Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Меҳнатга лаёқатли кимки ўнгланиб ололмаган бўлса, у тараққиётимизни орқага тортади
17:41 / 2019-08-28

Ухлаб ётган одамнинг уйғониб, бирдан ўрнидан қўзғалиши ҳам баъзан жуда секин юз беради.


Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари

Ухлаб ётган одамнинг уйғониб, бирдан ўрнидан қўзғалиши ҳам баъзан жуда секин юз беради. Дардга чалиниб, ётиб қолган беморнинг оёққа туриб кетиши эса бундан ҳам қийин кечади. Ана энди қарийб бир ярим аср мустамлака ботқоғига ботган халқнинг уйғониб, миллий тикланишга эришувини бир тасаввурингизга келтиринг.

Бир халқнинг мустамлакадан қутилиб, ўз мустақил давлатини қуриши ва ўз тақдирини ўзи белгилаш қувватига эга бўлиши – тарихан оламшумул аҳамиятга эга ҳодиса.

Хўш, бир халқнинг мустақил бўлиб яшашдан кўзлаган бош мақсади нима ўзи?

Миллий юксалишга эришиш!

Миллий юксалиш нима унда?

Ҳар мамлакатнинг ўз ҳудуди, муайян имконият ва шароитлари, ер ости ва ер усти бойликлари, халқи, унинг салоҳияти, тарихий қадриятлари ва ҳоказолари бўлади. Халқ ана шуларни ишга солиб, ўз тақдирини ўзи белгилайди, миллий ривожланишнинг турли-туман йўлларини излайди, жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллашга интилади. Бунда у бир сўмини бекорга бировга бермайди ҳам, бировнинг бир чақасига зориқмайди ҳам. Берса, эвазига нимадир олади. Олса, уни, албатта, қайтаради.

Иқтисодий тараққиёти даражасига кўра дунёдаги 250 дан ортиқ мамлакатга муайян ўрин ажратилади. Бунда давлатлар аввал тўрт гуруҳга бўлинади.

Биринчи гуруҳ – энг ривожланган давлатлар. Бу гуруҳга 7 мамлакат – АҚШ, Канада, Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, Италия киради.

Иккинчи гуруҳ – ривожланган мамлакатлар. Бунга Австралия, Аргентина, Бразилия, Жанубий Африка Республикаси, Жанубий Корея, Индонезия, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой, Ҳиндистон киради.

Учинчи гуруҳ – Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатлар.

Тўртинчи гуруҳ – ривожланаётган мамлакатлар.

Дастлабки уч гуруҳ “катта йигирматалик”ни шакллантиради. Чунки энг ривожланган 7 ва ривожланган 12 давлат қўшилиб, 19 тани ташкил этади. Европа Иттифоқи 20-аъзо бўлиб киради. Ана шу “катта йигирматалик”ка кирган давлатларда жаҳон аҳолисининг 65 фоизи истиқомат қилади. Агар улар жаҳондаги жами 65 фоиз маҳсулотни ишлаб чиқарганида ўртача даражани сақлаган бўлар эди. Аммо уларда тараққиёт даражаси шу қадар юқорики, 65 фоиз аҳоли амалда дунё маҳсулотининг 90 фоизини ишлаб чиқаради. Албатта, бу маҳсулотни улар ўз манфаати йўлида ишлатади. Яъни, бир донасини ҳам бировга текиндан-текин бермайди.

Қолган 210 тача давлатда, яъни тўртинчи гуруҳга кирадиган мамлакатларда дунё аҳолисининг 35 фоизи яшайди. Ўртача ҳаёт кечириш учун бу одамлар мантиқан Ер юзининг жами 35 фоиз маҳсулотини ишлаб чиқариши зарур эди. Ўшанда бу давлатларда ҳам, ялпи олганда, бугунги дунёдаги ўртача ҳаёт даражаси таъминланган бўлар эди.

Афсуски, ана шу 35 фоиз аҳоли жаҳоннинг бор-йўғи 10 фоизгина маҳсулотини ишлаб чиқаради. Айнан шунинг учун ҳам, истаймизми-йўқми, дунё иккига – бойлар ва камбағаллар ҳудудларига ажралади. Энг ёмони, биз айнан ана шу камбағаллар ҳудудига тўғри келамиз. Чунки қарийб бир ярим аср мустамлака ботқоғига ботган бирор-бир мамлакат иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаб кетган эмас-да.

Бу масалада ҳиссиётга берилишнинг имкони йўқ. Дунё иқтисоди кафтдек кўриниб турибди. Бу йиллик ялпи ички маҳсулотнинг киши бошига тақсимоти орқали ҳал қилиб қўя қолинади. Ўтган йилги кўрсаткичларни инобатга олсак, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг киши бошига тақсимоти 1,5 минг АҚШ долларини ташкил этди. Туркияда бу – 9,5, Жанубий Кореяда эса 35 минг доллар. Бу дегани – бир Туркия фуқароси биздан 6,5, бир Жанубий Корея фуқароси эса биздан қарийб 23,5 баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқарган, дегани. Демак, қайсидир иш учун биз 1 миллион сўм маош тўласак, Туркия худди шу миқдордаги иш учун 6,5, Жанубий Корея эса 22,5 миллион сўм ойлик тўлаш имкониятига эга. Бошқача айтганда, бир ойлик даромадига туркиялик ҳамкасбингиз – 6,5, кореялик ҳамкасбингиз эса 22,5 баробар кўп маҳсулот сотиб олиши мумкин.

Хўш, ҳамма учун бир кеча-кундуз 24 соат, бир йил 365 (366) кун бўла туриб, биз нима учун бунчалар кам даромад топишимиз керак?! Бойлик нима ўзи? Бу – меҳнат қилиб, иложи борича кўпроқ инсон эҳтиёжларини қондириш имкониятини қўлга киритиш, дегани. Инсон эҳтиёжлари эса – чексиз. Шундай экан, тараққиётнинг ҳам чек-чегараси йўқ. Фақат ана шу ҳаёт-мамот мусобақасида олдинда кетаётган давлатлар бор, ортда қолаётганлар ҳам мавжуд. Бу худди югуриш пойгасига ўхшайди. Ортда қолаётган ўзидан олдингиларга етиб олиши учун улардан кўра кўпроқ ҳаракат қилишга мажбур.

Қолоқлигимиз, тараққиётдан ортда қолганимиз – техника-технологиямиз, илм-маърифатимиз, салоҳиятимизни ўстирмаганимиз учун! Техника-технологиямиз, илм-маърифатимиз, салоҳиятимизни ўстирмаганимизнинг ҳам объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Яъни, тараққиётга эришиш учун икки нарса – маблағ ва уни оқилона сарфлай оладиган ақл керак.

Лекин тушкунликка тушишга ўрин йўқ. Нега?

Чунки Туркия ёки Жанубий Кореянинг 50 йил аввалги аҳволи ҳам ҳавас қиларли даражада эмас эди. Ўтган ана шу ярим аср кўп мамлакатлар, жумладан, ана шу икки давлат учун иқтисодий-ижтимоий сакрашлар даври бўлди. Демак, дунёда тез суръатлар билан ўсишнинг намунаси кўп. Бунинг механизмлари ҳеч кимга сир ҳам эмас. Бизнинг бош мақсадимиз ана шу механизмлардан максимал даражада фойдаланиб, иқтисодий тараққиётга эришишдан иборат.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ва халқ олдига қўяётган бош вазифа – шу, яъни тезроқ миллий юксалишга эришиш. Давлатимиз раҳбарининг оташинлиги, ёниб-куйиши, бир минтақага эмас, айнан бир туманга йилига икки марталаб бориши, берилган топшириқларни назорат қилиши, амалга оширилаётган ишларни ўз кўзлари билан кўришга шошилаётгани, мамлакатдаги аҳволни ўнглаш учун кунига бир нечалаб фармон, қарор ва фармойиш чиқараётгани, ҳаммани Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги учун ишлашга ундаётгани, ватанпарварлик, фидойилик, яратувчанликка даъват қилаётгани – шундан.

Яқинда мамлакатимизда жорий йилнинг биринчи ярми якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ана шу давр мобайнида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 5,8 фоиз ошгани қайд этилди. Демак, агар йил охиригача шу кўрсаткич сақлаб қолинса, йиллик ялпи ички маҳсулотнинг киши бошига тақсимоти бу йил 1,5 доллар эмас, 1 минг 587 долларга етади. Бу 2018 йилдагига қараганда бу йил киши бошига 87 доллар кўп маҳсулот чиқарилиши мумкинлигини англатади. Келинг, 1 долларни айтинг. Ахир, 1 долларни аҳоли сонига кўпайтирсангиз, 33,5 миллион доллар бўлади-да. Демак, бу йил ўтган йилгига нисбатан 2 миллиард 871 миллион доллар кўп маҳсулот чиқарган бўламиз.

Биз аграр давлат эдик. Асосан хомашё сотар эдик. Ҳолбуки, хомашёсини саноат усулида қайта ишламаган мамлакат ривожланмайди. Биз истиқлол йилларида индустриал давлатга айланаяпмиз. Яъни, ишлаб чиқаришда саноатнинг улуши йил сайин ортиб бораётир. Буни жорий йилнинг биринчи ярмида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоиз ўсгани ҳам тасдиқлаб турибди.

Маҳсулот бултургидан кўпайиши учун тараққиётнинг ё интенсив, ё экстенсив йўли қўлланиши керак. Масалан, бултур экилмай ётган янги ерларга экин экиш, яъни ишлаб чиқариш майдонини кенгайтириш экстенсив йўл ҳисобланади. Ер ўша-ўша бўлса-ю, биз ишлаб чиқариш технологиясини, яъни меҳнат сифатини – унумдорлигини ошириш эвазига бу йил бултургидан кўп маҳсулот олсак, бу “интенсив йўл” дейилади. “Меҳнат унумдорлиги” дегани – кам куч сарфлаб, кўп маҳсулот етиштириш, дегани. Бунга эса фақат ва фақат илм-фан кучи билан, яъни техника-технологияларни такомиллаштириш орқали эришилади. Бироқ бир нарса аниқ исботланган: экстенсив усулнинг имкониятлари доимо чекланган бўлади. Интенсив йўл билан ривожланишнинг эса чек-чегараси йўқ.

Ҳамма вақт мамлакатда экспортнинг улуши импортдан кўп бўлса, ютилади. Экспорт – четга товар сотиш, импорт эса, аксинча, четдан товар сотиб олиш эканини биламиз. Четга сотилган товар фойда келтиради. Лекин гап нимани сотишда.

Қолоқ, яъни саноати, ишлаб чиқаришнинг фойда келтирувчи бошқа соҳалари, хизмат кўрсатиш етарли даражада ривожланмаган мамлакатлар четга хомашё сотишини айтиб ўтдик. Лекин экспортнинг нархи хомашё сотишдан ҳам пастроқ тури бор. Бу – ишчи кучини сотиш. Қолоқ мамлакатлар одамнинг ўзини экспорт қилади. Яъни, бир мамлакат халқи бола туғиб, улғайтиради, энди кучга кирган, қўлидан иш келадиган маҳалда уни чет мамлакатга ишлаш учун жўнатади. Бошқача айтганда, 18-20 йил машаққат чекиб, ўзга давлат учун таппа-тайёр иш кучи етиштириб беради. Бу мигрантлар топаётган даромаднинг асосий қисми ўз Ватанига қайтади, албатта. Шунинг орқасидан кўп-кўп оилалар кун кўради. Кимлардир айнан шу маблағ эвазига ўзимизда уй-жой тиклайди, машина олади, ўғил уйлантиради, қиз узатади ва ҳоказо.

Албатта, ҳар бир шахснинг ихтиёри ўзида. Ишлаш учун одамлар энди бир ҳудуддан иккинчисига, ҳатто бир мамлакатдан иккинчисига боравериши ҳеч гап эмас. Шунинг учун меҳнат миграцияси иккига – ички ва ташқи миграцияга бўлинади. Одамлар агарда мамлакатнинг бир ҳудудидан иккинчисига яшаш ёки ишлаш учун борса, “ички миграция”, бир давлатдан иккинчи давлатга яшаш ёки ишлаш учун чиқиб кетса, бунга “ташқи миграция” дейилади. Бозор иқтисодиёти шароитида буларнинг иккаласи ҳам жадаллашади. Бу – табиий жараён.

Ташқи миграция икки давлат учун ҳам қатор муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Мигрантларни қабул қилган давлат учун бу аҳолини жойлаштириш, уларни бошқариш, ўзида амалда бўлган қонунлар асосида яшашга ўргатиш, мигрантлар яшайдиган жойларда санитария-гигиена тартиб-қоидаларига амал қилишга эришиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳоказо кўп-кўп масалаларни ҳал этиш шулар жумласидандир.

Энг ёмони, ўзга давлатдан келган аҳоли ўзи билан бирга дунёқарашини ҳам олиб ўтади. Бу дунёқараш орқали ижобий жиҳатлар юқса, хўп-хўп, аммо ижтимоий ҳаётга салбий тарафлар ҳам тарқала бошлайди.

Бир мисол. Шўро давлати таназзулга учраганидан кейин собиқ иттифоқдаги грекларнинг ўз Ватанига кўчиб кетиши, Греция фуқаролигини олиши жуда қулай бўлди. Греция фуқароларининг греклар яшайдиган бошқа бир давлат – Қибрис, яъни Кипрга кўчиб бориб, ўша давлат фуқаролигини қабул қилиши учун йўл очиб қўйилган. Аксар шўро греклари Қибрисга кўчди. Қибрис – Ўрта Ер денгизидаги бир орол. Бу ерда асрлар мобайнида эришилган бир маънавий бойлик шу эдики, мамлакатда ўғрилик йўқ даражада эди. Собиқ иттифоқдан кўчиб борган греклар Қибрисда ўғриликни пайдо қилди.

Аҳолисининг бир қисми меҳнат қилиш учун бошқа мамлакатларга чиқиб кетган давлат учун ҳам бирмунча муаммолар туғилади.

Аввало, тайёр ишчи кучи чиқиб кетади, ундан келадиган фойда бошқа давлатга ўтади. Чунки дунёнинг энг катта бойлиги – инсон, унинг меҳнати. Қолаверса, оила мустаҳкамлигига путур етади. Болалар тирик етимдек ўсишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, четга ишлаш учун кетган аҳолининг ижтимоий ҳимоясини, яъни ҳаёти хавфсизлигини таъминлашни бу ердан туриб кафолатлашнинг деярли имкони бўлмайди.

Яна бир муаммо шуки, хорижда ишлаб, пул топиб келаётганлар бизда бозорнинг мўътадиллигини бузади. Биздаги нарх-наво биздаги меҳнатга ҳақ тўлаш даражаси ва тизимига, четдаги нарх-наво эса ўша давлат тўловларига мос. Мигрантлар четда ишлаб топган пулини бу ёққа олиб келиб сарфласа, табиийки, бу бизда нарх-навонинг сунъий равишда кўтарилишига сабаб бўлади. Бунинг инфляцияга ҳам салбий таъсири борлиги аниқ. Тўғри, иқтисодий даражаси биздан юқори бўлган кўпгина хорижий давлатларда меҳнатга кўпроқ ҳақ тўланади. Лекин уларда яшашнинг ўзи ҳам қиммат, хусусан, озиқ-овқат нархи биздагига нисбатан жуда баланд. Ҳатто баъзи давлатларда еб-ичиш учун биздагидан ўн-ўн беш баробар кўп пул сарфлашга тўғри келади.

Энг ёмони, четда ишлаб келаётганларнинг дунёқараши ўзгаряпти. Айниқса, биздан четга чиқаётган мигрантларнинг катта қисмини ёшлар ташкил қилишини, бу тоифа фуқаролар ҳар хил таъсирларга берилувчан бўлишини ўйласак, мазкур муаммонинг қанчалар хавф туғдиришини тасаввур қилишимиз осон бўлади. Айтайлик, кўп қаватли уйда турасиз. Бир йўлакдан бир нечта оила аъзолари кириб чиқади. Йўлагимиздаги хонадонларнинг бирига янги оила кўчиб келди. Шу оиладаги йигитча жуда хушмуомала, серсалом чиқди, дейлик. Лекин кейинги пайтлар у, негадир, салом бермай ўтиб кетаверадиган одат чиқарди. Ҳамма ҳайрон. Кейин маълум бўлишича, салом берадиган Ҳасан, салом бермайдигани Ҳусан экан. Ҳусан Россияда бир неча йил ишлаб қайтибди. Бир йўлакда яшайдиган қўшниларга салом бериш кераклиги унинг ёди-хаёлида ҳам йўқ. У бундай ўзбекона юксак маънавиятимизни аллақачон унутиб бўлган. Бу-ку – бир салом экан. Мабодо, ўша хорижда меҳнат қилаётган ёшларимиз маънавиятимиз, миллий тийнатимизга қарши бўлган ёт ғоялар таъсирига тушиб, заҳарланиб қайтаётган бўлса-чи?! Телевидение бир кўрсатувда намойиш этди – Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик айрим йигитлар интернет орқали исломни ўзига паноҳ қилиб олган Суриядаги террорчи жиноий гуруҳларга қўшилибди.

Ривожланишни мақсад қилган давлат импортни камайтириб, экспортни кўпайтириши лозим. Экспорт қилинган товар мамлакатга кўпроқ фойда олиб келади. Аввало, товар учун янги бозор пайдо қилинади. Қолаверса, четга чиқарилаётган товар ўзимиздаги бозор нархига нисбатан қимматроқ сотилади. Бу ҳозирги пайтда дунё учун сир эмас. Ҳамма шунга интилади. Яхши, лекин, энди аввал экспорт учун бозор топиш, шунга лойиқ маҳсулот ишлаб чиқариш керак-да.

Мигрантдан, аввало, хорижий мамлакат фойда кўради. Чет элликларга ўзларининг фуқароларига бериладиган даражада ҳақ тўламайди. Қолаверса, бегона мамлакат мигрантнинг уй-жойи, саломатлиги, ижтимоий ҳимояси, тақдири учун бутунлай, яъни ҳамма вақт ҳам масъул эмас. Бундан ташқари, мигрантнинг ўша давлатга келтирган фойдаси – унга берилган меҳнат ҳақидан бир неча баробар юқори. Бу мигрантлар қурган уй, йўл, кўприк, завод, фабрикалар ўша давлатда қолади, йиллаб улар равнақи учун хизмат қилади-да. Асосий фойдани мигрантларни қабул қилган давлат кўради.

Агар мамлакат тараққий этса, табиийки, янги-янги иш ўринлари юзага келади. Иш ўринлари кўпайса, ўз-ўзидан, ёшлар иш излаб, хорижга боришига ҳожат қолмайди, лоақал, четга ишлаш учун кетаётганлар сони кескин камаяди.

Кимки бугун юртимиздаги жадал ривожланишни кўрмаётган бўлса, очиғи, нонкўрлик қилган бўлади.

Кейинги йилларда биз мамлакатимизни қурилиш майдонига айлантирдик. Амалда барча минтақа ва ҳудудларимизда қад ростлаётган уй-жойлар, завод-фабрикалар, маданий-маиший бинолар, спорт иншоотлари, барпо этилаётган интенсив боғлар, йўллар, кўприклар кўнглида Ватан туйғуси бор ҳар бир фуқарони ғурурлантиради, қалбида ҳаётга ўчлик, умидворлик, шукроналик ҳиссини жўш урдиртиради.

Бугун давлатимиз ва халқимиз олдида турган бирламчи масала – тезроқ ривожланган мамлакатлар сафидан ўрин олиш. Бунга ҳамма интилиши, тиришиши, шу умумишга ҳисса қўшиши керак.

Бу ёғи – энди маънавий, ғоявий, борингки, мафкуравий масала.

Жамият ҳаётини шартли равишда учга – сиёсат, иқтисод ва маънавиятга бўлиш мумкин. Булар – бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалар. Давлат ва халқ буларсиз яшай олмайди. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида изчил амалга ошириб келинаётган ислоҳотларимиз ҳам ана шу уч йўналишда давом этаяпти.

Бироқ маънавий ислоҳотларнинг ўрни ва аҳамияти устунлик қилади. Чунки сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг тақдири ҳам бевосита айнан кишилар онг-тафаккури, дунёқараши, салоҳияти, ғояси, мафкураси, лўнда қилиб айтганда, маънавиятига бориб тақалади.

Жамият ҳамиша турли-туман тоифалар бирлигидан иборат бўлади. Беш қўл баробар эмас, албатта.

Эл орасида юриб, айрим кузатганларимни ўйласам, хафа ҳам бўлиб кетаман. Каминани баъзи бировларнинг ана шу эзгуликка йўғрилган жараёнларга бефарқлиги, бундан узилиб қолганлиги, буни ич-ичидан ҳис қилолмаётгани, ҳаттоки, кўзи билан кўриб турган ишларни инкор этаётгани ташвишга солади.

Нонни увол қилган одамни кўрсак, унинг умри бино бўлиб бир дона буғдой экиб, ундириб, донга айлантириб, уни сомондан ажратиб, тегирмонда тортиб, ун қилиб, хамир қориб, етилтириб, тандирни қиздириб, унга ёпиб, пиширмаганини таъна қиламиз.

Бугун айнан қандай кишилар мамлакатда кечаётган ижобий ўзгаришлар жараёнига қўшила олмаяпти?

Биринчи навбатда – ишсизлар. Шўро давридан, фуқаро учун иш жойини давлат яратиб беради, деган хато тасаввур қаттиқ ўрнашиб қолган. Ҳолбуки, бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқаришда давлатнинг улуши камайгандан камайиб боради. Фуқаролар ўзига ўзи иш топиши, янги-янги иш жойлари барпо этиб кетавериши керак. Албатта, давлат бунга йўл очиб, қулай шароитлар яратиб беради.

Яна бир тоифа бор. На газета ёки журнал ўқийди, на радио эшитади, на телевизор кўради. Қўлида – телефон. Овқат еяётганида ҳам икки кўзи ана ўша тумтумагида. Титкилагани-титкилаган. Интернетга кириб, ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни саралаб-сараламай “ҳазм” қилаверади. Ижтимоий тармоқларда эса нималар ёзилмаяпти, дейсиз. Шундай қулай оммавий ахборот воситасидан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган кучлар кам, деб ўйлайсизми?! Уларнинг аксарияти айнан сувни лойқалатиб, балиқ тутишдан, яъни мамлакатимиз аҳолисининг онг-тафаккурини булғашдан, уларни асл мақсаддан чалғитишдан, энг ёмони, давлат билан халқ ўртасига ишончсизлик чўғини ташлаб қўйишдан жуда-жуда манфаатдор.

Ғаразли гуруҳларнинг давлатимиз сиёсатига бундай ёндашуви – худди футболда алдаб ўтаётган ўйинчини чалиб йиқитишдек гап. Чалиб йиқитишда эса қоида бузилган ҳисобланади ва йиқитган команда жарима тўпи билан жазоланади. Чунки футболда ҳам, сиёсатда ҳам ғирром ўйинга йўл йўқ. Бундай ёндашувнинг номи “иғво” дейилади. Аммо, минг афсуски, кимлардир ана шу иғвога учади-да.

Очиғи, бир шаҳарда туриб иккинчи бир шаҳар харитаси билан юриб бўлмагани сингари, бир мамлакатда истиқомат қилиб, иккинчи бир мамлакат мафкуравий-ахборий майдони билан яшашнинг асло имкони йўқ. Оқибат нима бўлади? Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинганидан 30 йил ўтганидан кейин ҳам яна кимлардир: “Ўзбекистон Республикаси деган мустақил мамлакатда рус тили давлат тили бўлиши керак”, – деб ёзиб чиқа бошлайди. Ҳолбуки, бу гапдан миллат сифатида дунё олдида уялишимиз керак.

Шўро даврида устозимиз, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ғайбулла ас-Салом: “Яҳудийлар ўлик тилини тирилтирди, биз тирик тилимизни ўлдиряпмиз. Ўзбек бўл – яҳудий бўл!” – деб ёзган эдилар. Мана, ўша тирик тилини ўлдирганлар авлодлари бугунга келиб тап-тайёр давлат тилидан воз кечиб, бошқа бир давлат халқининг тилини давлат тили сифатида ўрнатишни ёқлаб чиқяпти-я, қаранг. Баъзан: “Ҳали ҳам ўзбек бўлиб улгурмадикмикан, нима бало?” – деган ёмон ўй ҳам кечади кўнгилдан.

Яна бир тоифа пайдо бўлган. Бундайлар давлат нима янгиликни амалга оширса, уни тескари талқин қилишга уринади. Шунақа мафуравий касаллик бор, чамамда. Оқни “қора”деб турсанг, ҳамма сенга қарайди-да. Масалан, давлат бир йилда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида солиқ тўлаб борган фуқарога бир йиллик меҳнат стажи ҳисобланишини жорий этди. Чунки бу эртага ўша фуқаронинг пенсияга чиқиши учун жуда-жуда асқотади. Чунки бизда пенсияга чиқиш учун хотин-қизларга 20, эркакларга 25 йиллик стаж керак. Бир даврада бир фуқаро шуни ҳам бошқача талқин қилиб ўтирганига гувоҳ бўлдим: “Ана, давлат ана шу бир фуқаронинг бир энг кам иш ҳақини тўлаб қўйишидан ҳам молиявий манфаатдор”, деди у.

Одамзоднинг феъли шуки, кимдир фикрни чайнаб берса, уни чайнамай ютади. Бу гапни эшитганлар орасидан камдан-ками эътироз қилади. Оқибатда хато, ҳатто давлатга қарши, иғвогарона, эскича атама билан ифодалаганда, провокацион ғоя эл-улус орасида тарқала бошлайди. Энди ким уйма-уй юриб, шу даврада бу гапни эшитганларга тўғри гапни айтиб чиқади? Ҳеч ким.

Ҳолбуки, бугун уйида мол боқиб, томорқасида деҳқончилик қилиб ёки, борингки, мардикорчилик билан кун кечираётган фуқаролар ҳаш-паш дегунча пенсия ёшига бориб қолади. Ахир, ўшанда жамият учун пенсия олмайдиган бу кекса фуқаролар жуда катта бошоғриғи бўлиши мумкин. Бугун пичоғи мой устида бўлиб турган киши ҳам эртага – пенсия ёшига етганида бир сўмга зор бўлиб қолиши мумкин. Ҳаётда бунақаларни кўриб турибмиз. Давлат шуни ўйлаяпти. Йўқ-да, бундай иғвогарона фикр эгалари наздида давлатнинг бугунги раҳбарлари учун бундан 40-45 йил кейинги муаммонинг қизиғи йўқ эмиш.

Қарийб бир ярим аср мобайнида давлат бўлиб кўрмаганмиз-да. Ҳақиқий давлат халқининг бундан юз, икки юз, уч юз йил... кейинги аҳволини ҳам ўйлайди. Ўйлаши керак. Ўйлашга мажбур.

Мавзу бир нозик сиримни ошкор қилишга ундаяпти. Қаердаки мадҳиямиз янграса, қай гўшада Ўзбекистон Республикаси байроғи ҳилпираганини кўрсам, қачонки ўзбекона карнай-сурнай наволари янграса, ҳавода самолёт Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келса... кўзларимда беихтиёр ёш айланади. Дарҳол яширишга ҳаракат қиламан. Бировлар устимдан кулмасин, дейман.

Бу йил жавзо ойини Туркияда ўтказишга тўғри келди. У ерда каминага ўхшаганлар жуда кўп экан.

Футбол бўйича Туркия терма жамоаси Франция дарвозасига тўп киритганини телевизор орқали томоша қилиб турган туркияликларнинг кўпи йиғлаб юборганига гувоҳ бўлдим. Бу миллий туйғуни ҳеч ким чеклай олмайди, ахир.

Ҳар қандай мамлакат тарихи даврларга бўлиб ўрганилади. Шундан келиб чиқсак, истиқлолимизнинг дастлабки чорак асрини “миллий тикланиш даври” деб аташ мумкин. Бундан бу ёғига эса “миллий юксалиш даври” бошланди.

Кимки бунга ишонмаса, лоақал ўттиз йилдан буён ўйдим-чуқур бўлиб кетган кўчасига – эшигининг олдигача асфальт ётқизилганига, янги-янги шаҳарлар, қишлоқлар, маҳаллалар бўй чўзаётганига, равон йўллар қурилаётганига, айрим соҳалар бўйича ойлик маошлар муттасил ошириб борилаёганига, жисмоний шахслардан олинадиган ўтган йилги 23,5 фоизлик максимал солиқдан бу йил ҳамма жисмоний шахслар учун бир хил – 12 фоизли ставка жорий этилганига, шунинг ўзидан ҳам даромадимиз анча ошганига, ишлаётган пенсионерларнинг пенсияси тўлиқ берилаётганига, пластик карточкадаги пулларимизни банкоматларда эмин-эркин нақд пулга айлантириб олаётганимизга, сўмимизга доллар, долларимизга сўм, кредитга уйлар, автомобиллар сотиб олаётганимизга... шукрона қилсин.

Яна бир ҳақиқатни очиқ айтиш пайти келди. Бозор иқтисодиёти шароитида меҳнатга лаёқатли ҳар бир фуқаро ўнгланиб ололмаган бўлса, билингки, у ўзини, оиласинигина эмас, бутун мамлакатни орқага тортган бўлади.

Чунки миллий юксалиш мамлакат аҳлининг мисқоллаб йиғилган меҳнати натижаси сифатидагина юз беради.

Демак: “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари!” деган ғоя бугун ҳаммамизнинг мақсадимиз, яъни миллий шиоримиз бўлиши зарур.

Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.