Меҳнат ярмаркалари аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда
Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ташаббуси билан ташкил этилган ярмаркада ҳудуддаги 32 корхона, ташкилот ва муассаса 205 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ташаббуси билан ташкил этилган ярмаркада ҳудуддаги 32 корхона, ташкилот ва муассаса 205 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Меҳнат ярмаркасида иштирок этган 96 нафар ишсиз фуқародан 19 нафарига турли бўш иш ўринлари учун йўлланма берилди, 25 нафари эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Яна 2 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун субсидия ажратилди. 50 нафар фуқарога эса маслаҳат берилди.
Ҳудди шундай меҳнат ярмаркаси вилоятнинг Тошкент туманида ҳам ташкил этилиб, унда туманда фаолият юритувчи 45 корхона ва ташкилот 1 минг 114 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Ярмаркада 350 нафардан ортиқ иштирокчиларнинг 255 нафарига маслаҳат берилган бўлса, 65 нафарига ишга кириш, 2 нафарига касбга ўқитиш марказига ва яна 15 нафарига жамоат ишларида ишлаш учун йўлланма берилди.
Шунингдек, 5 нафар ишсиз фуқарога кредит олиш учун тавсия берилиб, банкларга йўналтирилди.
Маълумотларга кўра, айни кунларда вилоятнинг барча ҳудудларида ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган меҳнат ярмаркалари ўтказилмоқда.