 ҳамқишлоғини иш билан таъминлаб келади.

Ишловчиларнинг ҳар бири камида 3-4 миллион сўм доимий даромадга эга. Маҳалла ҳунармандлари, хонадонларда ташкил этилган ишлаб чиқариш жараёнлари билан вилоят ҳокимини таништириб, ўз фаолиятлари, айниқса, темирчилик қўшниларнинг, маҳалланинг кундалик турмушига халақит бераётганини, Янгиқишлоқ ҳунармандлари учун ишлаб чиқариш ва савдо жараёнларини бирлаштирадиган Ҳунармандлар маркази барпо этиш борасида ёрдам сўради.

Ушбу мурожаат белгиланган тартибда ижобий ҳал этиладиган бўлди. Вилоят ҳокимининг топшириғи билан маҳаллада ҳар бир ҳунарманд билан сўров ўтказиб, ҳозирда нечта одамни иш билан таъминлагани, барпо этиладиган марказда қанча ер майдони кераклиги, шунда нечта янги иш ўрни шакллантириши борасида маълумотлар жамлашга киришилади.

М.Сулаймонов, ЎзА