Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун қулай имконият
21:28 / 2023-04-12

Президент қарори амалда

Пойтахтимиздаги “Анҳор” истироҳат боғида "Ишлаб чиқариш технологиялари. Ёғочсозлик. Мебель ва бутловчи қисмлар – MebelExpo Uzbekistan 2023" халқаро кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 февралдаги “Мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ушбу кўргазмада дунёнинг 19 мамлакатидан 122 та компания ва брендлар ўз имкониятини намойиш этмоқда.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоева қайд этганидек, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан 2023 йил 1 февралдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади. Бу эса ишлаб чиқарувчилар учун яхши имкониятдир.

– “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia” гуруҳи томонидан ташкил этилган ушбу кўргазманинг мақсади ҳам айни шу талаблар ижросига қаратилган. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон аҳолисининг харид қобилияти ўсиб бориши ва эҳтиёжи иштирокчи компания ва корхоналарнинг сонини янада оширмоқда. Шу сабабли, бугунги кунда бозорнинг қарийб 90 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан қондирилмоқда. Мамлакатимизда мебель, материаллар, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, шунингдек, ёғочсозлик бўйича 5 мингдан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда, соҳада 300 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Сўнгги 10 йил ичида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортименти сезиларли даражада кенгайди, жаҳон тенденцияларига мувофиқ сифат ва дизайн яхшиланди. Мебель импорти ҳам, экспорти ҳам кўпаймоқда. Муҳими, давлат томонидан мебель ишлаб чиқаришнинг ўсишини рағбатлантириш, таннархини пасайтириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга кенг имкониятлар яратилмоқда, – деди Н.Ҳайитбоева.

[gallery-11415]

Уч кун давом этадиган ушбу кўргазма маҳаллий иштирокчиларни анъанавий равишда тайёр мебель ишлаб чиқарувчилари, жиҳозлар, бутловчи қисмлар, мебель кимёси, фурнитура, аксессуарлар ва кўплаб бошқа маҳсулотларни етказиб берувчилар билан яқиндан мулоқот қилишига қулайлик яратади. Уларга замонавий технологиялар, хомашё ва бутловчи қисмлардан фойдаланишга тўғридан-тўғри ва тезкор имконият беради. Шу маънода, ушбу халқаро тадбир маҳаллий бозорда сотишни ривожлантиришга йўналтирилган компаниялар учун бозорнинг асосий иштирокчилари, яъни ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар билан учрашиш майдонидир.

Тошкент шаҳридаги “Khatdecor” масъулияти чекланган жамияти кўргазманинг маҳаллий иштирокчиларидан биридир. 2011 йили ўз фаолиятини бошлаган корхона асосан мебель хомашёларини ишлаб чиқаради.

– 2018 йилдан корхонамизда декоратив қоғозлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда, – деди “Khatdecor” МЧЖ савдо менежери Аббос Абдуманнонов. – Бу жараёнда 100 дан ортиқ ранглар ўзлаштирилди. Ҳозирги кунда 250 дан ортиқ турдаги маҳсулотимиз бор. Улардан 200 хилдан зиёди корхонамиз томонидан ишлаб чиқарилади.

20 йиллик тажрибага эга Хитойнинг “Hexi Textile Co., Ltd.” корхонаси ушбу кўргазмада илк бор қатнашмоқда. Корхона раҳбари Макс Хи авваллари ўзбекистонлик дистрибьюторлар воситачилигида ишлаган бўлса, эндиликда ишлаб чиқариш корхоналари билан тўғридан-тўғри ишлашни ният қилганини таъкидлади.

– Шу мақсадда илк бор бу кўргазмада маҳсулотларимиз билан қатнашмоқдамиз. Корхонамизда диванларни қоплаш учун материаллар ишлаб чиқарилади. Кўргазмани томоша қилиш чоғида бизники каби маҳсулотларни кўрмадим. Шу сабабли, мен ўзбек бозорини ўрганиш ва ҳамкорлар топишни ният қилдим, – деди Макс Хи.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири