Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мебель ва ёғочсозлик саноати намойиши
19:02 / 2021-05-24

Жорий йилнинг 27-29 май кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ" марказий кўргазмалар мажмуида Ўзбекистон мебель ва ёғочсозлик саноати халқаро кўргазмаси ўтказилади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан мазкур “Mebel Expo Uzbekistan” кўргазмасининг ташкилий жараёнларига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Кўргазма бу йил ўн еттинчи маротаба мамлакатимиз мебелсозлик ва ёғочсозлик саноати янгиликлари ва эришилган ютуқларни намойиш этишга имконият яратмоқда.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган турли дизайн ва замонавий мебеллар ҳар бир хонадонга қулайлик ва кўрк бағишлайди. Унга эҳтиёж ва талаблар эса ишлаб чиқарувчиларни янгилик ва изланишларга ундамоқда. Бунда анъанавий ўтказилаётган “Mebel Expo Uzbekistan” кўргазмаси уларга ҳар жиҳатдан қулай мулоқот майдони бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бугунги кунда мамлакатимиз бозори умумий ҳажмининг қарийб 90 фоизи маҳаллий мебель маҳсулотлари ҳисобидан тўлдирилмоқда. Ҳозирги кунда республикада мебель, ламинатланган ёғоч-қириндили плиталар, бутловчи материаллар ва ёғочни қайта ишлаш бўйича 5 минг 300 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида 300 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланган.

“Mebel Expo Uzbekistan” халқаро кўргазмаси директори Гуллола Нодирхонованинг қайд этишича, пандемия сабабли узоқ танаффусдан сўнг ушбу тадбир жорий йилдаги биринчи профессионал саноат намойиши ҳисобланади. Унда дунёнинг 12 мамлакатидан 70 дан ортиқ компания иштирок этади. Улар орасида Ўзбекистон, Aвстрия, Германия, Италия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Словения, Туркия каби давлатлар корхоналари бор.

– Юртимизда мебель ва ёғочсозлик саноати иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири бўлиб, унда асосан кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолияти намоён бўлмоқда, – деди Г.Нодирхонова. – Уй-жой ва кўчмас мулк қурилишининг ўсиши мебель маҳсулотларига талаб ошишига олиб келмоқда. Қолаверса, давлатимиз томонидан соҳа вакиллари қўллаб-қувватланаётгани, уларга мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларнинг асосий турлари бўйича божхона тўловларини оптималлаштириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнес субъектларига солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш ҳам қулай имконият яратмоқда. “Ўзэкспомарказ“нинг биринчи павильонида бўлиб ўтадиган кўргазмада мебелсозлик саноати ўсгани, маҳсулот турлари сезиларли даражада кенгайгани, сифати ва дизайни жаҳон тенденцияларига мувофиқ яхшиланганига яна бир бор гувоҳ бўласиз.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси расмий кўмагида ташкил этилмоқда.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири