Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Меҳробдан чаён”ни такрор ўқишдан зерикмайман
14:47 / 2019-09-12

Асарда баён оҳанги ҳақида сўз кетганида, биринчи галда унинг текис, босиқ ва вазмин эканлигини таъкидлаш лозим. Муаллиф ҳис-ҳаяжонга унча берилмаган ҳолда осуда ва хотиржам оҳангда ҳикоя қилади.


Бадиий асарда баён ва тасвирнинг ўзаро муносабати кўп нарсани белгилаб беради. Буни Абдулла Қодирий ижоди, хусусан “Меҳробдан чаён” романи мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ёдингизда бўлса, Абдулла Қодирий мазкур асарида сюжетнинг асосий воқеалари тасвирига киришишдан олдин ўқувчини бош қаҳрамонлар билан таништиради. “Амир Умархоннинг канизи”, “Махдумнинг уйланиши ва мактабдорлиги”, “Оила ва кишилар билан муомала”, “Нигорхоним”, “Раъно”, “Бахмалбофда бир фақир оила”, “Ифлос бир мозий”, “Ҳушёрлик”, “Чин ўртоқ” каби боблар ана шу мақсадни кўзда тутади. Асосийси, мазкур бобларнинг барчасида баён катта ўрин тутади.

Шунга қарамасдан ушбу бобларни мутолаа қилишдан ўқувчи оладиган бадиий завқ бошқа бобларни ўқишдан оладиган завқдан кам эмас. Шахсан мен “Меҳробдан чаён”ни қайта-қайта ўқишдан зерикмайман ва бунда айнан юқорида тилга олинган бобларни мароқланиб ўқийман ва улар менга ўзгача завқ бағишлайди, баённинг гўзаллиги ҳайратга солади. Фақат мазкур боблардагина эмас, романнинг бошқа қисмларида ҳам баён тарзи жозибадорлиги билан ажралиб туради ҳамда асар бадииятини таъминловчи омиллардан бири сифатида намоён бўлади.

Баён тарзига хос назокатнинг юзага келишида сўз ва ибораларнинг қўлланилиши муҳим роль ўйнайди. Қуйидаги жумлаларга эътибор беринг:

“Мажлис аҳли менга яқин, яъни улар олдида ҳусндан баҳс очиш уят бўладирган кишилар эдилар. Шунинг учун менга Лоланинг чеварлигидан кўра муҳимроқ бўлган ҳусни масаласида изоҳот сўрашнинг имкони бўлмади”.

Бу ўринда муаллифнинг ўзига яқин кишиларнинг суҳбатига нисбатан “мажлис” сўзини қўллаши, яқин кишиларини “мажлис аҳли” деб аташи ва улар олдида ҳусндан баҳс очишнинг уят бўлишини қайд этишининг ўзида назокат бор. 

Ёки мана бу жумлаларни олайлик: “Келимнинг бу йўсин яхши бўлишига қарамасдан унинг табиатида ҳарчанд тиришилса ҳам мақтаб бўлмайдирган хусусиятлар бор: хасисликка ўхшаш ҳолат, таъмагирлик каби одат, ичи қоралик сингари ҳаракат ва амсоли...”

Кўриб турганимиздек, бу ерда Махдум шахсиятига хос салбий хусусиятлар санаб ўтилган ва бу муаллиф томонидан назокат билан амалга оширилган. Ёмон хусусиятлар ўрнига “ҳарчанд тиришилса ҳам мақтаб бўлмайдирган хусусиятлар”, хасислик ўрнида “хасисликка ўхшаш ҳолат”, таъмагирлик ўрнига “таъмагирлик каби одат”, ичи қоралик ўрнига “ичи қоралик сингари ҳаракат” иборалари қўлланган. Ёки баёнда аёллар ҳақида сўз кетганда уларнинг исмига хоним, ойим сўзларини қўшиб, Нигорхоним, Нозимахоним, Моҳларойим деб тилга олинишининг ўзида ҳам назокатни кўрамиз.

Бу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Шарқ анъанаси сўз санъатида назокатга алоҳида эътибор билан қарайди. Масалан, мумтоз адабиётимиз вакилларидан мавлоно Муқимий Амирийнинг “ширин” радифли ғазалига мухаммас боғлаган. Мухаммасни яратиш жараёнида у Амирий шеърининг бадиияти ва шоир маҳоратини янада чуқурроқ ҳис қилган ва беҳад таъсирланган бўлса керак, мухаммаснинг охирги бандида Амирийга мурожаат қилиб шундай мисраларни битади: Кўриб дийдори ҳақ бўлсун мақоминг жаннат ул-аъло, Назокат гул қилур ҳар мисраингдан, эй, шоҳи доно. “Ҳар мисрангдан назокат гул қилади”.

Мана шу таърифда Муқимий Амирий услубига хос асосий хусусиятни лўнда қилиб ифодалашга муваффақ бўлган. “Меҳробдан чаён”ни ўқиган, бадииятни тушунадиган ҳар бир ўқувчи романнинг баён услубида ўзгача бир назокат борлигини ҳис қилади. Баёндаги сўз ва иборалардан, жумлалардан, умуман, баён тили, оҳанги, мазмунидан назокат уфуриб туради. Бинобарин, Муқимий таърифидан фойдаланган ҳолда “Меҳробдан чаён”нинг баён тарзини “назокатли баён”, деб аташ мумкин ва у мазкур баёнга хос етакчи хусусиятни ифодалай олади.

Асарда баён оҳанги ҳақида сўз кетганида, биринчи галда унинг текис, босиқ ва вазмин эканлигини таъкидлаш лозим. Муаллиф ҳис-ҳаяжонга унча берилмаган ҳолда осуда ва хотиржам оҳангда ҳикоя қилади. Бундай оҳанг фақат муаллиф нутқига эмас, романнинг бош қаҳрамонлари нутқига ҳам хосдир. Улар ҳам худди муаллиф сингари ўз ҳис-туйғуларига кўп эрк бермайди. У ёки бу сабаб билан – у хоҳ арзирли, хоҳ арзимас бўлсин – ҳамма ёқни бошига кўтариш, бақир-чақир қилиш уларнинг табиатига мутлақо ёт. Улар ҳатто овозларини ҳам камдан-кам ҳолларда кўтаради ва буни асарнинг драматик эпизодларидагина учратиш мумкин. 

Масалан, Анвар, агар янглишмасам, романнинг фақат бир эпизодида, яъни Султонали Мирзони озод қилиш учун яшириниб ётган еридан чиқиб ўрдага келган ва хон билан юзма-юз бўлган саҳнада овозини кўтаради ва ҳатто хонга қараб бор овози билан “Сизда адолат борми, жаноб!” дея ҳайқиради. 

Муаллиф буни “қўрқинчли бир ҳайқириқ” деб таърифлайди. Бошқа пайтларда эса бошидан қанча мушкил дамларни кечиришига қарамай, вазминликни қўлдан бермайди, шовқин-сурон кўтаришни ўзига эп кўрмайди, дағалликдан, қўполликдан сақланади. Фақат Анварга эмас, асарнинг бошқа бир қатор қаҳрамонларига ҳам хос бўлган ва уларнинг чуқур ички маданиятидан ва нозик табиатидан далолат берувчи бу хусусиятлар қаҳрамонлар ҳамда муаллиф нутқи орқали асарнинг баён тарзида ўз аксини топиб, унга назокат ва жозиба бахш этади. Мана шу ўринда романнинг баён тарзига хос хусусиятлар билан муаллиф шахсияти ҳамда қаҳрамонларнинг характер хусусиятлари ўртасидаги боғлиқлик яққол намоён бўлади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, асарнинг баён тарзи бир текис, босиқ ва вазмин. Лекин бу монотон, зерикарли баён эмас, зеро у ўрни-ўрни билан нозик енгил ҳазил, нозик киноя, пичинг оҳанглари билан йўғрилади, лутф ва қочиримлар билан безатилади. Бу ҳазил, киноя ва пичингларда умуман қўполлик йўқ, чунки муаллиф бунда ҳам назокатни сақлашга интилган ва ўзига хос усулдан фойдаланганки, бу жуда ажойиб ва мароқлидир. Қодирий баённи ҳазил, киноя, пичинг оҳанглари билан омухта қилар экан, бунга айнан кишилар ўртасидаги назокатли муомала тарзи учун хос бўлган, илтифот кўрсатиш ёки эҳтиромни ифодалашда ишлатиладиган сўзларни қўллаш орқали эришади: муҳтарам, қадрли, тафриф, жаноблари, ширинсўз ва ҳоказо. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин: “Нигор ойим йигирма-ўттиз қизни ўқутиб улардан тушкан “озодлиқ”, “пайшанбалиқ” пулларга ҳам эга бўлолмас, ҳар кун деярлик муҳтарам махдум поччага ҳисобини батомом топшириб туришқа мажбур эди”. “Булардан биринчиси муҳтарам шу масжиднинг ёш имоми ва хатиби Абдураҳмон домла жаноблари бўлиб, иккинчиси маҳалланинг ширинсўз ғийбатчиларидан Самад бўқоқ, учинчиси масжиднинг муаззини Шукур сўфи эди”. “Шу ҳолда етти-саккиз кунлаб Анварнинг дунёга “ташрифи” сир бўлиб кетди”. “Анварнинг чилласи чироқ кўрмаган бўлса ҳам бок йўқдир, бироқ йигирма кунлаб бешикда исмсиз ётиши қизиқдир. Чунки янги “қадрли меҳмон”га от қўйиш на отасининг эсига ва на онасининг эсига келган эди”.

Биринчи мисолда муаллифнинг бадиий нияти “муҳтарам махдум почча” ибораси воситасида, иккинчи мисолда “муҳтарам”, “жаноблари”, “ширинсўз ғийбатчи” сўз ва иборалари орқали амалга оширилса, учинчи ва тўртинчи мисолларда бу вазифани “ташриф”, “қадрли меҳмон” сўзлари бажаради.
“Меҳробдан чаён” романи баён тарзининг гўзаллиги, асарнинг мароқ билан ўқилишининг яна бир сабаби муаллифнинг асарнинг ҳар бир жумласига, унинг мазмунига ва бадииятига эътибор берганидир. Пишиқ ва маъноли жумлалар фақат баённи илгари суриш, ўқувчига янги маълумот бериш билан чекланиб қолмайди, балки унга бадиий завқ ҳам бахш этади. Асар баён тарзига хос бу хусусиятнинг юзага келиши маълум даражада шарқ адабиёти анъаналари билан ҳам боғлиқ деб ўйлаймиз. Маълумки, шарқда бадиий асарларда асарнинг умумий мазмуни, бадиияти билан бир қаторда, агар у шеърий асар (достон ёки ғазал) бўлса айрим олинган байтларнинг маъноси, бадииятига, наср бўлса ундаги жумлаларнинг мазмуни, нафосати ва назокатига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Чуқур ва ўткир ёки нозик маъно-мазмунни гўзал бадиий шаклда ифода этувчи шоҳбайтлар яратилган.

“Меҳробдан чаён”да мағзи тўқ, маъноли, оригинал фикрларнинг гўзал ифодасидан иборат бўлган жумла ва гапларни учратамиз. Масалан, романнинг “Раъно” бобида Қодирий Раънонинг ҳусни ҳақида шундай ёзади: “Мен рассом эмасман. Агар менда шу санъат бўлганда эди, сўз билан билжираб ўтирмас, шу ўринда сизга Раънонинг расмини тортиб кўрсатар қўяр, фақат менга Раъно гулининг сувигина кўпроқ керак бўлар эди”.
Раънонинг расмини чизиш учун фақат раъно гулининг сувигина кўпроқ керак бўлиши ҳақидаги фикрда қанчалар оригиналлик, зарофат бор! Бу жумла Раънонинг ҳусни ҳақида ҳар қандай тасвирдан кўра кўпроқ тасаввур бера олади, унинг олдида энг гўзал тасвир ҳам хира тортади ва ҳатто мумтоз адабиётимиз учун хос бўлган ва биз қойил қолиб ўқийдиган “қоши ундай, кўзи бундай, қомати ундай” сингари таърифлар яланғоч тасвирдек бўлиб туюлади. Ёки мана бу жумлани олайлик. “Табиат хасис эмас, тикандан гул, аридан бол яратаберади”. “Тикандан гул, аридан бол” – бу қайси шоҳбайтдан кам? Шу маънода Қодирийни насрдаги шоир дейиш мумкин.

Романнинг мазкур бобида шундай жумла бор: “Менинг ёш вақтим, айниқса, гўзаллик қидирган мағрур чоғларим эди”. Ёшликка берилган таърифнинг ўзига хослигини кўринг: “гўзаллик қидирган мағрур чоғлар”. Ҳолбуки, ёзувчи бу ўринда ёшликни таърифлашни атайин мақсад қилмаган, бу жумла йўл-йўлакай, унинг ёшлигида бўлиб ўтган бир воқеани эслаб, ҳикоя қилиши муносабати билан айтилган. Инсон умрининг гўзал фасли бўлган ёшлик кўп адиблар, шоирлар томонидан мадҳ этилган. Лекин уларда Абдулла Қодирийнинг ана шу йўл-йўлакай айтган жумласидек гўзал таърифни учратиш қийин. Ёзувчи воқеаларни ҳикоя қилиш асносида турли муносабат билан ҳаёт ҳақиқатларини ифода этувчи фалсафий фикрларни ҳам баён этади. 

Мана уларнинг айримлари: Дарҳақиқат инсонни разолатға солғучи унинг манфаати тақозоси, қолаберса ўлимдир. Бу иккисидан кечкунича эса на подшоҳнинг қаҳри ва на жаҳаннамнинг қаъри фарқсиздир.
Холис фикр кўпинча муҳокама бўлиб қоладир. Аммо ғаразлик фикр аксар сўзлагучини шарманда қиладир. Хотин-қизлар жинсидан иродаси кучлик, ҳатто эрлардан ҳам жасурроқ шахсларни кўп учратамиз. Шунинг билан бирга уларни нақадар кучлик иродага молик бўлмасинлар, яна ҳиссиётларга мағлуб кўрамиз.

“Меҳробдан чаён” романининг баён тарзи учун хос бўлган ва юқорида кўрсатиб ўтилган жиҳатлар баён тарзининг асосий хусусиятларидан бирини, яъни баённинг мароқлилиги ва маънолилигини юзага келтиради.
Абдулла Қодирий баённинг якранглигидан қочиш, уни қизиқарли ва мароқли бўлишига эришиш учун бошқа усуллардан ҳам фойдаланади. Масалан, Анварнинг бош муншийликка тайинланиши арафасидаги воқеалар баёни сўнгида Қодирий шундай ёзади: “Ва шу бир неча кун ичида Анварнинг бош мунший бўлиш шойиъаси юриб қолдиким, ҳозирча бу тўғрида бир мулоҳаза айтиш қийиндир. Чунки бу мансабга интилувчи казо ва казолар, шоирлар ва фузалолар кўбдир”.

Аслида муаллиф бу масалани ҳал қилиб бўлган, унинг ижодий ниятига кўра Анвар бош мунший бўлиши керак ва бўлади ҳам. Юқорида жумлалар эса ўқувчини воқеалар давомига қизиқтириш, унинг кўнглида “нима бўлар экан, Анвар бош мунший этиб тайинланадими, йўқми, деган саволни уйғотиш мақсадида битилган.

Худди шундай усулни у Махдум ҳақидаги бобнинг ниҳоясида ҳам қўллайди ва уни “Махдумнинг бу муваффақиятларини кейинги бобларимизда ўқирсиз” деган жумла билан якунлайди ҳамда ўқувчининг кейинги бобларга, воқеалар ривожига қизиқишини орттиради.
Айрим бобларда муаллиф мақсадга бирданига ўтмайди, олдин бир оз “даромад” қилади, албатта бундаги мулоҳазалар ҳам бобнинг асосий мазмунига боғлиқ ва ўқувчини кейинги баён қилинадиган фикрларга тайёрлашга хизмат қилади. Масалан, Раънога бағишланган боб исмнинг ҳамма вақт жисмга мос тушавермаслиги ҳақида фикрлар баёнидан бошланади ва муаллиф шу муносабат билан ёшлик вақтида ўзининг бошидан кечган бир воқеани эслайди. Шундан сўнг бевосита Раъно билан таништиришга, уни таърифлашга ўтади. Нигорхоним ҳақидаги боб эса “Нигорхоним бошда эрдан ёлчимади” деган сўзлар билан бошланади. Махдум табиатига хос салбий хусусиятлар, унинг хасислиги ва шу туфайли Нигорхоним бошидан кечирган қийинчиликларни баён қилиш орқали муаллиф бевосита мақсадга ўтиш учун кўприк яратади. Бу тилга олинган усуллар баённинг рангинлигини, ўзига хослигини таъминлашга хизмат қилади.

Бизнинг кузатишларимиз шуни кўрсатадики, Қодирий насрига, жумладан, унинг баён тарзига мумтоз насримиз анъаналарининг таъсири катта бўлган. Бу табиий, албатта. Чунки Қодирий мадраса таълимини олган, ўзбек, умуман, шарқ мумтоз адабиётини яхши билган, шу адабиёт руҳида, таъсирида шаклланган. Бундан ташқари тарихий романнинг жанр талаби – тарихий колоритни яратиш зарурати ҳам муаллифнинг ўрни-ўрни билан эски сўзлардан, мумтоз насрга хос баён усулидан фойдаланишини тақозо қилар эди.

Биз мақоламизда “Меҳробдан чаён”нинг баён тарзида ана шу зарурат туфайли юзага келган хусусиятларни ҳам, умуман, мумтоз насримизнинг роман тили ва баён тарзига кўрсатган таъсирини ҳам кўрсатиб беришни мақсад қилган эдик. Лекин иш асносида бу таъсирнинг анча жиддийлиги аён бўлди ва ушбу масалани алоҳида бир мақолада ёритишга қарор қилдик. Шу сабабли ҳозир бу ҳақда тўхталмаймиз. Лекин шу билан боғлиқ айрим мулоҳазаларни баён қилиш зарур, деб ўйлаймиз.

Роман тилида, баёнда эски сўзларнинг, мумтоз насрга, диний адабиётга хос иборалар ва оборотларнинг қўлланиши, юқорида айтилганидек, тарихий колоритни яратиш нуқтаи назаридан ўринли ва асарда Қодирий буни маҳорат билан амалга оширган бўлса-да, бошқа томондан, бу ҳол ҳозирги замон ўқувчиси, ҳатто асосан замонавий адабиёт билан шуғулланиб юрган, мумтоз наср хусусиятларидан унча хабардор бўлмаган мутахассислар учун ҳам муайян қийинчиликлар туғдиради. Айрим ҳолларда нотўғри тушунилиши, янглиш талқин қилиниши мумкин. 

Масалан, романнинг “Амир Умархоннинг канизи” бобида келтирилган фатво шундай жумла билан бошланади: “Ба назди мужтаҳидини киром асли эътибор ақди шаърийдир”. Нашрда бу жумлага шундай изоҳ берилган: “Ҳурматга лойиқ дин уламолари назарича асосий эътибор шариат қоидаларига қаратилиши керак”.

Ҳолбуки, юқоридаги жумлада умумий мулоҳаза баён қилингани йўқ, конкрет бир ҳодиса – шаръий никоҳ ҳақида сўз юритилган. Ақди шаръийнинг маъноси шаръий никоҳ демакдир. Мужтаҳидини киром эса ижтиҳод мартабасига, яъни у ёки бу диний масала юзасидан қарор чиқариш, хулоса бериш даражасига етишган дин арбобларидир. Маълумки, уламолар олдин Мадалихоннинг амир Умархоннинг канизига уйланишига қарши чиққан. Хон уларни ишдан олиб, ўрнига янгиларини тайинлаган ва булар хоннинг канизакни ўз никоҳига олишига фатво берган. Табиийки, уламолар кучли бир далил топмай, бундай қарор чиқара олмас эди. Ҳалиги канизнинг Умархоннинг никоҳида бўлмагани улар учун ана шундай далил бўлиб хизмат қилган. Янги тайинланганлар ана шуни асосий далил қилиб олган ва мужтаҳидини киром наздида шаръий никоҳгина эътиборга олинишини, Умархон “никоҳланаман” деб айтган бўлса-да, “никоҳландим” деб айтмаганини таъкидлаб, Мадалихоннинг канизакни ўз никоҳига олишини жоиз ва дуруст, деб топган.

Бошқа бир мисол. Романнинг “Ҳушёрлиқ” бобида шундай парча бор: “Юқоридағи руҳ тушиш даврида ул (яъни мулла Абдураҳмон) мозийдаги каби эркалик, амру фармон ва шуҳрат учун қайғирган, кўб бош оғритиб, эндиги шуҳратни мўйчинак истеъмоли орқали эмас, балки ақоид, шарҳ ва ҳавоший воситасида топмоқчи бўлган, яъни фарди ғоясиға диний олимлиқ либосини кийдириш фикрига келган эди”.

Нашрда “фарди ғояси” иборасига, умуман жумлага шундай изоҳ берилган: “Фарди ғояси – Оллоҳнинг бирлигини англаш ғоясидир. Юқоридаги жумлада мана шу ғояни диний, илмлар билан исботлаш назарда тутилади”.

Бу изоҳда “фарди ғояси” ибораси диндаги тавҳид, ваҳдат тушунчалари билан чалкаштириб юборилган. “Фард” сўзи якка, битта, ёлғиз деган маъноларини англатади. Абдулла Қодирий бу сўзни айрим олинган шахс, индивид маъносида қўллайди. Масалан, романнинг бошқа бир бобида у шундай ёзади: “... жамият ҳам бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа ёки синфига, яна тўғриси, фардига шу касал сироят қилмай қолмайдир”. Бунда жамиятнинг фарди – унинг айрим олинган аъзоси, шахс, индивид. Бинобарин, биз кўриб чиқаётган парчадаги “фарди ғояси” – бу индивиднинг, шахснинг ўз ҳузур-ҳаловати, фароғати ва манфаатини биринчи ўринга қўйиши ғояси, яъни индивидуализмдир. Маълумки, шахсий манфаат, ҳузур-ҳаловатда (Қодирий сўзлари билан айтганда эркалик, амру фармон ва шуҳратда) яшаш мулла Абдураҳмоннинг ҳаётдаги бош мақсади эди. У бунга илгари ахлоқсизлик орқали (Қодирий буни “мўйчинак истеъмоли орқали” деб атайди) эришмоқчи бўлган бўлса, кейинчалик диний олимлик воситасида етишмоқчи бўлади, яъни илмни воситаи жоҳ қилишни мўлжаллайди. “Фарди ғоясиға диний олимлик либосини кийдириш фикрига келган эди”, деганда Абдулла Қодирий ана шуни назарда тутади.

Қодиржон ЭРГАШЕВ,
филология фанлари номзоди