“Меҳр бериб яшанг, одамлар!”
Республика болалар кутубхонасида “Меҳр бериб яшанг, одамлар!” номли хайрия тадбири ўтказилди.
Республика болалар кутубхонасида “Меҳр бериб яшанг, одамлар!” номли хайрия тадбири ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчилари қатнашди.
Республика болалар кутубхонаси фондида 200 мингдан зиёд адабиёт ва 100 дан ортиқ бошқа нашрлар мавжуд бўлиб, зиё маскани кичкинтойлардан тортиб то катталарнинг ҳам қизиқишига жавоб берадиган китоб захирасига эга. Жумладан, кутубхонадан бадиий адабиётлар, илмий-оммабоп нашрлар, ижтимоий-сиёсий китоблар, мамлакатимизда ва Россияда нашр қилинган болалар ҳамда катталар учун газета ва журналлар, луғат, энциклопедия, CД ромлар, видео ва аудио кассеталар, илмий-услубий ва библиографик нашрлар ўрин олган.
– Мазкур тадбирдан мақсад жисмоний камчилиги бўлишига қарамай, ҳаётнинг турли жабҳаларида муваффақиятга эришаётган ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр улашиш, билим ва кўникмаларини оширишдан иборат, – дейди мактаб-интернатнинг рус тили ўқитувчиси Малика Исоқова. – Тарбияланувчиларимизнинг барчаси ўқишни билади, шу сабаб уларнинг китобга бўлган меҳри бўлакча. Тадбир давомида болажонлар кутубхона бўйлаб саёҳат қилди ва китоблар билан танишди. Бу тадбир уларга олам-олам қувонч бағишлади.
Шунингдек, тадбир давомида юртимизнинг тарихий жойлари, кутубхона фаолиятига бағишланган видео-слайдлар намойиш этилди. Ўқувчиларга Республика болалар кутубхонаси ва пойтахтимиздаги “Kids Plate” дўкони томонидан эсдалик совғалари топширилди.