"Меҳригиё"да ноёб доривор ўсимликлар етиштирилмоқда
Учкўприк туманидаги "Меҳригиё" кичик корхонасида доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни қайта ишлаш асосида 100 дан зиёд шифобахш чой, шарбат ва асалли маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Учкўприк туманидаги "Меҳригиё" кичик корхонасида доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни қайта ишлаш асосида 100 дан зиёд шифобахш чой, шарбат ва асалли маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Папая, зайтун, растаропша, киви, лаванда каби турли ўсимликларни маҳаллийлаштириш ва улардан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида олимлар билан ҳамкорликда ишлар олиб бориляпти.
Ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар хорижга экспорт қилинмоқда. Корхона маҳсулотлари юртимиз ва хорижда ўтказилган кўплаб кўргазмаларда намойиш этилган ва юқори баҳоланган. Ҳудудда тиббиёт туризмини ривожлантириш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани ҳам корхонанинг эртанги кун истиқболидан далолат беради.

Қишлоқ хўжалигида ҳаётий ва илмий тажрибалар ўзаро мувофиқлаштирилиб, янги-янги ташаббуслар илгари суриляпти. Марказий Америкада етиштирилувчи кўп йиллик иссиқсевар ўсимлик батат, яъни ширин картошкадан энди Учкўприк туманида ҳам мўл ҳосил олиш бўйича илмий-амалий тажрибалар олиб борилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров шифобахш ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган мазкур корхона фаолияти билан танишди. Вилоят раҳбари ва тадбиркор ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда маҳаллий ҳамда хориж бозорларида қиммат нархда сотиладиган годжи ўсимлигини етиштиришни оммалаштириш ҳақида ҳам маслаҳатлашилди.