Меҳр ва малакали ёрдамдан беморлар мамнун
Мамлакатимизда фуқароларимизнинг соғлигини сақлаш борасида кейинги йилларда ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Тиббиёт
Мамлакатимизда фуқароларимизнинг соғлигини сақлаш борасида кейинги йилларда ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Пандемия шароити бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимизни ҳам синовдан ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилнинг июль ойида биргина Тошкент шаҳри бўйича жами 4 та беморларни саралаш ва тақсимлаш маркази фаолиятини бошлаган эди. Улар вирусга шубҳа қилинган беморларга аниқ ташхис қўйиш ва касаллик даражасини аниқлаш, шунингдек, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш ва уларни клиникаларга тақсимлашга мўлжалланган.


Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”нинг 1 ва 2 павильонидамиз. 814 та беморга мўлжалланган бу марказга ҳар куни ўртача 380-400 нафар бемор мурожаат қилиб, шундан 220 дан зиёдига ташхис қўйилиб, уйига амбулатория шароитида даволанишга жавоб берилса, қолган ўрта ва оғир аҳволдаги беморлар стационар шароитида даволанишга ётқизилади.
Шунингдек, ҳар куни ўрта ҳисобда 120-130 нафар юртдошимиз соғайиб, оила даврасига қайтади. Марказда барча қулайлик мавжуд. Марказ фаолияти махсус танлов асосида сараланиб олинган ҳам ҳарбий, ҳам тиббиёт ходимлари гуруҳи томонидан амалга оширилиб, гуруҳга тиббий хизмат полковниги Абдувоҳид Азимов раҳбарлик қилади.
Барча ҳаракатлар битта мақсадга, яъни шу масканга умид илинжида қадам қўйган юртдошларимизни (шу жумладан, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларини ҳам) сифатли қабул қилиш, уларга тезкор ташхис қўйган ҳолда керакли муолажаларни вақт ўтказмасдан бошлаш, уларнинг соғу саломат оиласи қучоғига қайтиб боришини таъминлаш учун жонбозлик кўрсатишга қаратилган.

Марказнинг узун коридори 5 ва 6 қатордан иборат, усти очиқ, ён томонлари ёпилган ва олд қисми оппоқ чойшаб билан тўсилган, бир хил тартибда жойлаштирилган, ичи энг зарур воситалар, жумладан УТТ, рентген, кислород аппаратлари билан жиҳозланган, алоҳида вагонча хоналар карвони тизилган. Ҳар бир қатор ва вагонча ўнг томонининг юқори қисмида аниқ тартиб-рақамлар белгиланиб, антисептик мосламалар ўрнатилган. Шифокордан тортиб, оддий тиббиёт ходимларигача махсус уст-бош билан таъминлаган.
Бир хонада шифокор беморни диққат билан эшитяпти, бошқасида ҳамшира биринчи шошилинч ёрдамни кўрсатяпти, яна бирида белгиланган муолажалар давом эттирилмоқда, бошқа бир ходим эса, беморларга иссиқ чой ва шарбатлар етказиш билан машғул.
Шифокору ҳамшираларнинг чиройли муомаласидан инсонлар бир пас бўлса-да, ўз касалликларидан фориғ бўлгандек гўё... Бу ерда куннинг маълум вақтида уч-тўрт маротаба ўпкани нафас олдириш машқларининг ташкил этилганлиги ҳам беморлар соғлиги тезроқ тикланишига ёрдам бермоқда.
Биз беморларнинг айримларини суҳбатга тортдик:
Наталья Алёшенская, нафақахўр (Тошкент шаҳри):
–Шу йилнинг 3 октябрида Мудофаа вазирлигига тегишли бўлган мазкур марказга икки томонлама зотилжам касаллиги, яъни ўпканинг 30 фоиз зарарланиши ташхиси билан мурожаат қилдим. Зудлик билан бўлимга жойлаштиришди ва тезкор муолажаларни бошлаб юборишди. Мени тиббий ходимларнинг самимийлиги, ўз ишини сидқидилдан бажариши, кўтаринки кайфияти жудаям қувонтирди.
Суҳбатни Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси Баҳодир Ишмурадов давом эттиради:
–Бир ҳафтадан буён даволанаяпман. Бу ерда ходимларнинг иши сутка давомида ташкил этилган. Ҳамшираларнинг интизоми,тартибли ишлашидан ҳайратланасиз. Тиббиёт ходимларининг хушмуомаласи беморларнинг касалликни қисқа муддатларда енгиб ўтишига, ўзига ишончи ортишига, тушкунлик кайфиятини енгишига сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман.
Маҳмараҳим Маҳмудов,пенсионер (Чирчиқ шаҳри):
–Кўпчилигимиз касалхонага бировни йўқлаб борсак, уйда ёки бирор номи чиққан ошхонада тайёрланган овқат олиб боришга ўрганганмиз. Лекин бу ерда тарқатилаётган овқат сифати жиҳатдан ҳеч бир ошхона таомидан кам эмас. Тегишли аутсорсинг ташкилоти томонидан уч маҳал суюқ ва қуюқ овқат алоҳида бежирим қилиб қадоқланган экологик тоза бир марталик полиэтилен қадоқ қутиларда етказилмоқда.
Обид Раҳимов ва Муҳаббат Норова (Қашқадарё):
– Бу ерга эр-хотин иккимиз оғир аҳволда ва юқори иситма билан келиб тушдик. Тиббиёт ходимларининг бир ҳафталик тинимсиз ва фидокорона саъй-ҳаракатлари натижасида ўзимизга келдик ва бундай меҳрли инсонлардан мингдан-минг розимиз.
– Мен бу ерда тўртинчи кун даволанмоқдаман. Муолажаларни ўз вақтида мунтазам олаяпман – дейди ўпкаси 45-50 фоизга шикастланган 43 ёшли бемор Юлия Глабченко. – Асосий дори воситалари ва тиббий жиҳозлар бюджет ҳисобидан тўлалигича таъминланган. Муҳими, ўзимни анча енгил ҳис қилмоқдаман. Тиббиёт ходимларининг барчаси бирдек хушмуомалада бўлиб, сидқидилдан ёрдам беришга тайёрликларини намоён этишмоқда.
7 бўлим бошлиғи, тиббий хизмат подполковниги Марат Жуманиёзов бошчилигидаги тиббиёт ходимлари таркибининг жонкуярлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Шифокор-мутахассислар Гулчеҳра Сайфуллаева, Қувончбек Алматов, Дилшод Ўринов, сержант Мансурбек Абдуллаев, ҳамширалар Назокат Инагамова, Умида Масалиева, кичик тиббий ходим Фарҳод Маманазаровларнинг ўз ишини пухта билиши, касбга меҳру муҳаббати, қолаверса, самимийлиги ва инсонийлик фазилатлари беморлар томонидан миннатдорлик сўзлари битилган дафтарда ҳам ўз ифодасини топган.
– Давлатимиз яратиб берган шарт-шароитлардан фойдаланиб, юртдошларимиздан қўлдан келгунча ўз меҳр ва тажрибамизни аямаяпмиз, – дейди биз билан суҳбатда олий тоифали шифокор-инфекционист Нилуфар Амирқулова. – Шу билан бирга, айрим нозик жиҳатларимиз ҳам бўй кўрсатиб қолмоқда, чунончи, аксарияти ўз билганича ташхис қўйиб, мустақил уйида даволанган, касалликни анча ўтказиб юборган, шунингдек, ёндош касалликлар билан оғриб мурожаат қилган кекса юртдошларимиз ҳам кўп. Албатта, уларда айб йўқ, шунинг учун биз қўлимиздан келгунича самимий муомаламиз, бор куч-билимимиз ва малакамизни ишга солиб тезкор ҳамда ишонч билан ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз.
Қўшни қатордаги вагонча- хонада ажнабий тилда сўзлашаётган икки нафар хорижлик эътиборимизни тортди. Улар 1973 йилда туғилган Фанг Минг Сонг ҳамда 1980 йилда таваллуд топган Лу Хиахуй исмли Хитойдан республикамизга шартнома асосида ишга келган қурувчилар экан. Улар бизга қуйидагиларни гапиришди:
–Бизга сифатли тез ёрдам кўрсатишди, соат механизмидек белгиланган вақтда хабар олиб туришибди. Муолажалар бизникига нисбатан фарқ қиларкан. Бу ерда худди Европадагидек дори-дармон ва уколь билан даволашаркан. Овқатларингиз хуштаъм экан, секин-аста кўникаяпмиз. Умуман, аҳволимиз анча ўнгланди, яхшимиз, шифокорларга раҳмат!.
...Хонадошим Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумида мудофаа қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг сержанти Ҳабибулло Шукуров кўркам, алп қомат, лекин сўзлари далли-ғулли, ҳар қандай ясамадан холи йигит экан.
Бирданига топишиб кетдик. У билан Ватанимиз равнақи, бугунги кун ва эртанги режалар ҳақида суҳбатлашарканмиз, қўққисдан ўйланиб турди-да, дилидагиларни тўкиб сочди: “Мени ота-онам, мактабда муаллимларим туғилиб ўсган юртимни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг чегарларини турли кўринадиган ва кўринмайдиган бало-қазолардан сақлаш руҳида тарбиялашган. Насиб этса, бу ердан кучга тўлиб, соғайиб ҳарбий қисмга қайтганимдан сўнг, токи танамда жоним, билагимда кучим бор экан, ортимда турган эзгу ниятли халқим, доимо дуода бўлган хокисор ота-онам, Президентим ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан”.
Халқимизда катта ҳақиқатни билмоқчи бўлсанг, аввал кичикларига разм сол, деган гап бор. Зеро, “Ўзэкспомарказ”даги мавжуд ҳолат бутун мамлакатдаги манзара тўғрисида тасаввур этиш имконини берган бўлса, ажабмас...
Обиддин МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси